Уй-жой қурилишида «яшил тамойиллар»ни кенг қўллаш
  • 27 Январь 2017

Уй-жой қурилишида «яшил тамойиллар»ни кенг қўллаш

ҳам экологик, ҳам иқтисодий тарафдан ўта фойдалидир

Қурилиш индустрияси ва бунёдкорлик жабҳасига “яшил тамойиллар”ни қўллаш “яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Зеро, у ҳам экологик, ҳам иқтисодий тарафдан ўта фойдалидир. Аниқроғи, “яшил тамойиллар”нинг амалиётга кенг жорий қилиниши орқали бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги  ортиб, йилига ўртача 12 миллион тонна нефть эквивалентига тенг миқдорда энергия тежаб қолиниши мумкин.

Бу Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази томонидан тайёрланган қишлоқ жойларда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга бағишланган таҳлилий маърузада ҳам ўз инъикосини топди. Унда қайд этилишича, экоиншоотларда энергия, сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланилиши баробарида, уни эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари бирмунча камаяди, пировардида бинолар эгалари коммунал хизматлар учун янада камроқ ҳақ тўлашади.

Уй қуриш бизга қанчага тушади? 

Маърузада келтирилишича, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб ярми хусусий уй-жойлар, тижорат бинолари ва ижтимоий соҳа муассасаларига сарфланади. Айни пайтда қишлоқ жойларда барпо этилаётган тураржойлар сони муттасил равишда ортмоқда. Масалан, 2010 — 2015 йилларда мамлакатимизда қурилган уй-жойларнинг 

63 фоизидан ортиғи уларнинг улушига тўғри келди. Чунки давлатимиз томонидан қишлоқ ва шаҳарлар атрофидаги аҳоли пунктларига катта ҳажмда инвестиция йўналтирилмоқда. Бунинг ҳисобига 2009 йилдан буён республика бўйича умумий майдони 6,5 миллион квадрат метрга тенг бўлган қарийб 45 мингта уй қурилиб, ўз эгаларига топширилди. 

Қишлоқларда барпо этилаётган уй-жойлар энергия тежамкорлигини ошириш учун катта ҳажмда захирага эгамиз, деб бемалол айтишимиз мумкин. Ўрганишларга кўра, уларнинг аксариятини лойиҳалаштиришда энергия самарадорлиги ҳисобга олинмаган. Мисол учун, ушбу тураржойларнинг 68 фоизи бир қаватли ёғоч деразага эга бўлса, 95 фоиздан ортиғи иссиқ сақлайдиган томларни кўзда тутмаган. Натижада қишлоқ жойлардаги уйларда табиий газнинг ўртача сарфи ҳар бир квадрат метр учун 8,3 куб метрни ташкил қилади. Бу энергия самарадорлигига эришилган уйлардагига нисбатан 33 фоиз кўпдир. Иссиқлик қозонларининг фойдали иш коэффициенти(ФИК) эса 50 фоиздан ошмайди, автоматик термостатлар, яъни ҳароратни бир хилда ушлаб турадиган асбоб эса жуда кам ишлатилади. 

Сўнгги пайтларда барпо этилаётган уй-жойларда вазият бирмунча яхшилигини кўриш мумкин. Гарчи, уларда энергия сарфи кам бўлса-да, уйларнинг стандарт режасида хона деворлари, шифт ва поли етарли даражада  изоляция қилинмаган. Қозонларнинг ташқарида жойлашгани туфайли иссиқ сувни ичкарига олиб кириш ортиқча энергия, уйдан ташқаридаги қувурлар учун қўшимча иситиш чораларини кўриш талаб қилинади. Қозонлар жуда паст энергия самарадорлигига эга, муқобил иссиқлик манбалари эса амалиётда кўзга ташланмайди. 

Бугунги кунда уй-жойлар, тижорат бинолари ва ижтимоий соҳа объектларида энергия сарфи жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан камида икки баравар кўпроқни ташкил қилади. 

 

Уриниб кўрса арзийди

Ўзбекистонда, айниқса, қишлоқ жойларда бунёдкорлик ишлари кенг кўламда олиб борилаётганини инобатга оладиган бўлсак, ҳудудларда “яшил қурилиш”ни изчил жорий қилиш иқтисодиётимиз, жамият ва атроф-муҳит учун катта фойда келтириши мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, энергияни тежаш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ экологик уй-жой қуриш билан боғлиқ харажатлардан кўпроқни ташкил қилади. 

Юқорида қайд этилганидек, қуриш ва таъмирлаш ишларига “яшил тамойиллар”ни қўллаш орқали биноларнинг энергия самарадорлигини бир неча марта ошириш мумкин. Яъни биргина девор ва полларни изоляциялаш ва совуқ ўтмайдиган қилиб жиҳозлаш, радиаторларни ҳароратни назорат қилиб турадиган терморегулятор билан таъминлаш орқали табиий газ истеъмолини ойига ўртача 25 фоиз қисқартириш мумкин. Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш энергия самарадорлигини камида яна 25 фоиз ошириш имконини беради.

Бу эса ўз-ўзидан ушбу табиий бойлик сарфини кескин камайтиради. Натижада атмосферага ис газини чиқаришни кескин қисқартириш имкони юзага келади. Шу билан бирга, экологик тоза биноларда ҳароратни бир маромда ушлаб туриш мумкин бўлади ва мусаффо ҳаводан нафас олиш шароити яхшиланади. Бу эса ўткир респиратор касал-ликларини 9 — 20 фоиз, аллергия ва астма хасталикларини 18 — 20 фоизгача камайтиради.

Энергия самарадорлиги соҳасидаги қарорлар бири-бири билан узвий боғлиқ бўлган тармоқларнинг маҳсулот ва материаллари — асбоб-ускуналар, иссиқлик изоляцияси ашёлари, биноларни ҳамда сувни иситиш учун энергия тежамкор қозонларга бўлган талабнинг ортишига олиб келади. Қисқача айтганда, буларнинг барчаси “яшил қурилиш”ни кенг қўллаш заруратини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Энергия самарадор бўлган уйлар ташқи девор, асосий девор ҳамда тамал деворлар совуқдан яхши ҳимояланган ва ажратилган бўлишини талаб қилади. Деразаларни қулайроқ жойлаштириш, радиаторлар учун иссиқликни тартибга солувчи ва иссиқлик даражасини акс эттирувчи қисмлардан фойдаланиш лозим. Бундай тураржойлар қишлоқларда уй-жойлар қуриш дастури доирасида қад ростлаётган объектлардан -тахминан 2,9 фоиз қиммат бўлса-да, йилига энергия истеъмолини ўртача 24,5 фоиз қисқартириш имкониятига эга. 

 Атмосферага ис гази кам чиқарадиган уйлар энергия самарадор бўлган иншоотларнинг барча хусусиятини ўзида мужассам этиши билан бирга, қуёш энергияси панеллари ёрдамида хоналарни ёритиш имкониятига эга. Улар қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш дастури доирасида барпо этилаётган хонадонлардан тахминан 6,2 фоиз қиммат. Аммо бундай тураржойлар энергия истеъмолини 25 фоизга қисқартиришга олиб келади, электр тармоғига боғлиқ бўлмаган муқобил электр энергиясининг ишончли манбаини таъминлайди. 

Энергия самарадорлигининг иқтисодий натижаси таҳлили шуни кўрсатдики, энергияни кам ишлатиш натижасида олинадиган наф алал-оқибат дастлабки харажатлар миқдоридан ортади ва “экологик фойда” келтира бошлайди.

Тежамкорлик натижаси

Экологик тоза биноларни қуриш молиявий ва иқтисодий нуқтаи назардан ўзини оқлайдими? Албатта. 

Бунинг учун биринчи галда  қишлоқда янги уйларни қуришга инвестиция киритиш учун қулай механизмлар бўлиши керак. Бу экологик тоза уйларни ипотека кредитлашнинг янги шакли “яшил ипотека” ҳисобланади. “Яшил ипотека” кўчмас мулк харидорларига энергияни иқтисод қилишга ҳамда ис газини чиқаришни камайтиришга хизмат қиладиган буюмларни сотиб олиш учун қўшимча маблағ жалб этиш имкониятидир. Агар банк, инвестор/қурувчи, харидор ва ваколатли орган ёки экологик тоза уй-жойлар лойиҳаларини сертификатлаш бўйича экспертлик ташкилоти иштирокида ўзига хос ҳамкорлик тузилса, “яшил ипотека” доирасидаги ташаббуслар янада самарали бўлади. Молиявий институтлар махсус сертификатланган, айни пайтда энергия ва экологик кўрсаткичлари яхши бўлган уйларга “яшил ипотека”ни беришдан манфаатдор бўлади. Чунки улар учун кредитни қайтариш рисклари сезиларли даражада камаяди. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай молиявий маҳсулотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши энергия самарадор биноларни қуриш ва ис гази чиқарилишини камайтириш соҳасида юксалишга замин яратади.

Хўш, нимадан бошлаш керак?

Қулай бозор ва инвестиция муҳитини яратиш орқали қишлоқларда энергия тежамкор уйлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш лозим. Бунинг учун биз “яшил ипотека” тизимининг молиявий жозибадорлигини янада ошириш, атмосферага ис газини кам чиқарадиган тураржойлар қуриш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ҳамда қувватлар тармоғини мустаҳкамлаш, экологик тоза уй-жойлар учун махсус қоидаларни жорий қилиш, бундай хонадонларнинг афзалликлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида қўшимча чора-тадбирларни кўришимиз зарур. “Яшил ипотека”нинг молиявий барқарорлиги кредитлаш учун фойдали таклифларни илгари суриш имконини беради. Мисол учун, ипотека муддатининг узайтирилиши ҳар ой камайиб борадиган ойлик тўловлар кўринишида қўшимча рағбатга ундайди ҳамда энергия самарадорлигига тўлиқ эришишга замин яратади. Чунки энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўришга ўртача 20 — 25 йил кетади. Иқтисодий тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, уй эгаси 20 йиллик “яшил ипотека”дан камида 6 минг доллар фойда кўради. Шунингдек, “яшил ипотека”нинг жозибадорлигини ошириш мақсадида беш йиллик имтиёзли даврни жорий қилиш мақсадга мувофиқдир. 

Ушбу ғоянинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши янги қишлоқ массивларини режалаштириш ва барпо этишда замонавий технологиялар ҳамда ёндашувларни кенг қўллашни талаб қилади. Ушбу соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар тармоғини мустаҳкамлашга кўмаклашиш устувор вазифа ҳисобланади. Маҳаллий корхоналар учун қулай шарт-шароит яратиш энергия тежамкор қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудга хос бўлган технологияларни жорий этиш ҳам катта самара беради. 

Қурилиш соҳасига оид меъёрларнинг энг минимал энергия истеъмолига оид стандартларини янгилаш зарур. Бу экологик тоза уй-жойлар ва аҳоли пунктларини барпо этиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Бунинг учун энергия самарадор ва углерод чиқариши даражаси паст бўлган уйларнинг лойиҳа талабларига мувофиқлигини бинони қуриш ва уни фойдаланишга топшириш босқичида текширишнинг баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш зарур. 

Бу уйларнинг электр истеъмоли, энергетика ва энергия тежамкорлиги бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатадиган компаниялар фаолиятини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни кўзда тутади. Зеро, бу механизмлар биноларнинг энергия самарадорлиги салоҳиятини баҳолаш, энергия аудитини ўтказиш ҳамда энергетика инспекциялари ҳисоботларини тузиш учун айни муддао бўлади. Шундай қилиб, қурилган бинолар, берилган сертификатлар, фойдали иш коэффициентлари ҳақида ахборот тўплаш ва сақлаш учун энергия истеъмоли маълумотлар базаси шакллантирилади. Замонавий қурилиш амалиётида энергия истеъмолининг минимал стандартларига риоя қилиш учун қурилиш меъёр ва қоидаларини янада кучайтирмасдан ҳамда қайта кўриб чиқмасдан, мазкур чора-тадбирларни тўлақонли амалга ошириб бўлмайди. 

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази материаллари асосида 

Қ. ХИДИРОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn