Транспорт хизмати сифатини янада оширишда муҳим қадам
  • 19 Январь 2017

Транспорт хизмати сифатини янада оширишда муҳим қадам

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Истиқлолнинг ўтган чорак асрдан зиёд даври ўзбек халқи учун ҳақиқий озодлик, эркинлик ва фаровонлик йиллари бўлиб тарих зарварақларига битилмоқда. Бугун қай бир шаҳар ёки қишлоққа борманг, ўзгача манзарага гувоҳ бўласиз. Шаҳарларимиздаги кўркам бинолар, жаҳон андозаларига мос муассаса ҳамда корхоналар бир тараф бўлса, қишлоқларимизда қад кўтарган ва бугунги кунда янада такомиллашган арзон, шинам ҳамда қулайликларга бой намунавий тураржойлар бир тараф бўлиб, юртимиз жамолини дунёга кўз-кўз қилмоқда, десак, асло муболаға эмас.

Яқинда аҳоли билан учрашувларда ҳамюртларимиз давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган қарорини катта хурсандчилик билан кутиб олганликларига гувоҳ бўлдик. Дарҳақиқат, шаҳару қишлоқларимизда аҳолига қулай, сифатли ва энг асосийси, хавфсиз автомобиль транспорти хизмати кўрсатишни яхшилаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб қолганди. Энди мазкур қарор асосида амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар туфайли автотранспорт хизматлари кўлами янада кенгайтирилади.

Қарорда автотранспорт хизматини янада такомиллаштириш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бошқача айтганда, қабул қилинган ҳужжат айнан респуб-ликанинг шаҳар ва қишлоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни намунали ташкил этишга, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Қарор ижроси доирасида 2017 — 2021 йилларда 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши очилиши, улардан 204 тасини ёки 79,2 фоизини шаҳар атрофида ва қишлоқлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновлар ташкил этиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, янги йўналишлар очиш билан бирга, автобуслар етишмаслиги оқибатида қатновлар тўхтаб қолган йўналишлар қайта тикланади. Бу мақсадлар учун келгуси йилда 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланиш учун қулай бўлган микроавтобуслар харид қилиниши режалаштирилмоқда.

Йўловчиларга зарур қулайликлар яратиш мақсадида қуриладиган автостанциялар, бекатларни арзон материаллар ҳисобига барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади ва уларнинг барчаси намунавий лойиҳалар асосида амалга оширилади.

Ушбу соҳадаги яна бир янгилик шундан иборатки, қатнов йўналишларида автотранспортлар ҳаракатини, белгиланган жадвал асосида ҳаракатланишини ва хизмат сифатини назорат қилиб туриш мақсадида автобус ва микроавтобусларнинг ишини онлайн режимида доимий кузатиб бориш хизмати яратилади.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан юксалтиришда йўл ҳақи -тўловини такомиллаштириш масаласи муҳим ўрин тутади. Шу боис ушбу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар ўзининг халқчиллиги, одамларимиз жойларда ушбу соҳада дуч келаётган кундалик муаммолар пухта ва ҳар томонлама чуқур ўрганилган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Биз, сенаторлар ҳам бу жараёндан четда турмасдан, қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишимиз, ушбу йўналишдаги ишларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланишимиз жуда муҳимдир. Зеро, Президентимизнинг мазкур қарори халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган.

 

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn