Тавсиянома — энг муносибларга
  • 18 Январь 2017

Тавсиянома — энг муносибларга

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берувчи ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасини олиш учун давлат тест синовларини топширмоқдалар.

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази вакиллари иштирокида номзодларнинг билими жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик ва мантиқий саволлар асосида аниқланаяпти.

Жумладан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қисмларида ўз йигитлик бурчини ўтаётганлар ҳам тест синовлари топширди. 

— Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга бўлиш биз, ёшлар учун яна бир имкониятдир, — дейди оддий аскар Сайдулла Раҳимбердиев. — Синовларга астойдил тайёргарлик кўрдим. У адолат тамойиллари асосида бўлиб ўтди. Кўзлаган ниятимга эришишимга ишонаман.

Таъкидлаш жоиз, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун нафақат конституциявий бурч, балки ҳақиқий шон-шараф ишига айланган. Муддатли ҳарбий хизматдан ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан қайтиш эса алоҳида фахрдир.

Шуни яхши англаган Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар ҳам синовларга пухта ҳозирланишди.

Улар сафида Норин туманилик Яҳёбек Нўъмонов ҳам бор. У интизомли, жанговар тайёргарлиги юқори, зиммасига юклатилган вазифаларни намунали бажариб келаётган оддий аскарлардан биридир.

— Армия ҳаёти мени ҳар томонлама чиниқтирди, — дейди Яҳёбек. — Қатъиятли бўлишга ўргатди. Келгусида олий ўқув юртида ўқиб, малакали ҳуқуқшунос бўлиб етишиш орзусидаман. Шунинг учун доим китоб мутолаа қилишга, билимимни оширишга интилаяпман. Бунинг учун ҳарбий қисмда барча шарт-шароит мавжуд. Тест синовларидан кўнглим тўлиб чиқдим. Насиб этса, уйга ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномаси билан қайтаман.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда ўз конституциявий бурчини ўтаётган аскарлар учун тест синовлари Фарғона политехника институтида ўтказилди. Синов аввалида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидладилар. 

— Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади, — дейди подполковник Бахтиёр Ўролбоев. — Бу эса ёшлар учун катта ғамхўрлик бўлиб, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш истагини кучайтиришга хизмат қилаяпти.

— Тестда йил давомида орттирган билим ва кўникмаларим жуда қўл келди, — дейди оддий аскар Бобуржон  Омонқулов. — Муддатли ҳарбий хизмат давомида ушбу соҳага қизиқишим янада ортиб, олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга қарор қилдим. Биз, ёшлар яратилаётган бундай имкониятлар учун давлатимиздан миннатдормиз.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn