Имконият ва омилкорлик
  • 24 Январь 2017

Имконият ва омилкорлик

Мамлакатимизнинг  географик жиҳатдан  дунё океанлари ва унга туташ денгизлардан йироқлиги  аҳолининг балиқ  ҳамда балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда  мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва омилкорлик билан иш юритишни тақозо этади. Табиийки, бунинг учун кўл ҳамда бошқа сув ҳавзаларида балиқ кўпайтириш мақсадида соҳага илмий ёндашган ҳолда, илғор технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мезон асосида Навоий вилоятида кўрилаётган чора-тадбирлар эътиборга молик.

Маълумки, юртимизда истиқлол берган имкон —  турли  мулкчилик шакллари жорий этилгунга қадар мавжуд кўллар ва сув ҳавзаларида балиқ  кўпайтириш, тақсимлаш,  овлаш ва сувости дунёсини ҳимоя қилиш вазифалари турли идоралар зиммасига юкланган эди. Бу эса пировардида эл дастурхонида балиқ камайиб кетишига олиб келди. “Тўдакўл” сув ҳавзаси тақдири бунга яққол мисолдир.

Мазкур сунъий кўл ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ниҳоясида, асосан, экинларни  суғориш мақсадида бунёд этилган бўлиб, ҳудуди йигирма бир минг гектарни эгаллайди. Ундан балиқчилик ҳавзаси сифатида ҳам узоқ йиллар мобайнида хўжасизларча фойдаланиш натижасида янги минг йиллик арафасида бу ерда балиқ маҳсулдорлиги гектарига тўрт ярим килограммга тушиб қолди. Ўша пайтда у “Балиқчи” мажмуаси ижарасида бўлиб, кейинчалик унинг мулкчилик шакли ўзгарди. Шу тариқа “Тўдакўл” янги корхона акциялари пакетига эга мулкдорлар, яъни тадбиркорлар ижарасига ўтгач, улар истиқболли режа асосида иш юритишни йўлга қўйдилар. Балиқ кўпайтириш учун дастлабки йилларда чавақлар Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан келтирилган бўлса, бирмунча вақтдан сўнг улкан ҳовузлар, инкубация цехи ҳамда озуқабоп сув ўтлари етиштиришга мўлжалланган зоопланктонлар бунёд этилди. Ҳавзани браконьерлардан қўриқлаш ва балиқларни эпидемиологик ҳимоялаш вазифаларини ҳам тадбиркорлар ўз зиммасига олди. Пировардида қисқа муддатда кўлда балиқ зичлиги  биологик меъёрлар даражасига келтирилди.

Бугунги кунда кўлда замонавий технология асосида балиқ кўпайтирилмоқда. Аниқроғи, увулдириқлар мўътадил шароитда 72 соат сақланиб, ундан чавақлар олинади. Кейин эса улар етти кун мобайнида махсус рацион билан озиқлантирилади-да, катта ҳавзаларга ўтказилади. Шунда чавақларнинг 90 фоизини яшаб кетиши таъминланади. Сўнгги беш йилда “Тўдакўл”да балиқ етиштириш ҳажми 150 тоннадан 1500 тоннага етказилгани ана шу янги усулнинг самарасидир. 

— Ҳудудимизда 32 та тадбиркорлик субъекти балиқчилик билан шуғулланади, — дейди Қизилтепа тумани ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси Ваҳоб Ярашев. — Уларнинг тасарруфида салкам минг гектар ер бўлиб, бу ерда бир неча сунъий кўл ва ҳавзалар мавжуд. Шунингдек, уч нафар тадбиркоримиз “Айдаркўл”нинг вилоятимизга қарашли қисмидаги 2,5 минг гектарлик ҳавзада балиқчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини ташкил қилган. Натижада “Тўдакўл”да овланадиган балиқларни қўшмаганимизда ҳам, балиқчиларимиз томонидан йилига 630 тоннадан ошиқ “луқмаи ҳалол” етиштирилмоқда. Шунинг 131,1 тоннаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади.

Тумандаги сунъий ҳавзаларда, асосан, оқ амур, дўнгпешона, зоғорабалиқ парваришланади. “Кўбара Диёр”, “Обиддин”, “Целина — Оқ олтин” фермер хўжаликларида балиқ интенсив усулда кўпайтирилса, “Қизилтепа сазани” фермер хўжалигида чавақлар етиштирилади. Тилав Раҳимов раҳбарлигидаги мазкур субъектнинг инкубация ҳавзаларида зоғорабалиқ чавақлари 50 грамм тош босгач, буюртмачиларга етказиб берилади. 

Тармоқ ривожига қаратилаётган эътибор ва унинг равнақи туфайли бугунги кунда Қизилтепа тумани бозорларида балиқнинг нархи ҳам анчагина барқарор. Жумладан, ҳар килосини тури ҳамда мавсумга қараб 6 минг сўмдан 15 минг сўмгача харид қилиш мумкин. Ваҳолонки, яқин-яқингача бу кўрсаткич 25 — 30 минг сўмни ташкил этганини кўпчилик яхши билади. 

— 2016 йил дастурига кўра, 25 та балиқчилик хўжалигини тузиш режалаштирилган эди, — дея сўзини давом эттиради суҳбатдошимиз. — Амалиётда лойиҳаларнинг барчаси ҳаётга татбиқ этилиб, 86,5 гектар майдонда сунъий сув ҳавзалари барпо қилинди. Пировардида 33 та янги иш ўрни яратилди. Шу мақсадда банкнинг 1 миллиард 394 миллион сўмлик кредити ва тадбиркорларнинг бир миллиард 967 миллион сўм маблағи ўзлаштирилди. 

Балиқ — нафақат парҳезбоп неъмат, балки витаминларга бойлиги ва шифобахшлиги билан халқимиз саломатлигини тиклашда алоҳида ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Навоий вилоятида тадбиркорлар мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, омилкорлик билан иш олиб борган ҳолда, соҳани янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn