Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш
  • 20 Январь 2017

Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш

Президентимизнинг илм-фаннинг етакчи намояндалари билан учрашуви биз учун том маънода тарихий воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари академиклар билан юзма-юз мулоқот қилиб, илм-фан тараққиётидаги муаммолар, шунингдек, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция бўйича фикрларимизни тинглади.

Шубҳасиз, ўзаро ишончга асосланган бундай учрашув инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги ифодасидир. Мулоқот очиқ ва эркин тарзда ўтди. Мамлакатимиз раҳбари аввалбошданоқ бизга -дастурий маъруза қилмоқчи эмаслигини айтиб, асосий мақсад — Ўзбекистонни чинакамига равнақ топтириш, халқимизни эса бахтиёр қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз ва бурчимиз эканлигини таъкидлади ҳамда бунинг учун қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида фикр ва мулоҳазаларимизни эшитиш муҳимлигига урғу берди.

Учрашув давомида тиббиёт, гуманитар соҳа, табиий ва аниқ фанлар вакиллари сўзга чиқишди. Мутахассис сифатида -жамият тараққиётида муҳим ўрин тутувчи мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, мазкур устувор соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби масалаларга эътибор қаратдим. Айни даврда энергетика иқтисодиётнинг таянч соҳаларидан бирига айланган. Бу жабҳада энергия тежовчи ва экологик тоза технологияларга ўтиш, энергетика ривожини миллий, минтақавий ҳамда глобал миқёсда мувофиқлаштириш, келгуси авлодлар манфаатини кўзда тутиш каби тамойиллар муҳим ўрин эгаллайди.

Бугунги кунда бутун дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларига катта аҳамият берилмоқда. Ўзбекистонда ушбу йўналишда биринчи галдаги вазифалар мавжуд. Булар — қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисидаги қонунни қабул қилиш, соҳани ривожлантиришга масъул бўлган махсус ваколатли органни, масалан, агентликни ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги янги илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш фондини тузиш, устувор дастур ва лойиҳаларни, чунончи, “Мингта қуёшли қишлоқ уйлари” каби лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича қуйидаги таклифларни киритдим: касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга 8-синфдан кейин қабул қилиш, бакалавриатни битирган талабаларга олий маълумот ҳақидаги диплом бериш, магистратурада ўқишни бюджет асосида ташкил этиш, йирик илмий-тадқиқот институтлари қошида магистратура курс-ларини очиш, докторантура бўйича эса — PhD европача тизимига ўтиш ва  фан номзодларини мақомига кўра PhD илмий даражасига тенглаштириш. 

Президентимиз олимларнинг ҳар бир чиқишини диққат билан тинглади ва айтиб ўтилган муаммоларнинг тагига етиб, -тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларига тезкор чоралар кўриш ҳақида топшириқлар берди.

Бўлиб ўтган учрашув унинг ҳар бир иштирокчисига келгуси ижодий фаолият ва конструктив тадқиқотлар ўтказиш учун кенг имкониятлар очди. Биз, академиклар янада фидойилик билан меҳнат қилиш, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни ҳал этишга ўз ҳиссамизни қўшиш учун тайёрмиз. 

Р. ЗОҲИДОВ, 

академик.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn