Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш — барчамизнинг бурчимиз
  • 26 Январь 2017

Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш — барчамизнинг бурчимиз

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. Сана муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий маданий марказлар фаоллари билан учрашуви бизни тўлқинлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбари кўп миллатли аҳил мамлакатимизнинг янада равнақ топиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, истиқболдаги вазифалар  хусусида алоҳида тўхталди. Айниқса, “Янада огоҳ ва сергак бўлиш, энг асосий бойлигимиз бўлган ва биз ҳақли равишда фахрланадиган кўп миллатли халқимизнинг бирдамлиги ва жипслигини кўз қорачиғидек асраш ҳамда янада мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ўз Ватани, деб биладиган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Биз фақат шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига самарали қарши туришимиз, жамиятимизда турли бузғунчи ғояларга қарши қатъий иммунитет яратишимиз, ўзимиз танлаган демократик тараққиёт йўлида янада салмоқли натижаларга эришишимиз мумкин”, деган гаплари ҳар биримизга янада катта масъулият юклайди.

Учрашувда Президентимиз пойтахтимиздаги илгари “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятига тегишли бўлган, Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни “Дўстлик саройи”, шунингдек, бу бинонинг ёнида жойлашган ҳамда мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказиб келаётган боғни “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф қилганлари мамлакатимизда аҳил ва иноқ яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларини жуда қувонтирди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда миллати, тили, дини, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечирмоқда, келажаги буюк Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, эртанги истиқболига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча имконият яратиб берилган.

Буни биргина умумтаълим мактабларида таълимни етти тилда олиб бориш йўлга қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Миллий маданий марказлар ўз халқларининг анъаналари, маросимларини тиклаш, уларни Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат вакилларига яқиндан таништириш, шунингдек, ўзбек халқининг маданияти, санъати, тили, урф-одатларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Бу саъй-ҳаракатлар миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази фаолияти фикримиз тасдиғидир. 

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимиз тарихи, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ҳамда урф-одатлари ўхшаш. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари фаоллашди. Икки давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифи амалга оширилди. Кенг жамоатчилик Андижон ва Ўш шаҳарларига делегацияларнинг ўзаро ташрифини мамнуният билан қабул қилди.

Бугунги кунда республикамизда қирғиз миллатига мансуб 300 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, уларнинг ҳар бири Ўзбекистонни ўз Ватани деб билади. Чунки инсон боласининг туғилган жойи — Ватани ҳисобланади. 

Биз ҳам шу азиз диёрда дунёга келдик, униб-ўсдик, ўзбек халқи билан ака-ука, қуда-анда, дўст-биродар бўлдик. Кўп миллатли бағрикенг юртимизга эл бўлиб, озод ва обод, муқаддас Ватанимизда бир оила фарзандларидек тинч-тотув яшамоқдамиз. Шунинг ўзи олий саодатдир.

Миллий маданий марказимизнинг Андижон вилояти бўлими қошида “Дўстлик”, Сирдарё вилояти бўлими ҳузурида “Жан-Жанай” қирғиз миллий фольклор ансамбллари ташкил этилган. Келажакда Жиззах, Наманган, Тошкент вилоятларида ва пойтахтимизда ҳам ана шундай ижодий жамоалар фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган. “Ўзбекистон” телерадиоканалида ҳар ойда бир марта эфирга бериб борилаётган “Ягона оила” кўрсатувида миллий маданий марказлар ўз чиқишлари билан иштирок этмоқдалар. Шунингдек, “Эл-оман” ва “Минг киял” номли қирғиз тилидаги радиоэшиттиришлар доимий равишда эфирга узатилиб борилаяпти.

Инсон қадри ҳамиша улуғланадиган мана шундай муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахрланамиз ва унинг равнақига муносиб ҳисса қўшишни ўзимизнинг бурчимиз, деб биламиз.

Раҳматулла ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn