«Маҳалла — менинг тақдиримда»
  • 01 Февраль 2017

«Маҳалла — менинг тақдиримда»

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Нуроний” жамғармаси, -“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Маънавият тарғибот маркази, Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида уч босқичли “Маҳалла — менинг тақдиримда” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Ундан кўзланган мақсад ёш авлодни тарихимиз, маънавиятимиз, анъана ва урф-одатларимиз ҳамда маданий меросимизга ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камолга етказишдан иборатдир. Айни чоғда ёшларнинг ўзи истиқомат қи-лаётган маҳалла билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлаш, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволлар моҳияти ҳамда аҳамиятини теран англаб етишига кўмаклашиш, шунингдек, навқирон авлоднинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, сўнгги йилларда маҳалла институтини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини юксалтириш, бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳам кўзда тутилган.

Учта шарт асосида бўлиб ўтаётган танловларда жамоалар вакиллари “Маҳалла — менинг тақдиримда” мавзуидаги иншолар шартида ўзаро баҳс олиб бораётгани ҳам эътиборлидир.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, танловнинг саралаш босқичлари ўтган йилнинг 10 — 15 декабрь кунлари 8614 та фуқаролар йиғини жамоалари ўртасида ўтказилди. Уларда жами 34456 нафар ўғил-қиз, яъни умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари қатнашди. Эътиборлиси, бу жараённи 232 минг нафардан ортиқ юртдошларимиз, шу жумладан, 178 мингга яқин ёшлар бевосита кузатиб борди. 19 — 25 декабрь кунлари ташкил этилган туман (шаҳар) босқичларида эса 1439 та фуқаролар йиғинининг  жамоалари қатнашди ва улар таркибида 6 мингга яқин ёш авлод вакиллари, кузатувчи сифатида эса 50 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, 36 мингга яқин ўғил-қизлар қатнашди. 

Айни пайтда мазкур кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари юқори савияда ўтказилмоқда. У нафақат билим ва маҳорат синови, балки ўқувчи-ёшларнинг дўстлик байрами, эркин фикр ҳамда мулоқот майдони сифатида ҳам кўпчилик ёдида қолмоқда. Беллашувнинг Бухоро вилояти босқичи ушбу фикрнинг яққол тасдиғи бўлди.

Тадбирда иштирокчилар ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигининг аҳамияти ва тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ билимларини синовдан ўтказди. 

— Танловга тайёргарлик жараёнида кўп нарсани ўқиб-ўргандик, — дейди Жондор тумани “Зиё” жамоаси сардори Жавоҳир Саидов. — Айниқса, маҳалламиз тарихи, юртимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳаллани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг самарасига доир билимимизни мустаҳкамладик. Баҳслар жараёнида илғор иш тажрибаларини ҳам ўргандик. Буларнинг барчаси бизга бир умр асқатади. 

Якунда Бухоро тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолиб, деб топилди. 

Сирдарё вилоятида танловнинг саралаш босқичи фуқаролар йиғинлари сони ҳамда уларнинг жойлашувидан келиб чиққан ҳолда 43 та ҳудудда бўлиб ўтди. Эътиборлиси, уларда 193 та фуқаролар йиғини жамоалари таркибида 772 нафар умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлар ўқувчилари иштирок этди. Гулистон шаҳридаги “Ёшлар марказида” бўлиб ўтган вилоят босқичида эса 11 фуқаролар йиғини жамоалари ўзаро баҳслашди.

— Уч босқичда ташкил қилинган танловнинг ёшларда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни янада оширишдаги аҳамияти катта, — дейди Гулистон туманидаги “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Умида Расулова. — Шунингдек, унда фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишларида маҳалланинг ўрни беқиёс эканлиги бевосита иштирокчи жамоалар томонидан ифода этилгани қизиқишни оширди. Айниқса, ўғил-қизларимизнинг бой тарихий меросимиз ва буюк аждодларимиз билан ғурурланиши тўпланганларни бефарқ қолдирмади.

Якунда танлов шартлари бўйича энг юқори натижага эришган Сирдарё туманидаги “Оқ йўл” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Танловнинг Тошкент вилояти босқичи Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида юқори савияда уюштирилди.

Таъкидланганидек, ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган танловнинг биринчи босқичида жами 985 та фуқаролар йиғини жамоалари, туман ва шаҳарларда ўтказилган беллашувларда эса 115 та жамоа қатнашган эди. Сараланган 18 та фуқаролар йиғини жамоалари вилоят босқичида ўзаро куч синашди.

Бошқа шартлар қаторида “Маҳаллам — менинг тақдиримда” мавзуида ёзилган иншолар шарти кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жамоалар ёзган ижодий ишларида ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етишларида маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб беришди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган турли зарарли иллатларнинг миллий қадриятларимиз ва жамиятга таҳдид солувчи жиддий омиллардан эканлиги ҳам улар эътиборидан четда қолмади. 

Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Чиноз туманидаги “Каттатепалик” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ибрат” жамоасига насиб қилди.

— Мазкур кўрик нафақат билим ва маҳорат имтиҳони, балки ўқувчилар иқтидорини намоён этишлари учун янги имконият -яратиб бергани билан аҳамиятли бўлди, — дейди ғолиб жамоа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Исломов.

Навоий вилоятида ўтказилган танловнинг ҳудудий босқичида мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги иштироки, вазифа ҳамда ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётгани қайд этилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларда касаначилик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлашда, айниқса, мазкур институтнинг аҳамияти ҳамда роли ортиб бормоқда.

— Ёшларимизни турли ёт ғоя ва иллатлардан асраш, навқирон авлодни ватанпарварлик, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камолга етказишда маҳалланинг ўрни беқиёс, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими раиси Нормурод Исоқов. — Жойларда ташкил этилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатларининг маҳалла моҳиятини ёшлар онгига янада чуқур сингдиришда муҳим омил бўлаётгани бунинг яққол далилидир. Танловда 10 та жамоа вакиллари учта шарт асосида баҳсларга киришди. Пировардида Зарафшон шаҳридаги “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Бирлашган ёшлар” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

ўолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn