Ислоҳотларнинг янги босқичи
  • 19 Январь 2017

Ислоҳотларнинг янги босқичи

иқтисодиётда сифат ўзгаришларини ва аҳоли фаровонлигини таъминлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган -Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасини яна бир карра чуқур мушоҳада қилган ҳолда режаларимизни муфассал кўриб чиқмоқдамиз. Айни чоғда қўмита йиғилишларида бу борада қизғин муҳокамалар бўлиб ўтаяпти.

Маърузада аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳоли, энг аввало, ёшлар, аёллар учун доимий иш ўринлари яратиш, уларнинг сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлашга оид долзарб масалалар, бу борада учраётган айрим муаммолар қатъий танқид қилинди. “Ғалаба рапортлари” ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ҳамда уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди. Албатта, бу биз, депутатлар зиммасига ҳам юксак масъулият юклайди. Олдимизга устувор вазифалар қўйилган. 

Мажлиснинг, асосан, мулоқот тарзида ўтказилгани, очиғини айтиш керак, халқимиз дилида тўпланиб қолган саволларни нафақат юзага чиқарди, айни пайтда унга жавоб бўла олди, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, бугунги кун олдимизга қўйилган саволларга аниқ-равшан жавоблар беришимизни, энг муҳими, у оддий одамлар учун тушунарли бўлиши лозимлигини қатъий қўймоқда. Ўз навбатида, биз, депутатлар жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтадиган учрашувларда масаланинг ана шу жиҳатларига асосий эътибор қаратишимиз, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда жойида ҳал этишга кўмаклашишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу, шубҳасиз, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини самарали кафолатлаш, айниқса, сиёсий онгни шакллантиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида мавжуд муаммолар ва ишлатилмаётган имконият ҳамда захираларни чуқур ва атрофлича таҳлил қилиб, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий, ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифасини белгилаб берди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилиш бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини, унинг моддий фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ижтимоий сиёсатни фаол давом эттиришда катта роль ўйнайди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими бўлган Халқ қабулхоналарининг шакллантирилаётгани нафақат жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, балки мамлакатимизда давлат бошқарувини янада демократлаштиришга қаратилганлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки эндиликда халқимиз нафақат сайловларда қатнашиш орқали, балки ўз мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан бошқарув жараёнида фаол иштирок этадилар. Бу эса “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” деган ҳаётий тамойилнинг изчил рўёбга -чиқарилаётганига ёрқин мисолдир. 

Маърузада, шунингдек, миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилдики, унинг бажарилиши тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд -муаммолар ҳамда камчиликларни бартараф этиш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиётни бошқаришдаги давлат ролини босқичма-босқич камайтириш ва унинг органлари ишини тубдан яхшилашда муҳим омил бўлади. Шаҳар ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, модернизациялаш борасида қабул қилинган дастурларни амалга ошириш бўйича берилган топшириқлар эса фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришларига, турмуш даражаси сифати ошишига имкон яратади.  

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилга белгилаб берилган энг муҳим йўналишлар ва устувор вазифаларнинг ҳаётий рўёби, шубҳасиз, келажакда демократик ва эркин бозор талабларига тўла жавоб берадиган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини таъминлаш ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш, ички бозорларимизни сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда энг асосийси, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишда дастуриламал сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn