Янги уйлар ўз эгаларига топширилмоқда
  • 24 Январь 2017

Янги уйлар ўз эгаларига топширилмоқда

Юртимизнинг янада обод, халқимиз ҳаёти бундан-да фаровон бўлишида, ҳеч шубҳасиз, қишлоқларимизнинг ўрни ва аҳамияти катта. Нега деганда, турмушимиз тўкислиги қишлоқ аҳлининг фидокорона меҳнати, аниқроғи, улар томонидан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва нозу неъматлар билан бевосита боғлиқ.

Шу боис миришкорлар учун қулай турмуш муҳитини шакллантириш, хусусан, қишлоқларнинг замонавий қиёфасини яратиш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини жаҳон андозалари талабларига мослаштириш, уларнинг манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Натижада юртимизнинг энг чекка ҳудудлари ҳам файзли гўшаларга айланиб, қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовут тобора камайиб бораётир. 

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унинг изчил ижросини таъминлаш мақсадида кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси эса ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда. 

Гап шундаки, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган арзон тураржойларнинг дастлабкилари яқинда ўз соҳибларига топширилди. Пировардида кўплаб эҳтиёжманд оилалар шахсий уй-жойига эга бўлиб, шоду хуррамликда яшамоқдалар. 

Фарғона шаҳридан чиқиб, Фарғона туманидаги Водил сари йўл олсангиз, автомобиль йўли бўйлаб қад ростлаган кўркам уй-жойлар эътиборингизни тортмай қолмайди. Бу ерда жуда қисқа вақт ичида 32 та хонадонга эга бир жуфт икки қаватли ҳамда бир қаватли 10 та уй қуриб битказилди. 

— Арзон уй-жойларнинг қурилиши мен каби оналарнинг ташвишини камайтирди, — дейди Мавлудахон Раҳимова. — Сабаби, улар аҳоли эҳтиёжлари ва харид қобилиятини ҳисобга олган  ҳолда, арзон нархларда таклиф қилинаяпти. Бу — катта ғамхўрлик. Масалан,  ўғлимнинг оиласи катталашгач, бир хонали уй торлик қилиб қолган эди. Имтиёзли кредит эвазига ушбу арзон уйлардан 3 хоналисини сотиб олди. Қаранг, шинамгина, ҳамма шароит муҳайё. Шаҳардаги қулайликлардан кам эмас. Кичик томорқа, мўъжазгина гулзори ҳам бор.  

Шаҳзодахон ва Шуҳратжон Тошматовлар ҳам ёш оила вакиллари тариқасида айнан 2 сотих майдонда қад кўтарган шинам уй-жойнинг   бахтиёр  соҳибларига айланишди. 

— Бу уй оиламиз учун зўр туҳфа бўлди, — дейди Шуҳратжон. — Ота-оналаримизнинг қувонганини айтмайсизми?! Турмуш ўртоғим Шаҳзодахоннинг ҳам севинчи ичига сиғмаяпти. Қисқаси, хурсандчилигимизнинг чегараси йўқ. 

Таъкидлаш керакки, истиқлол эпкини юртимизнинг олис ҳудудларига ҳам янги ҳаво олиб кирди. Қишлоқ одамлари меҳнатдан ортиб, яшаш шароитини яхшилашга, пишиқ ғиштдан уйлар солишга имкон топа бошлади. Сирасини айтганда, одамларнинг тафаккуридаги ўзгаришлар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқишга ундамоқда. 

Албатта, бугунги кунда ҳамманинг ҳам мустақил равишда замонавий уйлар тиклашга қурби етмас. Аммо бу борада халқ манфаатини ўйлаб яратилган пухта механизм мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига замон талабларига мос уйлар соҳиби бўлиш имконини берди.

Гап шундаки, эндиликда аҳолининг уй-жой қуриш учун алоҳида вақт сарфлашига, қурилиш материаллари излаб, елиб-югуришига ҳожат йўқ. Буюртмачи вазифасини ўтовчи “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан шартнома -имзолайди, холос.

Янгиланган  намунавий лойиҳалар асосидаги тураржойлар тайёр ҳолда топширилади. Уй-жойларнинг 15 йил муддатга имтиёзли кредитлар асосида берилиши ҳамда кредит қайтарилишига қадар 3 йилга имтиёзли давр белгиланиши  аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг юксак намунасидир.

— Ариза берганимизга 2 ой бўлди, — дейди Шавкатжон Йўлдошев. — Шу давр ичида қурилиш ишлари якунланиб, яқинда уйимизнинг калити тантанали равишда топширилди. Очиғи, ўзим мустақил равишда бундай уй-жойни тиклашим учун бир неча йил вақт сарфлашимга тўғри келар эди...  

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги эзгу ишлар кўлами янада кенгаяди. Биргина Фарғона вилоятида 2017 йил давомида 33 та қишлоқ массивида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш кўзда тутилгани бунга яққол мисолдир. Насиб этса, 604 та 2 сотихли ҳамда 240 та икки қаватли уй барпо этилиб, Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn