Жамоатчилик назорати
  • 25 Январь 2017

Жамоатчилик назорати

аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда алоҳида ўрин тутмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилиш энг муҳим вазифа эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, одамларни ўйлантираётган долзарб масалаларнинг оқилона ечимини топиб, аҳолининг хотиржам ва ўз турмушидан мамнун бўлиб яшаши учун барча шароитни яратишга, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоянинг ҳаётбахшлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам куч ва -имкониятларини сафарбар этиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни такомиллаштиришга қаратилган қонунлар, давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини самарали олиб бориши айни заруратдир.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд вилоятида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотларининг ролини оширишга бағишлаб ўтказилган республика амалий семинари -замирида ана шу мақсад ўз ифодасини топди.
Амалий семинар ишида тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати каби қатор жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчаси, шунингдек, Сартепа мавзеси ҳамда Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги жами 1 минг 200 га яқин аҳоли хонадонларига ташриф буюришди.
Юзма-юз мулоқотлар асносида оилалардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, маънавий муҳит, оилаларнинг даромад манбаини ошириш режалари, аҳолининг турмуш тарзи ва уларнинг бандлиги, шунингдек, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларга йўл қўймаслик каби мавзуларда суҳбатлашилди. Оддий одамларнинг таълим, тиббиёт, маданият ва спорт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бозорлар ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари, банк муассасаларининг хизматига доир фикр-мулоҳазалари ўрганилди.
Ана шундай мулоқотларда, хусусан, Каттақўрғон тумани “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўлов терминаллари етишмаслиги, ҳудуд марказида замонавий ҳаммом қуриш, Зотхон қишлоғида қўшимча трансформатор ўрнатиш, ички йўлларни асфальтлаш, 4-мактабгача таълим муассасасини замонавий талаблар асосида қайтадан қуришга эҳтиёж мавжудлиги, Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчасида эса ичимлик суви таъминоти ва кўп қаватли уйлар жойлашган кўчаларни ёритиш борасида камчиликлар борлиги, тор ихтисосликдаги шифокорлар хизматидан фойдаланиш учун шаҳарчадан саккиз километр узоқликда жойлашган поликлиникага қатнаш аҳолига бирмунча қийинчиликлар туғдираётгани, ёшлар спорт майдончаси таъмирталаблиги, йўналишли автобуслар қатнови етарлича ташкил этилмагани аниқланди.
Ўрганишлар якунига кўра, касаба уюшмалари ва ҳамкор жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тегишли маълумотларни ҳудудлардаги мутасаддилар эътиборига тақдим қилиб, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланиши таъминланди.
Мазкур тадбирнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, халқ билан мулоқот давомида аниқланган айрим муаммоларни жойида ижобий ҳал этишга эришилди. Жумладан, Каттақўрғон туманидаги “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жонибек Ҳайитовга чорвачиликка асосланган оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун банк ходимларини жалб этган ҳолда, имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Самарқанд шаҳридаги “Бунёд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Юсуфжон Абдураҳмоновнинг ўз саломатлигини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатилди.
— Пенсия ёшидаман, — дейди Каттақўрғон тумани “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Очил Эргашев. — Очиғи, бепарволик қилиб, ўз вақтида янги паспорт олмаган эдим. Шу сабаб бўлиб нафақага чиқишим чўзилиб кетди. Ишчи гуруҳи хонадонимизда бўлганида муаммони яшириб ўтирмадим. Мени анча вақтдан бери ўйлантириб келаётган масала тезда ҳал этилди.
Чиндан ҳам, бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида аҳоли кенг қатлами билан очиқ ва доимий мулоқот олиб бормасдан, жамоатчилик фикр ва талабларини чуқур ўрганмасдан туриб, олға силжиб бўлмайди. Ўтказилган тадбир ана шундай самарали мулоқот майдонига айланди, десак, янглишмаймиз.
— Касаба уюшмалари ҳамда маҳалла институти давлат ва халқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими раиси Ҳакимжон Ҳамидов. — Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқандда ташкил этилган амалий семинар аҳоли кенг қатлами билан ишлаш борасидаги тажрибаларимизни янада бойитди. Юзлаб хонадонларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашдик. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, фарзандлари олий ўқув юртларида ўқиётган эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, кексалар билан мулоқотларда салмоқли таклифларни эшитдик, мавжуд муаммолар ечимида бевосита иштирок этдик.
Уч кунлик амалий семинар доирасида ўтган анжуманда инсон манфаатларини таъминлашда жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш масалалари қизғин муҳокама қилинди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан дастлабки тажриба сифатида Самарқанд вилоятида бошланган ушбу лойиҳани мамлакатимизнинг барча ҳудудида оммалаштириш мақсадга мувофиқлиги, бунда асосий талаб — ҳар бир хонадонга кириб бориб, оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш учун амалий ёрдам кўрсатиш эканлиги алоҳида қайд этилди.
Анжуман якунида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўртасида мазкур йўналишда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn