Тадбиркорлик ривожида муҳим босқич
  • 01 Февраль 2017

Тадбиркорлик ривожида муҳим босқич

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу асосда ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали иқтисодиётимизни изчил тараққий эттиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мухбиримиз уларнинг ижроси бўйича прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Ислом ЖАСИМОВ билан суҳбатлашди.

— Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришилаётгани ҳамда пировардида халқимиз турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани нафақат юртдошларимиз, айни чоғда хорижлик экспертларнинг ҳам эътироф ва қизиқишларига сабаб бўлмоқда, — дейди И. Жасимов. — Буларнинг барчаси, аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган қулай шароит ҳамда кенг имкониятлар самарасидир, десак айни ҳақиқат. Узоққа бормайлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиши баробарида, аҳоли бандлиги изчил таъминланмоқда. Айни пайтда ҳозир иш билан банд аҳолининг 78 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилаяпти.

Бу натижалар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, албатта. Аввало, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани ва тобора такомиллаштирилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда 2012 — 2016 йилларда хусусий мулкнинг ўрни ва таъсирини ошириш, бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганини айтиш зарур. Айни чоғда хусусий мулкдорлар ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш бўйича қабул қилинган дастур аҳамияти салмоқли бўлмоқда. Унда, жумладан, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар назарда тутилган бўлиб, ўтган даврда муайян ишлар рўёбга чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 2015 йил 1 июлдан давлат, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашуви бўйича мурожаатларни туну кун қабул қиладиган марказ фаолият кўрсатиб келаётганини ҳам айтиш жоиз. Мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш мақсадида 34 та вазирлик ва идора билан бевосита алоқа йўлга қўйилди. Илгари Бош прокуратурага келадиган мурожаатлар 3-4 кунда кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган бўлса, энди бу масала атиги бир неча дақиқада бажарилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қиладиган операторлар 5 нафардан 12 нафарга кўпайтирилгани бу жараённи сезиларли равишда тезлаштириш имконини бераётир. Буни марказ ташкил этилганидан буён 130 мингга  яқин мурожаатлар қабул қилингани ва уларнинг қарийб 124 мингдан ортиғи кўриб чиқилгани, 29 мингдан зиёди -қаноатлантирилгани, 91 мингдан ортиғи бўйича асосли тушунтиришлар берилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Табиийки, янги ҳужжатлар бу борадаги ишларни яна бир поғона кўтариш имконини беради...

— Мазкур ҳужжатларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини жадал ривожлантириш, бу йўлдаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, юртимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада кучайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда мансабдор шахслар ва назорат қилувчи органлар масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганки, бу қанчалик аҳамиятга эга эканлигини тасаввур этиш қийин эмас. Айни чоғда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали жойларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

— Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорларнинг жавобгарликдан озод этилиши ҳам назарда тутилган. Бу амалиётга қандай татбиқ этилади?

— Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектига жарима қўллаган ҳолда, жавобгарликка тортиш қандай салбий оқибатларга олиб келишини амалда барчамиз кузатганмиз. Бу, аввало, тадбиркорлик субъекти тугатилишига сабаб бўлар, суд қарорларини ижро этишда ортиқча давлат харажатларига олиб келарди. Зарарни қоплаш рағбатлантирилмас эди. Жорий этиладиган янги тартиб эса бундай ҳолатларга барҳам беради. Яъни ҳуқуқбузар тадбиркорга ишчанликни йўқотмасдан, давлат бюджетига тушадиган маблағларни пасайтирмасдан ҳамда иш ўринларини сақлаган ҳолда, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш имконини яратади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, у етказилган зарарни, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ тўласа, жарималар ва молиявий санкциялардан озод қилинади. Аммо тўлов муддати кечиктирилган вақт учун солиқ қонунчилигида белгиланган миқдорда пеня тўланади.

— Тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётган шахслар жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган. Бу қандай ҳолатларда қўлланилади?

— Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг қонуний асосда мазкур фаолият билан шуғулланишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар, яъни профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Аммо амалдаги қонунчиликда бундай тадбирларни тартибга солувчи нормалар йўқлиги боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида номувофиқликлар келиб чиқаётган эди.

Эндиликда эса ноқонуний равишда тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахслар бир ой муддатда давлат рўйхатидан ўтказувчи органларга мурожаат қилиб, гувоҳнома ва рухсатнома олса ҳамда етказилган зарарни тўласа, айтиб ўтилганидек, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади.

— Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳам қатор вазифалар юклатилган. Шулар хусусида тўхталсангиз.

— Бош прокуратура учун тегишли идоралар билан биргаликда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жавобгарликни либераллаштириш, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартибини белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта. Гап шундаки, коррупция барча ижтимоий институт ва механизмларнинг изчил фаолият юритишига тўсқинлик қилади, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келади. Айни чоғда фуқароларда демократик институт ва қадриятлар, адолатга бўлган ишончни сусайтириб, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан салбий муносабат ва давлат ҳокимиятига ишончсизлик кайфияти туғилишига шароит яратади. Шундай экан, бунга панжа орасидан қараш ҳеч бир жиҳатдан ўзини оқламайди.

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексида жиноят иши доирасидаги текширишларни тайинлаш ва ўтказиш масаласи тартибга солинмаган бўлиб, бу амалда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келаётган эди.

Бундай иллатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Айтиш керакки, бу қонунчилик ташаббуси долзарб ва чегара билмас глобал муаммога қарши қатъийлик билан курашиш йўлида муҳим қадамдир. Моҳиятига кўра, унда фуқаролар конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий адолатга ишончини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини демократик мезонларга мос ҳолда такомиллаштириш бўйича қўшимча ҳуқуқий кафолатларни яратиш кўзда тутилган. 

Умуман, бу янгиликлар тадбиркорлар, хусусий секторда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиради, яъни соҳага давлат ҳамда назорат органлари, маҳаллий ҳокимликлар эътиборини янада ошириш орқали тадбиркорликнинг жадал ривожи учун мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn