Ҳар бир хонадонга кириб бориб, одамларни рози қилиш — устувор вазифа
  • 01 Февраль 2017

Ҳар бир хонадонга кириб бориб, одамларни рози қилиш — устувор вазифа

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи юртдошларимизда кўтаринки кайфият уйғотди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу сафар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлар ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалар жойларда қизғин ўрганилмоқда.

Илҳом АЛЛАБЕРГАНОВ, Урганч туманидаги “AFRI” хусусий корхонаси раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Президентимизнинг Хоразмга ташрифи воҳа аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Хусусан, давлатимиз раҳбари учрашув ва мулоқотлар чоғида Хоразм вакилларини ҳар жабҳада янада фаол, ташаббускор ҳамда фидойи бўлишга чорлади. 

Албатта, иқтисодиёт ривожи кўплаб ижтимоий масалалар ечимига йўл очади. Шу боис, аввало, ушбу соҳани изчил тараққий топтириш — давр талаби. Тўғри, Хоразм саноатлашган воҳага айланиб бораяпти. Ҳудудда енгил автомобиллар, гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар каби юқори технологиялар асосида маҳсулот чиқарадиган корхоналар ишлаб турибди. Аммо  бугунги куннинг ўткир талаблари барча саъй-ҳаракат ва интилишларимизнинг пировард мақсади инсон манфаатларига қаратилишини тақозо этаётир. Аҳоли турмуш фаровонлигини бундан-да юксалтиришга ғов бўлаётган муаммолар, нуқсон ва камчиликларни тезкорлик билан ҳал қилиш заруратини юзага келтираяпти. Ҳудудларни янада изчиллик билан ривожлантириш масаласини олдимизга кўндаланг қўймоқда. Мамлакатимиз раҳбари шу ҳақда тўхталар экан, энди эскича қарашлар билан ишлаб бўлмаслигини таъкидлади. 

Айниқса, Президентимизнинг аҳолини тадбиркор қилиш борасидаги хайрли ташаббуси, амалий чора-тадбирлари миллионлаб юртдошларимиз қатори, мени ҳам жуда тўлқинлантириб юборди. Ахир одамларимиз ишбилармон бўлиб, нафақат ўз хонадони, балки бутун эл-юртимизга наф келтиргани, халқни бой қилганига нима етсин?!

Қолаверса, Урганч шаҳри, Янгиариқ, Боғот туманларида барпо этилаётган саноат субъектлари, янги ташкил қилинадиган “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ва рўёбга чиқариладиган бошқа қатор истиқболли лойиҳалар ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф асносида халқ билан том маънода мулоқот қилди. Уларнинг дардини эшитиб, масалаларини жойида ҳал этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди. Хонадонларга кириб, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Муҳими, ана шу учрашувлар давомида халқ дилидаги сўзларни айтиб, элга бўлган муҳаббати, садоқати, меҳрини намоён қилди. Бунёдкорлик ишларига кенг йўл очди.

Қаранг, Хивага поезд келишини ким ўйлабди, дейсиз?! Ахир вилоятимизда сайёҳликнинг янги йўналишлари жорий этилиши билан Ватанимиз довруғи дунёга янада кенгроқ ёйилиб, одамларимиз даромадига даромад қўшилади-ку. Қолаверса, Хоразм бетакрор санъати билан маълуму машҳур. Бу заминдан етишиб чиққан улуғ дарғаларнинг маънавий мероси келажак авлодлар учун чинакам ибрат мактабидир. Шу маънода, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланиши, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ барпо қилиниши, энг аввало, инсон зотига, аждодларимиз хотирасига, воҳамиз аҳлига кўрсатилган эҳтиром рамзидир. Бундан беҳад миннатдормиз. 

Маткарим ЖУМАНИЯЗОВ, “Нуроний” жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими раиси:

— Бугунги ислоҳотлар жараёнида барча-барчамиз ижтимоий фаоллик кўрсатмоғимиз зарур. Айниқса, жамоатчилик назоратини амалга оширишда кекса авлод вакиллари зиммасидаги масъулият катта. Хонадонлардаги тотувлик, ёшлар таълим-тарбияси, тинчлик-осудаликни таъминлашга ўз панду насиҳат, йўл-йўриқ ва кўрсатмаларимиз билан ҳисса қўшишимиз керак. Президентимиз биз, нуронийлар билан суҳбат чоғида шу ҳақда куйинчаклик билан сўз юритдилар. 

Бинобарин, яқин истиқболда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, арзон уй-жойлар қуриш, ички йўлларни тартибга келтириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тиббиёт соҳасини такомиллаштириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилганидан қувондик. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, транспорт хизматидан фойдаланишда имтиёзлар жорий этилиши инсонлар ҳаётини енгиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Буларнинг барчаси Хоразм аҳлига юксак ҳурмат-эътибор намунаси, десак, айни ҳақиқат.

«Халқ сўзи» мухбири 

Ойбек РАҲИМОВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn