Замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ
  • 19 Январь 2017

Замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ

Давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасида 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчилик ва хатолар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш мақсадида 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу вазифалар Ўзбекистонимизни нафақат жорий йил, балки келгуси беш йил давомида жадал ривожлантиришга қаратилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда у жойларда ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Орзиқул СОАТОВ, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Сурхондарё вилояти бўлими раиси ўринбосари:

— Президентимизнинг маърузаси билан танишиб чиқиб, халқимизни ўйлантириб келаётган ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаганига амин бўлдим. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлашга тўхталиб, жойларда ушбу муаммо ҳал этилмаганининг асл сабаби расмиятчилик билан боғлиқлиги очиқ-ойдин айтилди. Бу нечоғли долзарб эканлигини биргина касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга оширишда қўшиб ёзиш ҳолатлари учраётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди. 

Сурхондарё вилоятида 116 та касб-ҳунар коллежи бўлиб, уларни ҳар йили 45-46 минг нафар ўқувчи тамомлайди. Коллеж раҳбарларидан тортиб, туманлар ҳокимларигача март ойига қадар битирувчиларни ишга жойлаштириш борасидаги уч томонлама шартномаларни тўлдириш, меҳнат дафтарчалари очишни талаб қилишади. Аммо уларнинг ярми ҳам амалда иш билан таъминланади, дейиш мушкул. Чунки бу жараёнлар қоғозда бажарилаяпти, холос. 

Бундай дейишимнинг боиси уч томонлама шартнома имзолаган йигитлардан бир нечтаси фермер хўжалиги ёки корхона раҳбарига иш сўраб, мурожаат қилганида, “Бизда бўш иш ўрни йўқ. Ўша пайтда топшириқ шунақа бўлувди, ўшанда ҳам огоҳлантирганман-ку?!” деган жавоб олганини билдиришган. Бу каби ҳолат мустақил ҳаётга энди қадам қўяётган ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.

Давлатимиз раҳбари мазкур масалани қандай ҳал этиш мумкинлигини Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани мисолида содда қилиб тушунтириб бердилар. Бу тавсияни бизнинг вилоятда ҳам амалга оширса бўлади. Ана шунда навқирон йигитларимиз иш излаб, сарсон-саргардон бўлиб юришининг олди олинади. Ота-онаси бағрида, ўз юртида меҳнат қилиб, ҳам оиласига, ҳам маҳалла-кўйга, бутун жамиятга нафи тегади. 

 

Акмалжон АҲМАДЖОНОВ, Наманган туманидаги “Element paint” масъулияти чекланган жамияти раҳбари: 

— Президентимиз ўз маърузасида айтиб ўтганидек, ҳозирги кунда кўплаб саноат маҳсулотлари қаторида қурилиш материаллари ҳам ташқи бозорларда рақобатдош бўла олмаяпти. Аксинча, четдан олиб келинаётган бундай материаллар ҳажмининг кўплиги сақланиб турибди.  

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда қурилиш индустрияси жадал равнақ топаётганига қарамай, бунёдкорлик ишларида ҳамон хориждан келтирилаётган материал ва хом ашёлардан фойдаланилаяпти. Ваҳолонки, уларнинг катта қисмини ўзимизда ишлаб чиқаришнинг имкони бор. Бунга илғор технологияларни тезкорлик билан жорий этиш орқали эришиш мумкин. Масалан, биз бундан беш йил муқаддам лок-бўёқ маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган корхона фаолиятини йўлга қўйган эдик. Дастлаб ички  бозорга бор-йўғи 5-6 турдаги маҳсулот чиқарган бўлсак, айни пайтга келиб, уларнинг сони 50 дан ортди. Бунга, асосан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга устувор аҳамият қаратиш орқали эришдик. Хусусан, ўтган йили 1 миллиард сўм инвестиция киритиш эвазига амалга оширилган модернизациялаш тадбирларидан сўнг ташқи таъсирга чидамли бўёқлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Компьютерлаштирилган дастгоҳларни қўллаш ҳисобига эса бўёқлар ранги янада ёрқинлашди. Ўз навбатида, қувватлар ортиб, бир кеча-кундузда 5 тонна ўрнига 30 тонна маҳсулот тайёрлай бошладик. Пировардида ўтган йили истеъмол бозорига 2015 йилдагидан уч баравар кўп ёки 3 миллиард сўмликка яқин импорт ўрнини босувчи лок-бўёқлар чиқардик.

Демоқчиманки, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу масалада қўйилган талаблар ижроси бировнинг қўлига қарам бўлиб қолишга чек қўяди, таннархни камайтириб, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади. 

 

Оринбай ТОРЕНИЯЗОВ, Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган архитектор:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида шаҳарсозликнинг ҳозирги аҳволига холисона баҳо бериб, мавжуд муаммолар ечими ҳақида билдирган фикрлари, биз, соҳа мутахассисларининг айни дилидаги гап бўлди. Очиғи, замон талабларига жавоб берадиган лойиҳа институтлари ҳамон йўқлиги, соҳа моддий-техника базаси эскиргани, қабул қилинган бир қатор ҳужжатларнинг ижроси таъминланмаётганидан кўз юмиб бўлмайди. 

Бугунги шиддаткор ҳаётнинг ўзи олдимизга ахборот технологиялари, замонавий илм-фан, архитектура ва дизайн ютуқларидан унумли фойдаланиш масаласини қўймоқда. Чунки ўтган асрнинг 80-йиллари ускуналари, эскича қараш билан узоққа бориб бўлмайди. Мисол учун, Қорақалпоғистонда бино ва иншоотлар меъморий ечимини топишда, албатта, минтақа иқлим шароити, маҳаллий аҳолининг урф-одатлари, турмуш тарзини эътибордан қочирмаслик керак. Чунки бу ерда ёзда об-ҳаво нисбатан иссиқ бўлишидан ташқари, тез-тез -шамол эсади, қишда эса ҳарорат кескин совиб кетади. Агар миллий анъаналар замонавий унсурлар билан бойитилган ҳолда, кўркам ва қулай лойиҳа яратилса, нур устига аъло нур. Масалан, “Архторус” ижодий меъморчилик устахона жамоаси ана шу йўлдан бораётгани туфайли кўплаб ютуқларга эришаяпти. Уларнинг лойиҳалари асосида Оролбўйи минтақасида мактаб, коллеж, санаторий, шифохона, истироҳат боғи, тураржойлар, спорт иншоотлари каби юзлаб объектлар бунёд этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаб — янги лойиҳа институтларининг ташкил этилиши шаҳар ва қишлоқларимизнинг замонавий қиёфасини, ноёб меъморий ечимга эга иншоотлар лойиҳаларини яратиш каби вазифалар ижроси жадаллашишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn