Меҳр-оқибат ва аҳиллик ифодаси
  • 25 Январь 2017

Меҳр-оқибат ва аҳиллик ифодаси

Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандларидек яшаб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланиши, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилиши белгилаб қўйилган. Бинобарин, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар.
Шу кунларда Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган турли тадбирлар, анжуманларда ана шу тамойиллар ўзининг юксак ҳаётий ифодасини топаётганлиги эътироф этилаётир.
Юртимиздаги турли миллий маданий марказлар вакиллари мамлакатимизнинг Бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Фанлар академиясида Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон мустақиллиги — миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр” мавзуидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, олим ва мутахассислар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б. Йўлдошев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов ҳамда бошқалар халқимизга хос бағрикенглик фазилатлари истиқлол йилларида янги, янада чуқур мазмун-моҳият билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини таъкидлашди. Ушбу жараён миллий маданий марказлар фаолиятининг муҳим мезонига айланди.
— 1992 йили Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг 10 та миллий маданий марказ фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 137 тага етди, — дейди Республика байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев. — Ўзаро ҳамкорликда 2016 йилда 700 дан ортиқ илмий-амалий ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ўтказдик. Чунончи, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” шиори остидаги дўстлик ва маданият фестивали олтинчи бор ташкил қилиниб, унда 40 мингдан зиёд турли миллат вакиллари фаол -қатнашди.
Тинч-тотув, миллатлараро аҳиллик ҳукм сурган юртда тараққиёт устувор бўлади. Бундай ҳамжиҳатлик муҳити, аввало, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғоялари асосида мустаҳкам қарор топди. Бугун мазкур эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг турли миллат вакилларидан иборат халқимиз билан мулоқот қилиш, улар қалбига қулоқ солиш, муаммоларига ечим топиш борасидаги ташаббуслари бунинг ёрқин исботидир.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқув дастурлари 7 тилда олиб борилмоқда. Ўндан ортиқ тилларда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланаяпти, газета-журналлар нашр этилаётир.
Анжуманда “Миллатлараро тотувлик — тинчлик ва барқарорлик кафолати”, “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда динлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқлар”, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, “Миллатлараро тотувлик — жамиятдаги бирлик ва ҳамжиҳатлик омили” каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон корейс маданият марказлари ассоциацияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак, Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич ҳамда бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонда тинчлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликнинг асосий омилларидан бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбир доирасида “Ўзбекистонда бағрикенглик маданияти” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Мамлакатимизда турли миллат вакилларининг бугунги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон — умумий уйимиз” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.
Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Бадиий академиясида “Ўзбекистон — умумий уйимиз” мавзуида тасвирий, фото ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси очилди.
Унда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар фаолиятини акс эттирган тасвирий санъат асарлари, фотосуратлар қаторида ҳар бир миллатнинг ҳунармандчилиги, либослари, амалий санъат намуналари намойишга қўйилган.
Кўргазма доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказилган “Ўзбекистон — умумий уйимиз” VI дўстлик ҳамда маданият фестивалининг ғолиблари тақдирланди.
Санъат — дилларни дилларга боғловчи беқиёс кўприк. Унинг сеҳри ва жозибаси туфайли ирқи, тили, миллати, динидан қатъи назар, турли миллат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликнинг қадри улуғлигини англайди. Эзгуликка интилиб, ягона мақсад — тинчлик ва осойишталикни тараннум этадилар.
Ушбу сана муносабати билан кеча “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида уюштирилган гала-концертда ана шу жиҳатлар яққол намоён бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24 январь куни миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди. Учрашув қатнашчилари ва улар тимсолида кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқини Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги билан самимий табриклади. Давлатимиз раҳбари миллий маданий марказлар фаолларидан бир гуруҳига Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди.
Тантанали маросимда ана шу тадбир тафсилотлари намойиш қилинди.
Ватан, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик ҳақида айтилган қўшиқлар, турли -халқларнинг миллий ашулалари, рақслари ижро этилган концерт иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
— Ҳар бир қўшиқ ва рақсдан завқланиб, қалбим қувончга тўлди, — дейди Жиззах вилояти корейс миллий маданий маркази раиси Олег Ким. — Қолаверса, бугун ҳаётимда унутилмас воқеа рўй берди, чунки Президентимиз Фармонига асосан, “Дўстлик” ордени билан тақдирландим ҳамда ушбу юксак мукофотни давлатимиз раҳбарининг ўзлари топширдилар. Бундай эътибор ва рағбатнинг масъулияти катта. Ниятим, жонажон Ватанимиз — Ўзбекистон Республикасининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш. Бағрикенг, юз-кўзи кулиб турадиган, меҳмондўст, бировдан ёрдамини асло аямайдиган, самимий инсонлар билан ёнма-ён яшашнинг ўзи катта бахт.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқимизга хос бағрикенглик ҳамда тинчликсеварликни қадрлаш, келажак ворислари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, аҳоли саломатлигини асраш каби улуғвор мақсадлар намоён.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn