Ижтимоий ҳимоянинг ҳаётий ифодаси
  • 07 Февраль 2017

Ижтимоий ҳимоянинг ҳаётий ифодаси

Давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини изчил ва босқичма-босқич юксалтиришга қаратилган. Бу борадаги эзгу мақсадлар рўёби эса аҳолининг харид қобилияти ошиб бориши билан ҳам белгиланади.

Шу маънода, мамлакатимиз фуқаролари Президентимизнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини яна бир ҳаётбахш ҳужжат сифатида эътироф этишмоқда.

Абдулла МУҚИМОВ, Узун тумани марказий шифохонасининг Хонжиза ҳудудий бўлими бошлиғи: 

— Юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасидаги эзгу ишлар қизғин давом эттирилаяпти. Бевосита давлатимиз раҳбарининг ўзи жойларда хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганмоқда. Уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутаяпти. Катта-кичик раҳбар ва мутасаддилар ҳам бу эзгу ташаббус ортидан эрга-шмоқда. Муҳими, шу асосда мавжуд ҳолатларга танқидий баҳо берилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Шулардан бири иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир бўлди. 

Бу қарордан кўплаб юртдошларимиз қатори, биз, тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам жуда мамнун бўлдик. Энди ойлик маошимизни тўлиқ нақд шаклда оламиз. Узоқ йўл босиб, туман марказига боришимизга ҳожат қолмади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг чекка ҳудудларга ҳам бирдек кириб бораётгани, ҳатто шундай манзилларда яшовчи аҳоли турмуш шароитини яхшилашга устувор аҳамият қаратилаётганини англатади. 

Исмоил МАТЖАНОВ, пенсионер (Нукус шаҳри):

— Кейинги йилларда нафақа, стипендия, ойлик маошларнинг аксарият ҳолларда тўлиқ пластик карточкаларга ўтказилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Президентимизга раҳмат, бундай ҳолатлар барҳам топадиган бўлди. Энди пенсиямиз тўлалигича нақд пулда берилади. У ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланади. Умуман, қарорда кўрсатилган вазифалар ижроси пенсионер, талабалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида қулай шароит яратади. Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида харид қилинадиган товар ҳамда хизматлар учун тўловлар тўсиқ ва чекловларсиз амалга оширилади. Бу эса, табиийки, юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги  эзгу ишларнинг яна бир кўриниши сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn