«Биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!»
  • 01 Февраль 2017

«Биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!»

Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг фикри ана шундай.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди, озод ва обод Ватан бунёдкори Ислом Каримовнинг ёди ҳамиша қалбимизда. Зеро, бу улуғ инсон бошлаб берган эзгу ишлар, кенг қамровли ислоҳотлар  ҳар биримизнинг ҳаётимизга дахлдор. Бинобарин, республикамиздаги барча умумтаълим мактабида Биринчи Президентимизнинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилаётган хотира дарслари, турли тадбирларда ҳам ана шу ҳақда сўз юритилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган бундай анжуманларда  жамоат ташкилотлари мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирлар ўқувчилар билан мулоқотлар олиб боришаяпти.

— Хотира дарсларида Мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилгани, халқ фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари жонли мисоллар билан кенг тушунтириб берилаяпти, — дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳикматилла Даминов. — Хусусан, буюк Йўлбошчимиз ташаббуси билан мустақиллик йилларида таълим тизимида олиб борилган туб ислоҳотлар, ёшларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай замонавий шароитларда билим олишларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар самарасига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Жумладан, Нукус шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирларда педагог-мураббийлар, мактаб ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари Ислом Каримов хотирасига ҳурмат-эҳтиром бажо келтириб, тинч-осойишта, обод ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлидаги эзгу ишларини ёдга олди. 

Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури доирасида ушбу таълим маскани ҳам тубдан реконструкция қилиниб, навқирон авлоднинг пухта билим олиши, истеъдод ҳамда салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ синфхоналар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Болалар спорти иншооти ўқувчи-ёшларнинг жисмонан чиниқиши, ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланишига хизмат қилмоқда. 

Дарс машғулотларида ўқитувчилар илғор ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўқувчиларга Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли ҳақида атрофлича маълумот берди. Слайдлар орқали оғир ва машаққатли йилларда Биринчи -Президентимизнинг амалга оширган улкан ишлари, халқимизнинг тинч ва фаровон турмушини таъминлаш йўлидаги жасорати, ёшларга кўрсатган беқиёс ғамхўрлигига оид лавҳалар намойиш этилди. 

— Бизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайишимиз учун барча имкониятни яратиб берган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўчмас хотирасини абадий ёдимизда сақлаймиз, — дейди мазкур мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилноза Раимова. — Келажакда бобожонимиз орзу қилганидек, эл-юрт корига ярайдиган мутахассис бўлишга ҳаракат қиламиз.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 81-умумтаълим мактабида ҳам хотира тадбирлари уюштирилди.

Эрта тонгдан мактаб ўқувчилари “Сиз мангу қалбимиздасиз” ва “Бахтли келажак учун раҳмат” сўзлари акс этган нишонларни тақиб, билим даргоҳи ҳовлисига кириб келишди. Улар томонидан Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига доир деворий газеталар, буклетлар тайёрлангани эса фарзандларимиз қалбида бу улуғ инсонга бўлган меҳру муҳаббат, соғинч жўш ураётганини англаш мумкин. 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn