Ёшлар билан учрашув
  • 27 Январь 2017

Ёшлар билан учрашув

Бугунги кунда мамлакатимизда парламент аъзоларининг аҳоли кенг қатлами, хусусан, ёшлар билан очиқ руҳдаги мулоқотлари ташкил этилаётгани навқирон авлоднинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С. Сирожиддинов номидаги академик лицейда “Парламент ва ёшлар” мавзуида ўтказилган давра суҳбати ана шундай самарали тадбирлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари С. Артикова, лицей ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ота-оналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда давлат ҳокимиятини ташкил қилишнинг демократик асослари, шунингдек, миллий қонунчилигимиз тизимини такомиллаштиришда парламентнинг ўрни ва фаолияти тўғрисида кенг ҳамда батафсил маълумот тақдим этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимизда бугунги кунда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ташаббуслари мазмун ва моҳияти қатнашчиларга чуқур тушунтирилди. Шу билан бирга, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидаги қизғин муҳокамаси ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда юксак интеллектуал салоҳиятга, замонавий билим ва дунёқарашга эга, турли ёт ғояларга қарши тура оладиган, мустақил фикрлайдиган шахсларни тарбиялаб вояга етказиш учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Бинобарин, 2016 йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, улар учун очиқ ва сифатли таълимни кафолатлаш, ёш авлодни қонунларга, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари аниқ ва пухта ўз ифодасини топган. 

Давра суҳбати қатнашчилари мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказиш соҳасида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар ўз натижаларини бераётгани, бу борада қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ишлари изчил давом этаётганини айтиб -ўтдилар.

Якунда ҳуқуқий саводхон, фаол ўқувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ф. МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn