Ижтимоий шерикликнинг янги шакли
  • 28 Январь 2017

Ижтимоий шерикликнинг янги шакли

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, мамлакатимиз парламенти палаталари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишлаб ўтказилган медиа-ҳафталик якунланди.

Медиа-ҳафталикнинг охирги кунида Ҳаракат дастури лойиҳасининг “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” деб номланган бешинчи бўлими атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вазирлик ҳамда идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Бешинчи бўлим тақдимотида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ҳамда суверенитетини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатлар тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ҳамда ролини кучайтириш, Ўзбекистон теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик минтақасини вужудга келтириш, мамлакатнинг хориждаги нуфузи ҳамда имижини кенг тарғиб этишнинг долзарб масалалари ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ж. Вахабовнинг билдиришича, мамлакатимиз Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига асосланган ташқи сиёсий йўналишларига содиқ қолади. Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади. Ташқи сиёсат, аввало, миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Мамлакатимиз учун чегарадош давлатлар билан ўзаро ҳурматга асосланган дўстона, яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Ўзбекистон тинчликпарварлик, амалий ташқи сиёсатни давом эттиради, хорижий мамлакатлар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамда тенг ҳуқуқли ҳамкорлик олиб боради.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори А. Жуманов тадбир иштирокчилари эътиборини миллатлараро ҳамда динлараро тотувликни мустаҳкамлашда ислом дунёсининг ўрни ва ролига қаратди. Муаммо ҳамда зиддиятларга таълим ва маърифат, тинчлик, тотувлик, аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда тадқиқ қилиш, уларнинг асарларини кенг тарғиб этиш, фан-таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ечим топиш бугунги замонамизнинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Ушбу масалаларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратмоқда. Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг махсус кафедрасини очиш Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг ижобий тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилади.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда кўп миллатли ҳамда аҳолиси зич давлат бўлса-да, динлараро ва миллатлараро тотувликни таъминлаб келаётгани алоҳида қайд этилди. Конституция ҳамда қонунларимизда тенглик тамойили асосий ғоя сифатида белгиланган. Бугун республикамиз ҳудудида 137 та миллий маданий марказ, 16 та диний конфессия самарали фаолият юритиб келмоқда.
Юртимиз Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик минтақасини яратиш ғоясига алоҳида эътибор қаратаяпти. Бу эса минтақада тинчликни таъминлашда катта ўрин тутади. Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи Ш. Абдуллаевнинг таъкидлашича, ушбу вазифаларнинг ечимини топишда Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга алоҳида урғу бераяпти. Мамлакатимиз афғон муаммосини минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласининг муҳим таркибий қисми сифатида билади. Афғонистондаги можаронинг ҳал қилиниши минтақанинг иқтисодий ривожланишини таъминлашда устувор аҳамиятга эгадир.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ҳаракат стратегияси лойиҳаси Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан жорий муносабатлари танқидий таҳлилдан ўтказилишини кўзда тутишини қайд этишди. Ушбу муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар пировардида савдо-иқтисодий, молиявий, илм-фан соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради. Мамлакатимизни сиёсий ҳамда иқтисодий модернизациялаш бўйича эришилган натижаларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, “Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини янада чуқурлаштиради ва жадаллаштиради, хорижда юртимизнинг ижобий имижини яратишга хизмат қилади. Хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, энг муҳими, ривожланган демократик давлатлар қаторига киришга замин яратади.
Тақдимотлар якунида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси якунлари ҳақида фикр алмашилди.
Медиа-ҳафталик муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда ишлаб чиқиш жараёнига оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш борасидаги катта ишларнинг бошланиши бўлди, десак, муболаға эмас. Ўтган беш кун давомида ЎзЭОАВМА медиа-майдонига мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Улар орасида вазирлик ва идораларнинг 50 дан ортиқ мансабдор шахслари, давлат органларининг экспертлари, 400 нафар журналист ҳам бор эди.
Ҳафталик халқимиз Ватан келажагига, унинг ривожланишига бефарқ эмаслигини кўрсатди. Фуқароларимиз жамоатчилик муҳокамасида фаол қатнашиш орқали ислоҳотларга юксак дахлдорлик туйғусини намойиш этишди.


Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn