Баркамол авлод тарбияси
  • 18 Январь 2017

Баркамол авлод тарбияси

мактабгача таълим муассасаларининг самарали фаолиятига бевосита боғлиқ

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, инсон бутун умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача бўлган муддатда қабул қилади. Илк ҳаётий тасаввурлар, инсон тафаккурида пойдевор бўлувчи тушунчалар бола онгига айнан шу пайт оралиғида сингади. Демак, ўғил-қизларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг келажакда бахтли бўлишида нафақат оила, шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мурғак қалб эгаларининг эртамизнинг муносиб давомчилари бўлиб камолга етишида алоҳида аҳамият касб этиши, шубҳасиз. 

Кеча Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этилган навбатдаги медиатур ҳам ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланди.

Унда вазирлик мутасаддилари, Тошкент вилоятидаги туман ҳамда шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими масъуллари, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, ота-оналар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мазкур қарор мактабгача таълим тизими моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий  дастурлар ва технологияларни татбиқ этиш, фарзандларимизни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш каби долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим дастуриламалдир. Бинобарин, ҳужжатга мувофиқ, мактабгача таълим тизими янада такомиллаштирилиб, янги муассасалар қурилади, мавжудлари реконструкция қилинади ҳамда мукаммал таъмирланади. Болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича ташкил қилинадиган қисқа муддатли гуруҳларда ўғил-қизларнинг керакли билимларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилади. 

Шунингдек, қарорда 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш белгиланган. Жумладан, қишлоқ жойларда янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган жиҳозлар, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш назарда тутилган.

Ушбу ҳужжат доирасида амалга оширилаётган ишларни Қибрай туманидаги 10-мактабгача таълим муассасаси фаолияти мисолида кўрдик. Бу ерда болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. 

— Масканимиз 2014 йилда янги қурилиб, фойдаланишга топширилган, — дейди мазкур муассаса раҳбари Дилфуза Исмоилова. — Бу ерда 200 нафар ўғил-қиз саккиз гуруҳга бўлинган ҳолда тарбияланмоқда. Болажонларга таълим-тарбиянинг дастлабки тушунчалари малакали педагоглар томонидан пухта ўргатилаяпти. 

Президентимизнинг юқорида номи тилга олинган қарори асосида боғчада қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти ташкил этилгани ҳам диққатимизни тортди. 

— Бу гуруҳларга ҳудудимиз яқинидаги боғчага қамраб олинмаган қирққа яқин болалар жалб этилган, — дейди ушбу таълим муасассаси тарбиячиси Фотима Комилова. — Улар бу ерда умумтаълим мактабларига чиққунларигача қисқа муддатда самарали усулда ўз билимларини бойитмоқдалар.

Тарбиячилар ва ота-оналар журналистларга бу усулнинг ўзига хос хусусиятлари, қулайлиги, афзаллиги ва самараси ҳақида сўзлаб берди.

Мактабгача таълим муассасаларида ўғил-қизларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик келажакда, албатта, ўз мевасини беради. Зеро, шундай меҳр оғушида камолга етаётган ёшлар Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn