Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси
  • 20 Январь 2017

Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси

Мамлакатимизда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди. Байрам муносабати билан Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев барчани самимий табриклади. Мустақиллик йилларида миллий армиямизни шакллантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари алоҳида эътироф қилиниб, бу йўналишда бошланган ишларни изчил давом эттириш бўйича энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган мазкур табрик ҳамюртларимиз томонидан катта қизиқиш ва мамнуният билан кутиб олинди.

Буни уларнинг дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

 

Кимё РАСУЛОВА, оддий аскар онаси (Наманган шаҳри):

— Президентимиз табригини катта ҳаяжон билан тингладик. Давлатимиз раҳбари собиқ шўро даврида Ўзбекистон ёшлари учун ҳарбий хизматни ўташ қанчалик оғир ташвиш ва машаққат бўлганини эсга олиб ўтдилар.

Ҳақиқатан ҳам, илгарилари “Ўғлингиз армияга боради”, деса, ота-оналар ҳаловатларини йўқотиб қўйишарди. Фарзандларини ҳарбий хизматга минг азобда, йиғи-сиғи билан кузатишарди. Чунки жигарбандлари олис ўлкаларда, қийин шароитларда хизмат қиларди-да.

Юртимиз фарзандларидан, асосан, қурилиш батальонларида, қора ишчи сифатида фойдаланилганини биз, ёши катталар яхши биламиз. Бугун-чи? Мустақиллик шарофати билан армиямиздаги муҳит ижобий томонга ўзгарди. Ўғлонларимиз шарафли бурчни энди ўз заминимизда, Ватанимизда адо этишмоқда. Муддатли ҳарбий хизматга кузатиш, армиядан қайт-ганларни кутиб олиш маросимлари қанчалик хурсандчилик билан, худди байрамдек ўтказилаётганини айтмайсизми?! -Президентимиз шу ҳақда тўхталиб, “Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан”, -деганлари барчамизни тўлқинлантирди.

Ўғлим Расулбек ҳам “Онажон, мен армияга бораман”, деганида қанчалик қувонганимни билсангиз эди. “Бўйгинангдан ўргилай”, деб уни бағримга маҳкам босиб, бу йўлда муваффақият тиладим. Ахир фарзандининг эл корига ярайдиган инсон сифатида камолга етиши ҳар қандай ота-онанинг орзуси, бахти-да...

Айни кунларда Расулбек муддатли ҳарбий хизматни Самарқанд вилоятида ўтаяпти. У хизмат қилаётган ҳарбий қисмга бориб, шарт-шароитлари билан яқиндан танишиб, кўнглим хотиржам тортди. Давлатимизнинг ҳарбий хизматчиларга бўлган ғамхўрлигига яна бир карра гувоҳ бўлдим.

 

Лазизжон УСМОНОВ, II даражали “Шон-шараф” ордени соҳиби, подполковник:

— 25 йил. Тарихан шу қисқа давр мобайнида барча соҳа қатори мамлакатимиз мудофаа қудратини юксалтириш борасида ҳам улкан ишлар рўёбга чиқарилди. Натижада бугунги кун талабларига мос, тезкор, замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучларимиз вужудга келди. Эътиборлиси, ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланди. Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун нафақат конституциявий бурч, балки ҳақиқий шон-шараф ишига айланди.

Давлатимиз томонидан биз, ҳарбий хизматчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маиший шароитимизни яхшилашга ҳам юксак эътибор қаратилаётир. Буни ҳар биримиз амалий жиҳатдан кўриб, дилдан ҳис этиб турибмиз. Президентимиз ўз табригида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш хусусида алоҳида сўз юритиб, “...ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш диққатимиз марказида бўлиши даркор. Бу соҳада қабул қилинган давлат дастурини амалга ошириш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш объектив заруратга айланганини бугун яққол ҳис этмоқдамиз.

Шу мақсадда хизматни ўташ тартиби, фронт орти таъминоти, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган, кўпдан буён ҳаёт талабига айланган норматив-ҳуқуқий -ҳужжатларни ишлаб чиқишни тезлаштириш муҳим аҳамиятга эга”, дея таъкидладилар. Бундай беқиёс ғамхўрлик, билдирилаётган юксак ишонч зиммамизга катта масъулият юклайди.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳаётимда рўй берган унутилмас воқеани айтиб ўтишни истардим. Камтарона хизматларим қадрланиб, Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирландим. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантанали маросимда Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев орденни кўксимга ўз қўллари билан тақиб қўйганларида қалбим чексиз фахр ва ифтихор ҳиссига тўлди. Бундай улкан эътибор мени халқимизга, Президентимизга янада садоқат билан хизмат қилишга ундайди.

 

Икром БОЗОРОВ, “Жасорат” медали соҳиби, сержант:

— Байрам табригини диққат билан тингладим ва армиямизнинг асосий таянчи, дея эътироф этилган сержантлар таркибида эканимдан беҳад фахрландим.

Чиндан ҳам, ўтган давр мобайнида Қуролли Кучларимизнинг қудрати, салоҳияти, ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг ҳаракатчанлиги, мамлакатимиз осойишталигини таъминлаш қобилияти ошди. Сержант кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлашнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими яратилди. 

Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётганини инобатга олиб, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом -эттиришимиз даркорлигини билдирди. Қатор муҳим устувор вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳаммамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Ана шуни ҳис қилган ҳолда, ўз устимизда кўпроқ ишлаб, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини -юксалтириш йўлидаги ислоҳотлар самарадорлигига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn