Ватан ва истиқлол куйчиси
  • 26 Апрель 2014

Ватан ва истиқлол куйчиси

Соғлом ва мустақил фикрга эга, ҳар жиҳатдан баркамол инсонни тарбиялаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларни эзгу ғоялар руҳида камол топтиришда миллий адабиётимизнинг ўрни ва аҳамияти катта.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бадиий адабиётни равнақ топтириш, бу йўлда фидокорона меҳнат қилган ижодкорлар меҳнатини қадрлаш, марҳум ижодкорлар хотирасини эъзозлаш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф жўшқин ва серқирра ижодий фаолияти, жонажон Ватанимиз, мустақиллигимиз, меҳнатсевар халқимизни мадҳ этувчи шеърлари билан адабиёт мухлисларининг ардоғига сазовор бўлган ҳассос ижодкорлардан эди.
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Ватан ва истиқлол куйчиси таваллудининг 60 йиллиги кенг нишонланмоқда. Таълим даргоҳлари, корхона ва ташкилотлар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда, ҳарбий қисмларда шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган адабий учрашувлар, анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар, адабиёт кунлари бўлиб ўтмоқда.
«Туркистон» саройида 25 апрель куни Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Ж. Қосимов, Ўзбекистон халқ артисти А. Рафиқов Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий маънавиятимизнинг узвий ва муҳим қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори бадиий сўз санъати, унинг ривожи йўлида меҳнати сингган ижодкорлар хотирасини ардоқлаш борасида кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир.
Муҳаммад Юсуф халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшган.
Унинг истиқлолимизга садоқат, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини маҳорат билан тараннум этган шеърлари, достонлари адабиёт мухлислари, бутун халқимизнинг кўнгил мулкига айланган.
Муҳаммад Юсуфнинг «Таниш тераклар», «Ишқ кемаси», «Эрка кийик», «Ўзингдан қўймасин, халқим» каби шеърий тўпламлари адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган. Унинг Ўзбекистонимизни, меҳридарё халқимизни, беғубор ва самимий туйғуларни тараннум этувчи шеърлари асосида яратилган қўшиқлар санъат мухлислари қалбидан жой олган.
Шоирнинг адабиётимиз равнақи йўлидаги меҳнатлари муносиб тақдирланган. Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонлари билан Муҳаммад Юсуф «Дўстлик» ордени, Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони билан мукофотланган эди.
Давлатимиз раҳбари қарори билан шоирнинг олтмиш йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда кино ижодкорларимиз томонидан унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида шоирнинг «Сайланма» асарлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Адиб» нашриётида «Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида» тўплами чоп этилди. Шоир таҳсил олган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида унинг ибратли фаолиятига бағишланган музей хонаси ташкил этилди. Мазкур университет талабалари томонидан шоирнинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилди.
Ижодий кечада Муҳаммад Юсуфнинг умр йўлдоши Назира Саломова юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Истиқлол барча қалам аҳли сингари Муҳаммад аканинг ҳам эркин ва самарали ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратди, — дейди Н. Саломова. — Давлатимиз раҳбари томонидан унинг меҳнатлари юксак эътироф этилиб, хотирасини эъзозлаш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан бошимиз кўкка етди.
Адабий кечада ҳассос шоир ҳаёти ва фаолиятига оид янги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Концерт дастурида шоир шеърлари билан айтиладиган ашулалар янгради.
Ижодий кечада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов иштирок этди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф яшаган пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Пушкин-Солор кўчасидаги 1-уйда шоир хотирасига бағишлаб ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
Халқимизнинг ардоқли шоири хотирасига бағишланган ижодий кечалар, маърифий анжуманлар, мушоиралар давом этмоқда.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.
Отабек МИРСОАТОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn