Ҳаракат стратегияси — жамоатчилик эътиборида
  • 24 Январь 2017

Ҳаракат стратегияси — жамоатчилик эътиборида

Шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.

Ушбу дастуриламал ҳужжат мамлакатимизни истиқболда янада тараққий топтиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Кеча Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ҳаракат стратегияси лойиҳасини ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишланган медиа-ҳафталик бошланди. Ҳафталик Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган медиа-майдонда бўлиб ўтмоқда. Маълумки, ушбу майдон ўтган даврда мустақил ҳамда давлат оммавий ахборот воситалари, экспертларнинг самарали мулоқот минбарига айланди.

Тадбир очилишида Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов ҳамда бошқалар қайд этганидек, бешта асосий йўналишдан иборат бўлган мазкур Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юртимизда кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳозирги пайтда лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими портали (https://regulation.gov.uz)да фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалалар, аҳоли кенг қатлами фикр ҳамда таклифларини комплекс ўрганиш мақсадида жойлаштирилган. 

Юртдошларимиз ушбу ҳужжат йўналишларидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини фаол билдиришмоқда.

Медиа-ҳафталик давомида брифинглар, матбуот анжуманлари, ток-шоулар ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, улар Ҳаракат стратегиясининг бешта йўналиши тақдимоти ҳамда очиқ муҳокамасини қамраб олган. Ушбу тадбирлар иштирокчиларга Стратегиянинг ҳар бир йўналиши билан аниқ ва батафсил танишиш имконини беради. Медиа-ҳафталик қатнашчиларига ўз ишини самарали ташкил қилиш учун барча қулайлик яратилган, 40 та компьютер ҳамда интернетдан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Ҳафталикнинг дастлабки кунида Ҳаракат стратегиясининг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган биринчи бўлими муҳокамаси кўриб чиқилди. Ушбу мавзуда адлия вазири М. Икрамов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Ш. Шерматов, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Мадумаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва комуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И. Абдуллаев, қуйи палата депутатлари Н. Мухторов, Р. Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедралари мудирлари Ш. Зулфиқоров ҳамда О. Турғунов маъруза қилди.

Маърузачилар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга эътибор қаратишди. Унда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш мақсад қилинган. Қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда тубдан ошириш, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ҳамда жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини давлат бошқарувининг марказлаштиришдан чиқариш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ҳамда ижтимоий таъминоти даражасини ошириш, иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали ислоҳ қилиш кўзда тутилганини айтишди. Давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмлари жорий этилади. Улар мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни рўёбга чиқаришда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарасини юксалтиришга қаратилган.

Халқ билан самарали мулоқотни ўрнатиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган.

Жамоатчилик назоратини олиб боришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш биринчи устувор йўналишни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

— Ҳаракат стратегиясининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг кейинги беш йиллик тараққиётини белгилаб беради ва мамлакатингиз раҳбариятининг мазкур интилишини халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлайди, — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг республикамиздаги доимий вакили Стефан Приснер. — Бу БМТ Тараққиёт дастури учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Стратегияда кўзда тутилган чора-тадбирлар БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари ҳамкорлик мақсадлари билан тўлиқ уйғундир. Ҳужжатнинг жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари иштирокида кенг муҳокама этилиши аҳолининг барча қатлами манфаатларини инобатга олишга хизмат қилади.

Биринчи йўналиш тақдимотидан сўнг мунозара ташкил этилди. Унда экспертлар иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди, Ҳаракат стратегияси юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Медиа-ҳафталик давомида журналистлар учун қизиқарли ҳамда мазмунли учрашувлар ташкил қилинади. Бу эса уларга Ҳаракат дастури йўналишларини оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этишда қўл келади.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn