«Бундай юксак ишончни, албатта, оқлаймиз!»
  • 15 Февраль 2017

«Бундай юксак ишончни, албатта, оқлаймиз!»

Астойдил қилинган меҳнат, албатта, ўз мевасини беради. Бинобарин, бугун “Инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбидан мустаҳкам жой олиб, уларни Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш, рўй бераётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундамоқда.

Айни пайтда миллий маданият ва  санъатимизни равнақ топтириш, унинг ўзига хос мактаб ҳамда анъаналарини ривожлантириш йўлида кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлик халқимиз, айниқса, навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, истиқлол йилларида маънавий-маърифий жабҳаларда эришган ютуқларимизни жаҳонга намоён этишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бу ҳақда кеча пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган “Эътироф — 2016” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида алоҳида таъкидланди.

Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирга маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи ҳамда шоирлар, кино, театр, мусиқа ва рақс, тасвирий санъат соҳаси фидойилари, спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, устоз-мураббийлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Миллий ўзликни англаш, ўғил-қизларимизни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб камолга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Мустақиллик йилларида миллий маданиятимиз, -санъатимиз, бадиий ижод, спорт, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида пухта ўйланган тизим яратилди. Жаҳон андозалари талабларига тўлиқ жавоб берувчи маданият ҳамда санъат, илм-маърифат масканлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, соғломлаштириш мажмуалари, театр бинолари ёшларни эзгу фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар онгида она-Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат, анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш имконини бермоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёшларнинг бадиий диди ва тафаккурини юксалтириш, истеъдод ҳамда қобилиятини кашф этишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир. 

2016 йил ҳам мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида унутилмас воқеаларга бой бўлди. Юртимизнинг барча ҳудудида муҳташам маданият саройлари, янги-янги истироҳат боғлари, болалар мусиқа ва санъат, спорт мактаблари қуриб фойдаланишга топширилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, эл ардоғидаги ижодкорнинг хотирасини абадийлаштириш борасида ибратли ишлар амалга оширилди. 

“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали, Универсиада спорт ўйинлари ўтказилди. “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Она юрт оҳанглари” каби танловлар Ўзбекистон санъати равнақ топиб бораётганини яна бир карра намоён этиб, мусиқа ихлосмандларида катта таассурот уйғотди. “Камалак юлдузлари”, “Юрт келажаги” сингари ижодий лойиҳалар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги истеъдодли ёшларнинг ижоди билан яқиндан танишиш, уларнинг орзуларига қанот бағишлаш, фаолиятини кенг жамоатчиликка таништиришда муҳим ўринга эга бўлди. Юртимизнинг кўплаб иқтидорли ёшлари нуфузли халқаро мусиқа танловларида совринли ўринларни қўлга киритди.  

2016 йил мамлакатимиз спортчилари тарихий аҳамиятга эга ғалабаларга эришишди. Айниқса, Рио-де-Жанейрода ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси барчамизга олам-олам қувонч бағишлади. Бу бежиз эмас. Эътибор беринг: ана шу Олимпиада ўйинларида дунёнинг 206 мамлакатидан 11 минг нафардан зиёд атлетлар қатнашган бўлса, 119 мамлакатдан бирорта ҳам вакил совриндорлар қаторидан жой ололмади. 59 давлат вакилигина олтин медалларга эгалик қилишни уддалади. “Рио — 2016” якунлари бўйича спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 21-поғонани банд этди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Қозоғистон, Колумбия, Швейцария, Эрон, Греция, Аргентина, Дания, Швеция, Жанубий Африка Республикаси каби кўплаб давлатларни ортда қолдирди. Умуман, 13 медални қўлга киритган Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲ мамлакатлари ўртасида иккинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади. Шунинг ўзиёқ юртдошларимизнинг ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларида эришган ютуқлари салмоғи нақадар юқори эканлигини яққол кўрсатади. 

Тарихий муваффақиятга Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров (бокс), Руслан Нурудинов (оғир атлетика) олтин, Шаҳрам ўиёсов, Бектемир Мелиқўзиев (бокс) кумуш, Муроджон Аҳмадалиев, Рустам Тўлаганов (бокс), Элмурод Тасмуродов (юнон-рум кураши), Ихтиёр Наврўзов, Магамед Ибрагимов (эркин кураш) бронза медаль билан катта ҳисса қўшди.

— Мамлакатимизда инсон манфаатларига устувор аҳамият қаратилиб, фан, таълим, маданият ва санъат, бадиий ижод, спорт соҳаларининг ривожи учун чексиз имконият ҳамда шароитлар яратилгани бизни ғалабалар сари илҳомлантираверади, — дейди “Эътироф — 2016” мукофотининг “Йил спортчиси” номинацияси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов. — Бундай юксак эътибор ва ишончни, албатта, оқлаймиз. Чунки ушбу рағбат бизни юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асраб-авайлаш, истиқлол неъматларини кўз қорачиғидек ардоқлашга руҳлантиради.

Тадбирда 49 та номинация бўйича ғолибларга диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғалар топширилди. 

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.

М. ЎРОҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn