Одамийликнинг олий мезони
  • 07 Февраль 2017

Одамийликнинг олий мезони

Она Ватанимиз, жондан азиз Ўзбекистонимиз буюк ва муқаддас бир китоб. Истиқлол шарофати билан бу мўътабар китобимиз оламшумул, жаҳоний аҳамият касб этди. Дунёга довруқ солган, Ер юзига донғи кетган улуғ боболаримизнинг тенгсиз асарлари билан ҳам башарият тарихида ўз сўзини айта олган халқмиз. “Авесто” дейсизми, “Алпомиш”ми ёки “Темур тузуклари”ни айтасизми, улуғвор “Хамса” ва ё “Бобурнома”ни мисол келтирасизми — бундай жаҳонгир китобларимизнинг оламшумул саноғи асрлар ҳисобидан ҳам зиёдроқ.

Ватан янглиғ буюк китобга меҳру муҳаббат жисмимизга она сути билан киради, киндик қонимиз бўлиб шу азиз тупроққа томади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртдошларимиз билан бўлаётган ҳар бир мулоқот ва учрашувда китобхонлик ҳамда мутолаа маданияти, ёшлар маънавияти билан таълим-тарбиясига юксак эътибор бераётганининг замирида ҳам айнан Ватанни севиш ва Ватанга муҳаббат туйғуси билан қондошу жондош буюк ҳикмат мужассам.

Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда ҳар кун, ҳар соатда рўй бераётган ўзгаришлару янгиланишлар, хушхабарлар билан эзгу ниятлар суръатига ижод аҳлининг қалами етиб улгуролмаяпти. Халқ ҳамда ҳаёт эҳтиёжи, давр ва замон талаби шундай шиддатни тақозо қилмоқда. Демак, тарихий ҳамда дунёвий бурчига кўра ҳамиша Вақтдан илдамроқ, олдинроқ юрмоғи лозим бўлган қаламкашлар ҳам суръатни замон шиддатига мослаб олмоқлари шарт, деган талаб қўйилаяпти. Адабиёт аҳли яратаётган, ёзадиган асарлар — шеърми, достонми, ҳикоями ёки қиссами — бу ҳам халқ билан мулоқотнинг синалган, қадимий намунасидир. Ёшлар китоб ўқиши, шеър ёдлаши, мунтазам мутолаа билан машғул бўлмоғи учун ижодкор уйғоқ ва бедор бўлиши, давру замон билан ҳамқадам ва ҳамнафас яшамоғи зарур.

Она Ватаннинг ҳар биносию ҳар боғу хиёбони ҳам бир китоб. Истиқлолимизнинг Бош китоби — Мустақиллик майдони. Юртнинг тоғу тошлари, обидаларию йўл-кўприклари, боғу роғлари билан чаман гулзорлари ҳам ўқилиши, мутолаа қилиниши ва албатта, маънавий-тарбиявий аҳамият касб этмоғи керак.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғидаги Шоирлар хиёбонида бир гуруҳ адиблар билан бўлган учрашувда айтган фикр-мулоҳазалари ва таклифлари бевосита ёшларнинг фазлу камоли, китобхонлик ҳамда мутолаа масалалари билан бир қаторда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, адибларимиз олдида турган долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифаларни қамраб олгани билан ҳам қадрлидир.

Авваламбор, адабиёт аҳлига, адабиётга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликни алоҳида  миннатдорлик билан таъкидлаб ўтмоқ жоиз.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг баланд айвонларига ёндош, улуғ бобокалонимизнинг хайрихоҳ ва миннатдорона нигоҳлари остида бу хушҳаво, сўлим масканда ҳар жиҳатдан китобхон, маърифатсевар халқимиз, айниқса, ёш авлод эҳтиёжлари ва талабларига мос келадиган замонавий, кўркам Шоирлар хиёбони барпо этишнинг орзу-мақсадларимизга мувофиқ келиши адибларимизни беҳад мамнун этди. “Водийларни яёв кезганда” дея бир ёнда устоз Ҳамид Олимжон турса, “Улуғимсан, Ватаним!” дея бу ёндан Муҳаммад Юсуф жилмайиб чиқса, бир томондан устоз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни!” деб турганда, бошқа бир тарафдан “Ўзбегим” дебон устоз Эркин Воҳидов лутф қилиб чиқиб келса, Ойбек домла, ўафур ўулом муаллим, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад домлалар, Зулфия опа билан Саида опалар бу назмий ҳам адабий анжуманда гул-гул яшнаб, чарақлаб-порлаб турмоқлари муқаррар ҳақиқат.

Президентимиз алоҳида меҳр ва орзу-ҳавас билан ният қилган Шоирлар хиёбони — том маънода Адабиётимизнинг жонли-жозибали боғига айланади. Бу ерда қўним ва қарор топадиган устозлару улуғлар қуршовида, шеър ва нафосат боғида ёшларимиз, элдошларимиз нафис адабиёт сабоқларидан, Ватан дарсларидан чинакамига баҳраманд бўладилар, таълим ва тарбия, маърифату маънавиятнинг жонли, ҳаётий ибратларини шу ердан қалбларига жо этадилар.

Тамал тошлари истиқлолимизнинг илк йилларидаёқ ёш ижодкорларнинг Зомин семинар-кенгашларида қўйилган бундай тароватли ва сертимсол адабиёт бўстони, шеъру ғазал боғларининг аҳамияти ва самараси беҳад беқиёсдирки — бунинг яна бир оддий маъноси китобга бўлган меҳру муҳаббатдан бошланади, деганидир. Асосий моҳият-маъноси эса, давлатимиз раҳбари айтганидек — инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшамоқ, яъни одамийликнинг энг олий мезони билан ўлчанади.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг

биринчи ўринбосари, 

Ўзбекистон Республикаси халқ шоири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn