Қулай, хавфсиз ва ишончли парвоз
  • 28 Январь 2017

Қулай, хавфсиз ва ишончли парвоз

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан йўловчиларга ана шундай замонавий хизматлар кўрсатилмоқда.

Истиқлол солномасига назар ташласак, мустақиллик йилларида мамлакатимизда кўлами ҳамда миқёси жиҳатидан ниҳоятда улкан ишлар амалга оширилгани, салмоқли муваффақиятларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Биринчи Президентимизнинг
1992 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ташкил қилиниб, миллий ҳаво транспорти байроғимиз рангларида парвоз эта бошлагани, шубҳасиз, қўлга киритилган энг катта ютуқлардан биридир.
Йигирма беш йилдирки, мустақил давлатимизнинг самолётлари Ўзбекистон аҳли ва хорижлик меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатиб келаяпти. Бинобарин, Миллий авиакомпания босқичма-босқич модернизация қилиниб, унинг парки энг замонавий ҳаво лайнерлари билан тўлдирилмоқда. Пировардида дунёнинг яқин ҳамда олис шаҳарларига парвозларнинг мунтазам амалга оширилиши таъминланаяпти. Мана бу рақамларга эътибор беринг: компания ташкил этилган дастлабки йилдаёқ халқаро йўналишлар, жумладан, Лондон, Карачи, Деҳли, Куала-Лумпур, Тель-Авив ва Пекинга қатновлар йўлга қўйилди. Бир йилдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси кучга кириб, “Тошкент” халқаро аэропорти лизингга олинган биринчи “А-310” аэробусини қабул қилди ҳамда Франкфурт ва Бангкокга қатновлар очилди. Навбатдаги “А-310” аэробуси сотиб олингач, Афина, Манчестер ҳамда Сеул шаҳарларига парвозлар ўзлаштирилди.
Қувонарлиси, бундай янгиланиш, юксалиш одимлари, бир зум бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, шитоб билан давом эттирилмоқда. Сўнгги беш йил мобайнида авиакомпанияда ўрта магистрал масофага қатновчи “Airbus-320”, янги йўловчи ва юк ташувчи “Boeing-767” самолётлари эксплуатацияси бошлангани бунинг яққол далилидир.
Гап шундаки, ушбу даврда авиакомпания парки 10 та янги “А-320” ҳамда тўртта “Boeing-767-300ER” русумли самолётлар билан бойиди. “Навоий” аэропортида янги юк ва йўловчи терминаллари, Бухоро ҳамда Урганчда замонавий аэровокзаллар, “Тошкент — 3” янги маҳаллий йўналишлар аэровокзали, “Тошкент” аэропортида йўловчилар учун янги блок ва “Business Lounge Uzbekistan airways” зали ишга туширилди.
Ҳар бир давлатнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, хорижий мамлакатлар билан ҳар томонлама самарали ҳамкорлик ўрнатишида фуқаро авиацияси катта аҳамиятга эга. Шу маънода, бугун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига тегишли самолётлар дунёнинг турли нуқталарига парвоз қилаётгани ёки аксинча, замонавий аэропортларимизга бошқа давлатларнинг ҳаво лайнерлари учиб келаётгани қалбларда ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини уйғотади.
Миллий авиакомпаниямиз йўловчи ташиш баробарида, кучли рақобатга мослашган, хавфсиз, ишончли ва барқарор тизим сифатида тўлиқ шаклланди. Бу, албатта, соҳага илғор техника ҳамда технологиялар жалб этилиб, янги терминаллар, қулай авиалайнерлар, тренажёрлар фойдаланишга топширилгани, ходимларнинг касбий малакаси ошиб бораётгани, қисқача айтганда, авиакомпаниянинг бутун фаолияти замон талабларига мослаштирилгани самарасидир. Буларнинг барчаси халқаро ташкилотларнинг ҳақли равишда юксак эътирофига сазовор бўлаётир. 2014 йилда Миллий авиакомпаниямиз IOSA аудитидан муваффақиятли ўтиши баробарида, энг нуфузли ташкилотлардан яна бири — 270 дан ортиқ авиакомпанияни ўзида бирлаштирган Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) аъзолигига қабул қилинди. Авиация хавфсизлиги Европа агентлиги (EASA) эса Миллий авиакомпаниямизнинг хавфсиз авиаташувчи сифатидаги мақомини тасдиқлади.
Ҳозирги кунда аэропортларимизнинг ҳаммаси халқаро мақомга эга. Халқаро интермодал логистика маркази фаолият юритаётган “Навоий” аэропортидан Деҳли, Мумбай, Дубай, Франкфурт, Шанхай, Сеул, Милан, Вена, Ханой, Сарагоса ва Теҳронга юк қатновлари бажарилмоқда.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, Миллий авиакомпаниямиз тренажёр мажмуасида “А-320”, “Boeing-757/767” ҳаво кемаларининг замонавий тренажёрлари ҳамда “Ил-114-100”, “А-320” самолётларининг “Full-flight” симуляторлари ўрнатилган. Бу учувчиларда реал воқеликда парвозларни амалга ошириш ва ностандарт ҳолатларни бартараф этиш кўникмасини ривожлантириш имконини беради.
Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимини модернизация қилиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилди. Бунга Ўзбекистон ҳаво кенгликларидан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш ҳамда парвозлар хавфсизлигини янада оширишга ёрдам берувчи “RVSM” (вертикал эшелонлашнинг қисқартирилган минимуми) ва “QNH” (бутунжаҳон парвоз баландлигини ҳисоблаш) янги тизимлари жорий этилганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Боинг” корпорацияси ўртасидаги алоқалар ҳам тобора кенгаймоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда Миллий авиакомпаниямизда ушбу корпорациянинг 16 та самолётидан фойдаланилмоқда, амалга оширилаётган барча ташувнинг ярмидан кўпи эса унинг ҳиссасига тўғри келаяпти. Улар орасида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида келтирилган, “Орзу лайнери” дея эътироф этиладиган “Boeing-787 Dreamliner” ҳаво кемаси ҳам мавжуд. Илғор технологик ечимларга асосланган мазкур шинам самолёт 2016 йилнинг 5 сентябридан эътиборан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширди, кейинчалик халқаро авиайўналишларга қатнай бошлади. Ноябрь ойида эса юртимизга худди шундай иккинчи самолёт келтирилди.
— Ушбу “ҳаво кемаси” юқори иқтисодий самарадорликка эгалиги билан алоҳида ажралиб туради, — дейди “Boeing-787 Dreamliner” учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов. — Хусусан, салони дизайнига янгича ёндашув билан ишлов берилгани барчага узоқ парвоз давомида катта қулайлик яратади. Ёнилғи сарфи эса “Boeing-767” самолётига нисбатан 10 фоиз кам. Лайнер учиш тезлигининг юқорилиги Тошкентдан Москвагача бўлган масофани турдошларига нисбатан 10 дақиқа, Лондон ҳамда Парижга 20 — 30 дақиқа қисқартиради. Учиш масофасининг узайтирилгани ҳаво лайнерини узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда эксплуатация қилиш, дунёнинг энг чекка нуқталарига узлуксиз парвозларни амалга оширишда қўл келади. Самолёт қисмларининг 50 фоизи композит материаллардан, 20 фоизи алюминийдан таркиб топгани янада эътиборга лойиқ.
Бундан ташқари, салон интерьери олдинги авлод “Boeing”ларга нисбатан 1 метр кенг. Самолёт йўловчиларнинг парвозларини мароқли ўтказишга имконият яратувчи қулай ўриндиқлар, пол қопламалари, янгича ёритиш ҳамда шовқин ўтказмайдиган мосламалар билан жиҳозланган. Шунингдек, унга ҳар бир йўловчи учун кўнгилочар дастурли алоҳида монитор ва ҳавони намлантирувчи махсус ускуналар ўрнатилган.
Яқинда яна 4 та “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини харид қилиш бўйича шартнома имзоланди. Айни чоғда минтақамизда энг замонавий, соатига 1,5 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатувчи “Тошкент — 4” йўловчи терминалини қуриш бўйича улкан лойиҳа амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг апрель ойида эса МАК Тренажёр мажмуасида “Boeing-767” самолётининг “Full-flight” симулятори ҳам ўрнатилади.
Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида аэропортларнинг ер усти инфратузилмаси модернизациялаштирилди, ҳаво кемалари авиапарки тубдан янгиланиб, сўнгги русумдаги самолётлардан фойдаланиш ўзлаштирилди. Янги қатновлар йўлга қўйилди, замонавий аэровокзаллар қурилиб, илғор технологиялар жорий этилди.
Шу кеча-кундузда эса Ўзбекистоннинг замонавий, қулай авиалайнерлари Европа ҳамда Осиёнинг 50 дан ортиқ шаҳарларига парвоз қилмоқда ва Аляскадан тортиб, Янги Зеландиягача чартер қатновлари бажарилаяпти. МАК аэропортларида замонавий Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш (ҲҲБ) кичик марказлари ҳамда янги аэронавигацион тизим жорий этилган бўлиб, улар орқали Ўзбекистон осмонида ҳаракатланаётган ҳар бир авиалайнер “Ўзаэронавигация” марказининг юқори малакали авиадиспетчерлари томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Шу кунларда Миллий авиакомпаниямиз ўзининг чорак асрлик байрамини нишонлаяпти. Авиакомпания жамоаси учун ушбу сана чин маънода қадрлидир. Зотан, босиб ўтилган ҳар бир йил аввалгисига нисбатан самарали бўлаётир. Бу эса Ўзбекистон фуқаро авиацияси жаҳон авиабозорида ишончли ва барқарор авиаташувчи мавқеини тобора мустаҳкамлаб бораётганидан далолат беради.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарорга мувофиқ, Тошкент халқаро аэропортига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди. Бу хушхабарни тизим ходимлари катта хайрихоҳлик ҳамда мамнуният билан кутиб олдилар. Эндиликда улар бундан руҳланган ҳолда, юртимиз шуҳратини жаҳонга янада кенгроқ ёйиш йўлида фидокорона меҳнат қилишга интилмоқдалар.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Суратлар «Халқ сўзи» фотожамламасидан олинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn