Юридик хизмат такомиллашади
  • 31 Январь 2017

Юридик хизмат такомиллашади

Тошкентдаги Юристлар малакасини ошириш марказида давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштиришнинг долзарб -масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, вазирликлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг юридик хизмати раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат тузилмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ барча жабҳада қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлаш, демократик қадриятларни қарор топтириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўтган йилларда ушбу стратегик вазифани ҳаётга изчил татбиқ этиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу жараённи янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур Фармонда давлат органларида юридик хизматни ривожлантириш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди. Президентимизнинг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яқинда қабул қилинган қарори ушбу вазифалар рўёбида амалий қадам бўлди.

Янги қарор билан давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш мақсадида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлиги кучайтирилди. Эндиликда давлат органлари ҳамда ташкилотларида, шу жумладан, ҳудудий тузилмаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик -хизматлар ташкил этилади. Ушбу хизматнинг штат бирликлари қисқартирилишига асло йўл қўйилмайди.

Таъкидлаш керакки, адлия органларининг юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориши билан боғлиқ масъулияти ҳам ошди. Айниқса, давлат органлари ҳамда ташкилотларида юрисконсультларни лавозимига тайинлаш ва озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши шартлиги ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйган ташкилот ва юридик хизмат ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи адлия идораларига берилиши соҳада ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қарорда соҳани тажрибали ҳамда етук кадрлар билан тўлдириш ва улар малакасини ҳар уч йилда камида бир марта оширишлари учун зарур молиявий-ташкилий механизмлар белгилаб қўйилганлиги эътиборга молик яна бир жиҳатдир.

— Очиғи, юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси бу ишга олий юридик маълумотга ҳамда амалий тажрибага эга кадрларни жалб этишга тўсқинлик қилиб келаётган эди, — дейди Юристлар малакасини ошириш маркази директори Асқар ўафуров. — Мисол учун, айни пайтда давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат штат бирликлари сони 3,3 мингдан ортиқ бўлса-да, амалда фаолият юритаётган юристлар сони қарийб 2,6 минг нафарни ташкил қилади. Штат бирликларини белгилашда кўпинча ички имконият ҳисобга олинган. Ҳолбуки, шундай вазирлик ҳамда идоралар борки, уларда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, минглаб ходимлар ишласа-да, бир ёки икки нафар юрист лавозими жорий этилган. Эндиликда юридик хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарор ижросининг таъминланиши бу каби муаммоларни бартараф қилиш имконини яратади.

Анжуманда қарорнинг мазмун-моҳияти, норма ижодкорлигини янада такомиллаштиришда юридик хизмат иштирокини кенгайтириш, судларда хўжалик низоларини кўришда уларнинг ролини кучайтириш билан боғлиқ масалалар бўйича маърузалар тингланди. Юрисконсультларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn