Мулоқот —муаммолар ечимида муҳим омил
  • 27 Январь 2017

Мулоқот —муаммолар ечимида муҳим омил

Наманганда вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳудуддаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчилари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳамда ёшлар вакиллари қатнашди.

Мулоқот аввалида сўз олган вилоят ҳокими Х. Бозоров мамлакатимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси доирасида келажагимиз эгаларининг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши йўлида яратилган шарт-шароитлар, бунга жавобан наманганлик йигит-қизлар ҳам ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, “оммавий маданият”нинг фарзандларимиз онгу шуурига салбий таъсири, бундай иллатларнинг олдини олиш учун йигит-қизлар маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирнинг амалий қисми — очиқ мулоқот чоғида қатнашчилар ёшлар бандлиги, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес лойиҳалар ижросини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ер майдони ажратиш ва бошқа долзарб масалаларда вилоят раҳбарига саволлар билан мурожаат қилди.

Жумладан, Наманган саноат коллежи ўқувчиси Довудхон Боқибоев темир йўл транспорти бўлими битирувчи босқич ўқувчилари амалиёти учун етарли база йўқлиги хусусидаги мурожаатига Ангрен — Поп электрлаштирилган тармоғининг Наманган шаҳри йўналишидаги қисми ишга туширилгач, бу борада кенг имконият вужудга келиши хусусида жавоб олди. Тўрақўрғонлик ёш тадбиркор Зафар Абдуллаевнинг туманда “Алпомиш ва Барчиной” деб номланган от спорти мажмуасини ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳақидаги масаласини ҳал қилиш эса Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутасаддиларига топширилди. Чортоқ туманида яшовчи Турсуной Соҳибованинг ўзи сингари истеъмол моллари ишлаб чиқараётган тадбиркорлар маҳсулоти сотувини ташкил этиш учун бозордан жой ажратиш юзасидан мурожаатига ҳам тегишли муносабат билдирилди.

— Шағални қайта ишлаш йўли билан қурилиш ашёси тайёрлаш бўйича бизнес лойиҳам ижроси тезлашадиган бўлди, — дейди косонсойлик хусусий тадбиркор Орифжон Абдулҳаев. — 25 киши учун иш ўрни яратиладиган бу корхонани ташкил қилишга 400 миллион сўмга яқин кредит зарур. Вилоятимиз раҳбарининг бу борада ёрдам кўрсатиш юзасидан банк муассасасига берган топшириғидан кўнглим тўлди.

Очиқ мулоқот давомида бир қатор йигит-қизлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдирди. Масалан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли Ҳожиакбар Паттоевнинг ойда бир марта “Китобхонлар куни”ни ўтказиш, 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Муниса Йўлдошеванинг қизларни спортга янада кенг жалб этиш, Наманган давлат университети талабаси Гулшода Жўраеванинг архивларга эътиборни кучайтиришга доир фикрларини вилоят ҳокими маъқуллади.

Тадбир ниҳоясида спортнинг кўплаб турлари бўйича халқаро, қитъа ва республика миқёсидаги мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёш -чемпионларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn