Мавжуд камчиликлар ўз жойида ҳал этилади
  • 18 Январь 2017

Мавжуд камчиликлар ўз жойида ҳал этилади

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбирда 2016 йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳамда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган  мажлисидаги маърузаси мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Унда белгилаб берилган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, давлат солиқ хизмати органларининг устувор вазифалари белгилаб олинди. 

Ҳайъат йиғилишида асосий эътибор мамлакатимизда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан давлат солиқ хизмати органлари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, тушаётган ҳар бир мурожаатнинг адолатли кўриб чиқилиши, муаммонинг ҳал этилишини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Хусусан, мурожаатлар қайси тумандан, қандай муаммо бўйича келаётганини чуқур таҳлил қилиш орқали тизимдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш, халқнинг, тадбиркорларнинг ишончига эришиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш биринчи даражали вазифа сифатида қайд этилди.

Солиққа тортиш базасини янада кенгайтириш, белгиланган прогноз кўрсаткичларини бажариш бўйича амалдаги услубларни танқидий кўриб чиққан ҳолда, давлат солиқ хизмати органларига баҳо бериш тизимини мутлақо қайтадан кўриб чиқиш талаб қилинди.

Ҳар бир раҳбар томонидан мавжуд камчиликларни ишхонада ўтириб эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиб ҳал этиш, иқтисодий ночор ва фаолият кўрсатмаётган хўжалик юритувчи субъектларга амалий ёрдам бериб, қайта тиклаш, тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳловчи фуқароларга давлат рўйхатидан ўтишларида кўмаклашиш, қонун ҳужжатларига асосан яратилган имтиёзлардан тўғри ва самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, режадан ташқари ҳамда муқобил текширишларнинг бекор қилинганлигидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида содир этилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни ўтказиш, масофавий назоратни, шу жумладан, камерал назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат ва назорат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ишбилармонларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, раҳбарларнинг халқни менсимасдан муомала қилишига чек қўйиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш тўғрисида қабул қилинган Қонунга мувофиқ, алоҳида Дастур ишлаб чиқиш асосий вазифалардан бири этиб қўйилди.

Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларининг ташкилий тузилмасини танқидий қайтадан кўриб чиқиб, зарур ўзгартиришлар киритиш, замонавий тафаккурга эга малакали кадрларни тайёрлаш ва соҳа фаолиятида шаффофликни ошириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида барча ҳудудда кўргазмали семинарлар ўтказиш, солиқ тўловчиларга ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат солиқ хизмати органларининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари, жумладан, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ қарзи ва ортиқча тўловни қисқартириш, тизимда кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, вакант лавозимларни жамлаш борасидаги ишларнинг натижадорлиги, йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг бартараф этилиши аҳволи танқидий муҳокама қилиниб, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари ва ҳудудий давлат солиқ бошқармалари бошлиқларининг шахсий ҳисоботлари эшитилди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган мутасадди ходимларга нисбатан муайян жазо чоралари қўлланилди.

Шунингдек, долзарб вазифаларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Давлат солиқ қўмитаси

ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn