Юксак ишонч ва масъулият
  • 19 Январь 2017

Юксак ишонч ва масъулият

 Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини барчамиз катта ҳаяжон ва мамнуният билан тингладик.

Унда ўтган йиллар давомида профессионал миллий армияни шакллантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ҳамда глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган  ҳозирги шароитда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим устувор вазифалар белгилаб берилди.

“Албатта, мустақилликнинг илк йилларида барча соҳалар каби ҳарбий йўналишда ҳам кўплаб оғир муаммолар тўпланиб қолган эди. Аввало, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмас эди. Ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди. Энг мушкул муаммо — малакали ҳарбий кадрлар етишмасди. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди” деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, ана шу асосда олиб борилган кенг қамровли ишлар натижасида Қуролли Кучларимизни ташкил қилиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди. Юксак профессионал ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрларни тайёрлайдиган бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари, Қуролли Кучлар академияси фаолияти йўлга қўйилди. Қўшинлардаги кичик командирлар, яъни сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2001 йилда ҳарбий округларда сержантлар тайёрлаш мактаблари ташкил қилинди. Бугунги кунда бундай таълим масканларидан 26 та мутахассислик йўналиши бўйича кичик командирлар етишиб чиқмоқда. Муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгилангани, чақирувнинг йилда бир марта ташкил қилинаётгани, Қуролли Кучлар сафида ўз бурчини ўтаб қайтганларга ишга жойлашиш ва олий ўқув юртларига ўқишга киришда имтиёзлар яратилгани ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит қарор топишида, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин юксалишида муҳим омил бўлди. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан биз, ҳарбий хизматчилар ҳамда оила аъзоларимизни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маиший шароитларимизни яхшилашга ҳам катта аҳамият қаратилаяпти.

Умуман айтганда, тарихан қисқа муддатда ихчам, яхши таъминланган, мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиямиз барпо этилди. Бу ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони байрам табригида бугун ҳаётнинг ўзи ушбу жабҳада қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларни чуқур ва танқидий таҳлил қилишни талаб этаётгани, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ҳамда изчил ҳаракатларни давом эттириш даркорлиги таъкидланди. Мудофаа соҳасидаги қонунчилик базаси, қўшинларнинг жанговар таркиби, ташкилий тузилмаси, ҳарбий кадрларни тайёрлашни янада такомиллаштириш ва таълим жараёнига энг янги усул ҳамда технологияларни жорий қилиш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўплаб вазифалар кўрсатиб ўтилди. 

Булар ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ана шуни теран ҳис қилган ҳолда, мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш, осуда ҳамда фаровон ҳаётимизни асраб-авайлашдек шарафли бурчимизни сидқидилдан бажариш учун бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

 

Нодир ТУРҒУНБОЕВ,

«Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, подполковник.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn