Фарзанд тарбияси ва масъулият
  • 01 Февраль 2017

Фарзанд тарбияси ва масъулият

Пойтахтимизда “Ижтимоий инклюзия: болалар ижтимоий мослашувидаги янги ёндашувлар” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

“Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда сенаторлар, депутатлар, олимлар, экспертлар, педагоглар, хорижлик мутахассислар қатнашди.

Анжуманда сўз олган “Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Л. Каримова-Тиллаева, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К. Пиккат, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари С. Грауманн ҳамда бошқалар республикамизда навқирон авлодни чуқур билимли, етук салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилганини, улар манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий соҳада ҳаётга изчил татбиқ қилинган кенг қамровли ислоҳотлар болаларнинг соғлом вояга етиши, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясида яққол ифодасини топаяпти.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам оилалардаги маънавий муҳитни мукаммал ўрганиш, болалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида ҳам ижтимоий ҳимоя, ёшлар камолоти билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган.

Анжуманда мамлакатимиз ва хорижлик мутахассислар, шу жумладан, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, юртимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, чет эллик экспертлар иштирок этди. Унда мутахассислар тажриба ва фикр алмашиш имконига эга бўлдилар.

— “Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим” лойиҳасида қатнашдим, — дейди австриялик мутахассис Юрген Беккер. — Эътиборлиси, юртингиздаги бир қатор вазирлик ҳамда идоралар ва Европа Иттифоқининг техник кўмагида амалга оширилган ушбу лойиҳа муваффақиятли якунланди. Оналар ҳамда болалар саломатлигига давлат миқёсида эътибор қаратиладиган Ўзбекистондаги ҳамкасбларим билан ҳамкорлик қилганимдан мамнунман.

Тадбирда имконияти чекланган, ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва интеграциялаш самарадорлигини ошириш, алоҳида эҳтиёжли ўғил-қизларнинг тўлақонли мустақил ҳаёт кечириши учун уларни касбий ҳамда меҳнатга оид тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева сўзга чиқди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « «Маҳалла — менинг тақдиримда» Бебаҳо совға »