Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови
  • 23 Январь 2017

Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови

Ўзбекистон  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлган сана — 1992 йил 2 март куни ҳар биримизнинг қалбимизга фахру ифтихор ҳиссини бағишлаган, мустақил юртимиз тарихидаги энг муҳим воқеа ҳисобланади. Ўшандан буён ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи пештоқида мамлакатимиз байроғи ҳилпираб турибди. 

Ана шу унутилмас онларга ҳам чорак асрга яқин вақт ўтди.

Бу йиллар юртимиз учун чинакам юксалиш йиллари бўлди. Мустақиллик туфайли  Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти орасида ўз ўрни, ўз салоҳияти ва мавқеига эга давлатга айланди. Ўтган давр мобайнида дунёдаги 133 та давлат билан дипломатик муносабатлар  ўрнатилди. 50 га яқин мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ва дипломатик ваколатхоналари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тошкентда хорижий давлатларнинг 45 та элчихонаси, 8 та фахрий консуллиги, 19 та халқаро ташкилот ҳамда молиявий ва дипломатик мақомдаги ваколатхоналар фаолият юритаяпти.

Истиқлол йилларида қўлга киритилган энг катта ютуқлардан бири — миллатлараро муносабатларнинг барқарор тизими яратилганлигидир. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда  миллий сиёсатнинг ўзига хос йўли ишлаб чиқилди ва у изчиллик билан амалиётга жорий этилди. Бу сиёсат тинчлик, барқарорлик ва фаровон ҳаётимизнинг пойдевори бўлди. 

Энг муҳими, юртимиз фуқаролари бўлмиш турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, тенгҳуқуқлик ҳамда ҳамжиҳатлик таъминланди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси миллатидан, ижтимоий келиб чиқиши ва диний мансублигидан қатъи назар, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида фаолдир. Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари орасида турли миллат вакиллари бор. 

Ҳозирги кунда юртимизда   140 та миллий маданият маркази фаолият кўрсатаяпти. Улар мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Конституциямизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, ҳар бир миллий марказда кенг имкониятлар яратилган бўлиб, улар қошида фан тўгараклари ва “Якшанба мактаблари” фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда ёшлар билан бирга, катта авлод вакиллари ҳам ўз урф-одатлари, маданияти, тили, тарихини ўрганмоқда. Бундай ғамхўрлик туфайли турли миллатга мансуб фуқароларимиз ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётда фаол иштирок этиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилаётир. 

2016 йил давомида миллий маданият марказлари иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон — умумий уйимиз” шиори остида анъанавий республика дўстлик ва маданият фестивали ўтказилди. Олтинчи бор ташкил этилган ушбу фестиваль доирасида 250 дан зиёд маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Уларда Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 42 мингга яқин турли ёшдаги юртдошларимиз  қатнашди. Қолаверса, мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган халқлар ҳаёти ва фаолиятини тараннум этувчи бир қатор ҳужжатли фильмлар яратилди. Бинобарин, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда “Ўзбеккино”нинг Ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар студияси билан ҳамкорликда юртимизнинг миллий сиёсати ҳамда миллатлараро тотувлик ҳақида ҳикоя қилувчи “Мустаҳкам ришталар”, “Ўзбекистон — бағрикенг диёр”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Биз сенинг фар-зандларингмиз, Ўзбекистон!” номли ҳужжатли фильмлар яратилиб,  кенг намойиш этилгани фикримиз далилидир.   

Республика Байналмилал маданият маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда кўламини кенгайтириш мақсадида Жамоатчилик кенгаши таъсис этилган бўлиб, унинг таркибига миллий маданият марказлари раислари ва фаоллари, шунингдек, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари киритилган. Жойларда ҳам вилоят ҳокимлари ўринбосарлари бошчилигида худди шундай Мувофиқлаштирувчи кенгашлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўз ҳудудида миллий маданият марказларига ҳар томонлама ёрдам бериш баробарида, Ватанимиздаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик таъминланишига масъул этиб белгилаб қўйилган. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши сингари ҳамкорларимиз борки, улар ўтказилаётган тадбирларимизда фаол.    

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Барчамизга яхши аёнки, инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир”, дея таъкидлади. Зеро, бирдамлик, ҳамжиҳатлик бор жойда барака бўлади. 

Мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг урф-одат, қадрият ҳамда анъаналари, тили ва маданиятини келгуси авлодларга етказиш, юрт тинчлиги, осо-йишталиги, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Насриддин МУҲАММАДИЕВ,

Республика Байналмилал маданият маркази директори,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn