Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир
  • 23 Январь 2017

Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони кичик бизнес истиқболи йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Наманганда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари, прокуратура, ички ишлар, банк, молия, солиқ, божхона идоралари раҳбариятининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқоти мазкур ҳужжат тарғиботи ҳамда унинг ижросига бағишланди.

Тадбир аввалида бугунги кунда иқтисодиётнинг чинакам устунига айланган хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлар, унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ўз навбатида, ана шу имтиёзлардан фойдаланишнинг аҳволи, эришилаётган натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилиб, уларни бартараф қилиш йўл-йўриқлари кўрсатиб ўтилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Наманганда ўн олти ярим мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатиб, истеъмол бозорини рақобатдош товарлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Буни, жумладан, соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ўтган йил якунлари бўйича 80,3 фоизга етганида яққол кўриш мумкин. Тадбиркорлик субъектлари ташқи иқтисодий муносабатларда фаол иштирок этиб, 2016 йил давомида 150 миллион  АҚШ долларига тенг миқдорда экспорт амалиётини бажаришди. 

Тадбирда, шунингдек, соҳа вакиллари фаолиятини кенгайтириш ва янада ривожлантириш йўлидаги камчиликлар, уларни рўйхатдан ўтказиш, ер ажратиш, кредит билан таъминлаш масалаларига доир муаммолар тилга олинди. Буларнинг аксарияти тадбиркорлар ва уларга хизмат кўрсатувчи давлат идоралари ходимларининг ҳуқуқий билим ҳамда кўникмалари билан боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Очиқ мулоқотда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси Б. Парпиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Абдуллаев, Ўзбекистон -Республикаси ички ишлар вазири А. Азизов Президентимизнинг юқоридаги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталиб, унинг ижросини таъминлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликларни танқидий таҳлил қилишди. Ишбилармонларга, шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўйиш ҳаракатидаги фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, кичик бизнес субъектларини экспорт фаолиятига кенг жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, хотин-қизларни иш билан таъминлаш юзасидан мутасаддилар олдида турган вазифалар кўрсатиб берилди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров иштирок этди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn