Амалий ва очиқ мулоқотлар инсон манфаатларига хизмат қилади
  • 07 Февраль 2017

Амалий ва очиқ мулоқотлар инсон манфаатларига хизмат қилади

Жорий йил 6 февраль куни халқ депутатлари Қўшкўпир тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Туман Кенгаши депутатлари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини муҳокама қилдилар.

Селектор тарзида ўтказилган йиғилишда Хоразм вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вилоят ҳамда туман мутасаддилари, тумандаги бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан тумандаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг зиммасидаги вазифаларни қай даражада адо этаётганини аҳоли билан ўтказилган бевосита мулоқотлар чоғида ўрганиш натижалари танқидий руҳда батафсил кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида бир қатор ташкилий ҳамда амалий ишлар бажарилган. Президентимиз томонидан аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф қилиш, тараққиётимизни тезлаштиришга қаратилган, хусусан, 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда у билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига етказишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Натижада 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, туманда тадбиркорлик субъектларининг сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 120,5 фоиз, шу жумладан, оилавий тадбиркорлар сони 130,5 фоиз ўсган. Тижорат банклари томонидан ишбилармонларга кредит маблағлари ажратилишига эътибор кучайтирилган. Туман прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, давлат солиқ идораларининг 12 нафар ходимига нисбатан интизомий, 3 нафар ходимига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Шу билан бирга, ўрганиш натижалари туманда ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг ер ажратиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари асоссиз бузилаётганлиги, улар фаолиятини самарали ташкил этишда электр ва газ таъминотидаги муаммолар ҳамон тўсиқ бўлаётганлиги кузатилмоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тумандаги мутасадди идоралар ишининг самарадорлиги кўнгилдагидек эмас. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда юзакичиликка йўл қўйилаяпти.

Фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш борасида мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни малакали тиббий ходимлар ва зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаш лозимлиги билдирилди.

Туманда, бор-йўғи, 1817 нафар мактабгача ёшдаги болалар ёки жами болаларнинг 10 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу ишга мутасадди бўлган идоралар раҳбарларининг лоқайдлиги танқид остига олинди.

Шунингдек, туманда аҳолига савдо ҳамда маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражаси замон талабларидан орқада қолмоқда. Жумладан, туман электр тармоқлари корхонасида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш етарли даражада эмаслиги фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётир. Бундай ҳолатлар газ таъминотида ҳам мавжуд.

Қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида прокуратура, ички ишлар ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг фаолиятини янада жонлантириш лозим.

Халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Хусусан, сессия йиғилишлари тизимли ўтказилмаётгани, масалалар юзаки муҳокама қилинаётгани ва депутатлар ўз фаоллигини янада ошириши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Сессияда сўзга чиққан туман Кенгаши депутати, “Ҳаёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири М. Тиллаева Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари халқ билан бевосита мулоқот асосида жойлардаги ҳақиқий аҳвол ва мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, унинг натижаларини маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга муҳокама этаётгани инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгаш ҳамда унинг депутатлари фаолиятини, айниқса, депутатлик назоратини тубдан кучайтириш лозимлиги ҳақида тўхталди.

Туман Кенгаши депутати, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Г. Султонова йиғилиш иштирокчилари эътиборини Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга қаратди. Хусусан, мазкур ҳужжат фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ечишдаги ролини оширишда, аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари эътиборига етказишда ва жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этишда жамоатчиликнинг роли ва ўрнини оширишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқ вакилларининг бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан мулоқот ўтказаётгани, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти тўғрисида тушунтириш олиб борилаётгани, албатта, депутатлар фаолиятига ва қонун ижодкорлиги жараёнига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлашди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов сўзга чиқди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn