Миллий армиямиз қудратини юксалтириш — долзарб вазифа
  • 18 Январь 2017

Миллий армиямиз қудратини юксалтириш — долзарб вазифа

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрам сифатида кенг нишонланди. Бу бежиз эмас, албатта.

Зеро, миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилиш кафолати бўлиб, у барпо этилган сана қутлуғ айём сифатида ҳар биримиз учун аҳамиятлидир.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни профессионал асосда шакллантириш, қўшинларни модернизация қилиш ва уларни энг янги қурол-яроғ ҳамда техника билан таъминлаш, ҳарбийлик касбининг нуфузини оширишга эришилди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтиб, бугунги кунда сон жиҳатидан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга ҳар томонлама жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этаётгани барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг энг муҳим натижасини армиядаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгилангани, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув тамомила ўзгарганида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистон фуқаролари учун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шарафга айланди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табриги миллий армиямиз қудратини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиздир.  

Бинобарин, табрикда ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган шароитда бу борада эришган ютуқларимизни, шу билан бирга, йўл қўйган камчиликларимизни чуқур ва танқидий таҳлил қилиш асосида миллий армиямизни янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарасини ошириш, Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш, қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини юксалтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз ишларни давом эттириш борасида Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар ўта муҳим ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. 

Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги қонун ҳужжатларини чуқур таҳлилдан ўтказиш асосида қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, янгиларини қабул қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш бу борада долзарб аҳамиятга эгадир. Бунда ҳар бир масалани жойига чиқиб ўрганишни ташкил этиш, ҳарбий хизматчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш орқали уларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, таклиф-мулоҳазаларини олиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг кенг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ниҳоятда муҳим. Албатта, ушбу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлар, аниқ чора-тадбирлар мамлакат раҳбари олдимизга қўйган вазифаларнинг самарали ҳал этилишига хизмат қилади. 

 

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик 

масалалари қўмитаси аъзоси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn