Ёди ҳамиша қалбимизда
  • 28 Январь 2017

Ёди ҳамиша қалбимизда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори улуғ Юртбошимиз ҳаёти ва фаолиятига чексиз эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳужжат каттаю кичик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

2016 йил Ватанимиз тараққиётида мислсиз муваффақиятлар билан бирга, халқимиз қалбига унутилмас оғир жудоликни ҳам муҳрлаб қўйди. Юртимизни зулм исканжасидан халос қилган, мамлакатни жар ёқасидан юксак тараққиёт йўлига олиб чиққан Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатдик. Бугун у азиз инсоннинг хоки абадий қўним топган Самарқанддаги ҳазрати Хизр мажмуаси нафақат юртдошларимиз, балки тинчликсевар халқларнинг зиёратгоҳи, қадамжосига айланди.
...2007 йил баҳорида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайлов олдидан Фарғонага келди. Фаоллар ва сайловчилар билан Фарғона давлат политехника институтида учрашди.
Шаҳарни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди. Кўп ўтмай, йирик объектлар — Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятидаги умрини ўтаб бўлган, эски технологияларни янгилаш учун йирик инвестициялар киритилди. Фарғона шаҳрини қайта бунёд этиш бўйича Биринчи Президентимизнинг қарори қабул қилинди. Жуда қисқа фурсатда Фарғона шаҳри миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган кўркам, бетакрор масканга айланди. Бунёдкорлик ишларига Биринчи Президентимизнинг ўзлари бош бўлдилар. Шу билан бирга, вилоятга ташрифлари чоғида барпо қилинаётган ҳар бир объектнинг мустаҳкамлиги, замонавий архитектура талабларига жавоб бериши нуқтаи назаридан чуқур, танқидий ёндашиб, мамлакатнинг келажаги, фаровонлигини ўйлаб қайғурганларига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.
Биласиз, донишманд аждодларимиз дунё тамаддуни хазинасига табаррук китобларини тақдим этганлар. Аллома боболаримиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний ҳамда бошқа юзлаб мутафаккирларимиз ёзган асарлар бугунги кунда ҳам инсониятни эзгулик, тинчлик ва яхшиликка чорлаб турибди. Биринчи Президентимиз нафақат мустақил давлатимизнинг асосчиси, Ўзбекистонни юксак тараққиёт йўлига олиб чиққан буюк давлат арбоби, балки бетакрор китоблар муаллифи ҳам эдилар. Бу улуғ инсоннинг “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” каби асарлари истиқлолга эришиш йўлида чекилган заҳматлар, машаққатлар ҳақида кенг тасаввурга эга бўлиш имконини берадиган, барчани эзгу мақсадлар сари ундайдиган бебаҳо меросдир.
“Юксак маънавият — енгилмас куч” асаридаги “...мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик? Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди? Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг “Ассалом!..” деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?.. Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди? Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?” деган пурҳикмат сўзларни ўқиб, беихтиёр ўйга толасан киши.
Дарҳақиқат, ўша пайтдаги аҳвол жуда оғир ҳамда аянчли эди. Ҳатто оддий мих ҳам четдан олиб келинарди. 6 миллион тонна пахта етиштириш халқнинг бўйнига осиб қўйилганди. Яқинлари вафот этса, кафанлашга 10 метр чит матоси учун раис олдига ариза кўтариб бориладиган замон эди. Шукрки, ўша фожиали кунлар бугун ёшларимиз учун худди эртакка ўхшайди.
Ўша пайтларда мактабларнинг 60 фоизи вайрона ҳолатида бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Битта партада учта ўқувчи ўтирадиган, деразасининг кўзига газета ёпиштирилган, қишда печкаларга ёқилган кўмир туфайли тутун босган синфхоналар, томдан ўтган чаккаларнинг овози... Агар ўшанда Биринчи Президентимиз кескин қаршиликлар, тазйиқу таҳдидларни енгиб, одамларга томорқа бериш тўғрисидаги қарорга жасорат кўрсатиб имзо чекмаганларида, вазият бундан-да чигаллашиб кетиши ҳеч гап эмасди.
Пахта мавсумида теримчилар, ўқувчилару талабалардан иборат ҳашарчилар устидан ҳар куни самолётларда кимёвий дорилар аёвсиз сепиларди. Нафақат еримиз, ўпкаси сил бўлган одамлар шифохоналарга сиғмай кетгани, сариқ касали билан хасталанган гўдакларга тўлиб-тошган болалар боғчалари халқимиз ёдидан асло ўчмайди. “Пахта иши”, “ўзбеклар иши” дея шаънига отилган туҳмат тошларидан миллатимизнинг қадди эгилиб қолганди. Ислом Абдуғаниевич Каримов Шўро қатағон қиличини бошимиз узра ўйнатиб турган ўша машъум кунларда ҳеч кимдан қўрқмай, ҳайиқмай, адолат учун, қамалганларнинг ҳақ-ҳуқуқи, озодлиги учун курашган буюк тарихий шахсдир.
“Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон, балки Туркистон заминида ўзининг энг иродали, қатъиятли раҳбар эканлигини намойиш қилди. Бу — тарихда шахснинг қандай ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкинлигини кўрсатди. Тарих Ислом Каримовнинг, ҳақиқатан ҳам, замонавий цивилизациямизнинг энг улкан фигураларидан бири эканлигини исботлади”, деган эди Чингиз Айтматов.
Дарҳақиқат, бугунги дориламон кунлар, озодлик, фаровонлик, файзу барака осмондан тушмади. Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” мамлакатимизнинг давлат сифатида шаклланиши ва ривожланишида асосий тамал тоши бўлди.
Халқимиз бугун улуғ мақсад, эзгу ниятлар йўлида ўзининг буюк келажагига юксак ишонч, собитқадамлик билан одимламоқда. Йилимизнинг номи ҳам Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, деган қутлуғ байтлари билан уйғун ҳамда муштарак. Шиддат билан кечаётган ҳар бир кунимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз фаровонлигини кўзлаб қабул қилаётган Фармон ва қарорлари янги жамият қуриш йўлидаги парвозимизга қанот бўлмоқда. Она Ватан бахту саодати учун, сизу бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ёруғ Истиқболимиз учун меҳр ҳамда матонат билан жонфидолик ва маънавий жасорат намунасини кўрсатган Биринчи Президентимизга муносиб бўлиш, руҳини шод этиш бахти ҳар биримизга мушарраф бўлсин!


Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси
халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn