Танқидий ва таҳлилий фикрлар янги марраларни эгаллаш учун мустаҳкам заминдир
  • 18 Январь 2017

Танқидий ва таҳлилий фикрлар янги марраларни эгаллаш учун мустаҳкам заминдир

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 январь куни бўлиб ўтган мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Унда билдирилган танқидий фикрлар, белгилаб берилган устувор вазифалар барчани йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, фидокорона меҳнат қилишга, Ватанимиз равнақига муносиб улуш қўшишга ундамоқда.

Абдураҳим ХЎЖАМБЕРДИЕВ, Қўрғонтепа туманидаги “Дардоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли:

— Давлатимиз раҳбарининг маърузаси билан яқиндан танишгач, чиндан ҳам, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп эканлиги, яратиб берилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланмаётганимизга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Чунки санаб ўтилган ҳар бир муаммо далиллар билан таҳлил қилиниб, унинг ечими ҳақида аниқ кўрсатмалар берилгани эътиборга моликдир. Масалан, қишлоқ хўжалигидаги камчиликлар ҳақида тўхталар экан, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш ишлари ҳам оқсаётганини куюнчаклик билан гапирдилар. 

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки қишлоқ шароитида томорқа оила фаровонлигининг гарови ҳисобланади. Фақат ернинг ҳар бир қаричидан оқилона фойдаланилса, бўлгани. Ўзимдан мисол келтирсам.

Гап шундаки, томорқамнинг атиги бир сотихида помидор ва булғор қалампири ниҳолларини етиштираман. Ҳозирги пайтда шу жойни экишга тахт қилиб қўйдим. Об-ҳаво шароитига қараб, февраль ойининг бошида уруғ қадаб, 20 минг туп кўчат ундириб оламан. Шундан 7 минг тупини сотаман. Қолганини эса ўзимиз парваришлаб, ҳосил етиштирамиз. Айтмоқчи бўлганим, ўртача 250 — 300 минг сўм маблағ сарфлаб, 3,5 миллион сўм соф фойда оламиз. Энг қулай жиҳати, бунинг учун қўшимча ишчи кучи, катта маблаққа ҳожат йўқ.   

Қизиқиб кўрсам, вилоятимизнинг ўзида аҳоли томорқасининг умумий майдони 27 минг 425 гектарга тенг экан. Айрим уддабурон деҳқонлар бир йилда уч мартагача ҳосил олишаётганини инобатга оладиган бўлсак, бунча ердан қанча даромад топиш мумкинлигини ўзингиз хомчўт қилиб кўраверинг. 

Президентимиз маърузасини тинглаб, шулар хаёлимдан ўтди ва бу йил ҳам томорқамдан унумли фойдаланиб, ички бозорни ноз-неъматлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшишга қарор қилдим. 

Муродали ФАРМОНОВ, Қамаши туманидаги “Муродали фарм текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Давлатимиз раҳбарининг маърузасида тилга олинган ҳар бир муаммонинг тагида ҳаётий ҳақиқат ётибди. Масалан, экспорт прогнозларининг бажарилмаганлигини олайлик. Бу биз, тадбиркорларнинг энг оғриқли жойимиздан биридир.     

Бизнинг корхонамиз пахта толасининг энг паст навини қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга ихтисослаштирилган. Унинг асосий қисми Россия, Хитой, Қозоғистон каби давлатларга сотилади. Ҳадемай, мижозларимиз сафига Жанубий Корея ҳамда Вьетнамдаги буюртмачилар ҳам қўшилади. Бошқача айтганда, йилига 1,5-2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилаяпмиз. 

Амалда бу кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун имкониятимиз бор. Бироқ маърузада айтилганидек, қуйи бўғиндаги айрим раҳбарларнинг реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолгани оқибатида чет эллик мижозларимиз сафи камайгани ачинарлидир. Хусусан, бизнинг корхонамиз жамоаси электр энергияси таъминотидаги узилишлар, хом ашёни вақтида ололмаслик каби арзимаган сабаблар туфайли хорижлик ҳамкорлар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолаяпти. Охир-оқибат биргина 2016 йилда 60 минг АҚШ долларилик экспорт шартномаси бажарилмади.

Ўйлайманки, энди бу муаммолар ўз ечимини топади. Чунки Президентимиз “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак”, дея қатъий талаб қўйди. 

Зарифа ҚУРБОНОВА, Кармана туманидаги “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли: 

— Мамлакатимиз раҳбарининг чиқиши, очиғи, халқ билан ўзига хос мулоқот бўлди. Буни маъруза билан дастлаб телевидение, сўнгра матбуот орқали танишган юртдошларимизнинг ўзлари айтишаяпти. Чунки унда эришилган ютуқлардан кўра, ҳар биримизни ташвишга солаётган масалаларга кўпроқ диққат-эътибор қаратилди. Айниқса, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида белгиланган вазифа ва режаларнинг бажарилмаётгани хусусидаги очиқ-ойдин танқидий фикрлари бизнинг дилимиз тубидаги гап эди.

Боиси, мен ушбу саноат ҳудудига туташ бўлган Кармана туманидаги “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман. Бундан 8 йил бурун эркин иқтисодий зона ташкил этилиши, у ерда юзлаб корхоналар фаолият бошлаб, минглаб иш ўринлари яратилиши ҳақидаги хабарларни эшитиб, бутун маҳалламиз аҳли хурсанд бўлган эди. Фарзандларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиз замонавий корхоналарда ишлаб, доимий даромад манбаига эга бўламиз, деб катта умид қилганди. Ҳатто баъзи қўни-қўшнилар эса ҳудуд атрофида сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари очишга ҳам киришган эдилар. Бироқ ушбу орзуларимиз тўлиқ рўёбга чиқмади.

Президентимизнинг бу ердаги аҳволни қисқа фурсатларда ўнглаш хусусидаги топшириқлари бизни янада руҳлантирди. Сабаби, илгари сурилган барча таклиф ва тавсиялар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn