Маҳаллани аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш йўлида
  • 07 Февраль 2017

Маҳаллани аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш йўлида

 

Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг муштарак манфаатларини ифодалайдиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш билан боғлиқ устувор вазифаларни ўзида мужассам этган.

Айни пайтда ушбу ҳужжат юртдошларимиз, жумладан, тизим ходимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Зафар РЎЗИЕВ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари: 

— Юртимизда маҳалла институтини ривожлантириш,  ваколатларини кенгайтириш орқали уни ҳақиқий халқчил идора сифатида шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилаётир. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони шу саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир. Унда маҳалла институтини келгусида янада такомиллаштиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган.

Шунингдек, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратларини шакллантириш вазифалари кўзда тутилган. Шу пайтгача кенгашлар жамоатчилик асосида фаолият юритарди. Эндиликда Республика кенгашига юридик шахс мақоми берилади ҳамда у фуқаролар йиғинлари уюшмаси шаклида ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар ҳудудий кенгашлари Республика кенгаши таркибий тузилмалари сифатида фаолият олиб боради.

Бундан ташқари, Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар раислари биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий тузилмаларига раислик қиладилар. 

Фармон ва у билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастури фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш, давлат ҳамда нодавлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

 

Зоҳид САИДОВ, Қарши шаҳридаги “Рогузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Бугун маҳаллага шунчалик кўп ваколат ва имконият берилмоқдаки, буни бир пайтлар тасаввур этиш қийин эди. Ҳозирги вақтда бу ноёб тузилма томонидан илгари давлат ҳокимияти ваколатида бўлган 30 дан зиёд вазифа адо этилаётир. Муҳими, улар кўлами тобора кенгаймоқда. Шундай вазиятда маҳаллаларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, керак бўлса, зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратиб бериш жуда муҳим.

Фармонда ушбу масала юзасидан ҳаётий ечим ўз ифодасини топган. Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари жорий этилаётир. Йўналишларнинг бу тарзда таснифланиши ҳамда ҳар бири учун янги лавозимнинг жорий этилиши, албатта, иш унуми ва сифатига салмоқли таъсир кўрсатади. 

 

Соҳиба ДАДАЕВА, Оҳангарон туманидаги “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

 — Маҳаллада яшаб турган ҳар бир инсон унинг ривожига масъул ҳамда бундан манфаатдор. Бизнинг маҳалламизда ана шу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб борилаяпти. Турли касб эгалари, ёшу кекса,  давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари маҳалла фаолиятига кенг жалб этилган.

Ушбу ҳужжатда ана шундай фидойи юртдошларимизни рағбатлантириш ва шу орқали фаолиятимизни янада жадаллаштириш ҳам инобатга олинган. Шу ўринда маҳаллаларга яқиндан кўмаклашиб келаётган ташаббускор фуқаролар ҳамда жамоатчилик тузилмалари вакилларига бериладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилишини мамнуният билан айтмоқчиман. Бу, табиийки, маҳаллага холисона маслакдош бўлиб келаётган юртдошларимизни янада фаол бўлишга ундайди.

 

Гулнора МАҲКАМОВА, Олмазор туманидаги “Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Ҳамкорликда ҳикмат кўп, дейдилар. Тарихий ҳужжатда бу масалага алоҳида ўрин берилган. Яъни фуқаролар йиғинлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини кенгайтириш билан боғлиқ йўналишлар назарда тутилган. Айниқса, ёшларни маънан бой, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳоли эҳтиёжманд қатламлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида маҳалланинг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш кўрсатиб ўтилган.

Ўзим фаолият олиб бораётган маҳалла мисолида айтадиган бўлсам, бизда қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аммо қониқарли даражада, дейишга ҳали эрта. Шу маънода, бу ҳужжат ҳамкорлик масаласи билан боғлиқ камчиликларни бартараф қилиш ҳамда пировардида олдимизга қўйган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришимизга замин яратади.

 

Алишер СИПАТДИНОВ, Нукус шаҳридаги “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғинининг Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссияси раиси:    

— Маҳалламиз аҳолисининг 925 нафари ёшлардан иборат. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз. Шу мақсадда ҳудудимизда 2 та замонавий волейбол майдончаси, таэквондо секцияси самарали ишламоқда. Уларга аксарият ўғил-қизлар жалб қилинган. Аммо навқирон авлод тарбияси билан боғлиқ вазифаларимиз ҳали кўп. 

Жамият ҳаётида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга. Фармонда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши биз учун айни муддао бўлди. Ундан келиб чиқиб, фарзандларимизни соғлом этиб тарбиялаш, улар бандлигини таъминлаш ва турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятимизни танқидий кўриб чиқаяпмиз.

 

Норпошша ФАРМОНОВА, Ховос туманидаги “Оқчангал” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда “Шуҳрат” медали соҳибаси:

— Маҳалламизда 4200 нафар киши яшайди. Ҳар куни йиғин идорасига келувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Рости, баъзан ташриф буюрувчилар сафи кенгайганда ёки 20 кишилик йиғилиш ўтказилган пайтларда ноқулай аҳволда қоламиз. Негаки, идорамиз икки хонадан иборат. Шу маънода, 2018 йил 1 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини, 2021 йил 1 декабргача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳа ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), уларни зарур мебель жамламаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан жиҳозлаш аҳолига ҳам, маҳалла фаолларига ҳам қулайлик яратади. 

Умуман, Президентимизнинг ушбу Фармони маҳалла институти нуфузи ва мақомини янада кўтариш ҳамда уни чинакам халқчил тузилма сифатида шакллантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn