Мард ўғлонлар — Ватан таянчи
  • 07 Февраль 2017

Мард ўғлонлар — Ватан таянчи

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик ташкилотлари, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари, ота-оналар қатнашаяпти. 

— Шубҳасиз, мана шундай кунлар ҳар бир ота-она учун ҳаётидаги энг бахтли онлардан бири бўлса керак, — дейди Бухоро вилоятининг Когон туманидан ўғли Абдуллажонни Қуролли Кучлар сафига кузатишга келган Зилола Янгиева. — Ахир фарзандингизнинг камолга етиб, куч-қувватга тўлганини, юрт хизматига шайлигини кўришдан ортиқроқ қувонч борми?! Бундан чексиз фахрдаман. Армия ёшларни мустақил фикрлашга ўргатади, дунёқарашини кенгайтиради, жисмонан чиниқтиради. Муҳими, Ватанга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлайди.

Бугун ўғлимнинг ҳарбий либосни кийиб турганини кўрганимда, шулар хаёлимдан ўтди. Ўз бурчини адо этишга чоғланган йигитларимизнинг бахти шундаки, муддатли ҳарбий хизматни она-юртимизда ўташади. Заминимиз, мусаффо осмонимизни қўриқлашади. Бу шарафли ишда уларга қатъият, шижоат ва матонат тилайман.

Зилола опанинг айтишича, Абдуллажон чуқур билим эгаллаш билан бирга, спортга ҳам алоҳида меҳр қўйган. Бокс бўйича спорт усталигига номзод. У “Дўстлик” ордени соҳиби Равшан Хўжаевдан сабоқ олган.

Ўқиб-ўрганиш, ўз олдига қатъий мақсад қўйиб, унга астойдил интилиш фазилатлари туфайли қоракўллик Жавоҳир Муртазоев ҳам Қуролли Кучларимиз сафига қўшилмоқда.

— Давлат тест маркази синови, тиббий кўрик ва бошқа саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, бугун армияга жўнаб кетаяпман, — дейди у. — Оилада учинчи фарзандман. Акам Жасурбек айни дамда офицер сифатида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилмоқда. Унга ҳавас қилиб, мен ҳам шу йўлни танладим. Ватан олдидаги бурчимни ўтаганимдан кейин мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олиб, офицер бўлмоқчиман.

Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармасининг масъул ходими, майор Акмал Маматовнинг таъкидлашича, муддатли ҳарбий хизматга энг муносиб, деб топилганлар йўл олмоқда. Барча синов натижалари навқирон авлоднинг муддатли ҳарбий хизматга пухта ҳозирлик кўраётганини ифодалаяпти.

...Ҳарбий оркестр садолари остида қисқа ва аниқ буйруқлар янгради. Йигитлар саф тортди. Армияга кузатиш маросими бошланди. Тадбирда сўз олганлар Қуролли Кучларимиздаги ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида фикр юритишди. Ўз бурчини ўташга жўнаб кетаётган йигитларга омад тилашди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn