Ислоҳотларнинг асосий мақсади 
  • 17 Январь 2017

Ислоҳотларнинг асосий мақсади 

аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир

 

Хабар қилганимиздек, 14 январь куни мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мажлисдаги маърузаси юртимиз аҳолиси ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олиниб, чуқур ўрганилмоқда.

Мажлисда мавжуд имконият ва ресурслардан оқилона фойдаланилмагани, ҳаётий муаммолар ҳал этилмагани ҳамда бошқа долзарб масалалар танқидий муҳокама қилиниб, барча даражадаги раҳбарлар олдига аниқ устувор вазифалар қўйилди. Тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ва интенсив равишда ривожлантириш, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш шулар жумласидандир.

Бу эса ижтимоий-иқтисодий соҳалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, фермерлар, қўйингки, барча юртдошларимизнинг мамлакатимизда кечаётган бугунги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини кучайтирди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

 

Ғуломбек ИСМОИЛОВ, Ҳазорасп туманидаги  “Ғофур-Руҳия” фермер хўжалиги раҳбари:

— Президентимиз маърузасида дилимизда тугиб, айтолмай юрган баъзи муаммолар ўртага ташлангани, минглаб фермерлар қатори мени ҳам қувонтирди. Тўғри, қишлоқ хўжалигида кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Эришилаётган муваффақиятлар ўзимизники, булар барчамизни ғурурлантиради. Аммо уларни янада мустаҳкамлаш учун -мавжуд камчиликларни ҳал этиш лозим. Масалан, минерал ўғит масаласи биз, деҳқонларнинг энг оғриқли муаммосидир.

Давлатимиз раҳбари шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб, “Қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ва уларнинг танқислиги учун шахсан ким жавоб беради? Охирги 10 йилда минерал ўғитларнинг нархи неча баробар ўсган? Табиий савол туғилади: ўғитнинг таннархи неча марта камайган? Афсуски, бундай ҳақли саволларга жавоб йўқ. Бундан ким зарар кўраяпти? Албатта, деҳқон ва фермерларимиз” дея таъкидлади.

Ўзимиздан қиёс. Фермер хўжалигимизнинг 80 гектар экин майдонида деҳқончилик қиламиз. Хусусан, 2016 йилда ушбу ерда пахта ва ғалла етиштириш учун гектарига 1,1 тоннадан минерал ўғит ишлатдик. Бошқача айтганда, 80 тоннадан ортиқ кимёвий ўғитни сотиб олиш учун 80 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Шукрки, юқори ҳосил етиштириб, шартнома мажбуриятини бажардик. Лекин бу бизга қимматга тушаяпти. Чунки минерал ўғитнинг нархи юқорилиги даромадимизга, маҳсулот таннархига таъсир кўрсатмай қолмайди. Агар минерал ўғит арзонлашса, бизларнинг манфаатдорлигимиз ортади, ишларимиз янаям юришиб кетади.

 

Бахшулла САМАДОВ, Ғиждувон туманидаги “Барака” хусусий корхонаси раҳбари:

— Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳақида тўхталиб, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш тўғрисида  аниқ кўрсатмалар бергани биз, тадбиркорларнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Очиғи, ҳозирги кучли рақобат шароитида бизнес фаолиятини йўлга қўйиш, бозордан -мустаҳкам жой эгаллаш осон иш эмас. Бунинг учун, энг аввало, сиз бошланғич сармояни тўплашингиз, янги технологик ускуналар харид қилишингиз, уни ўрнатиб, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улашингиз, бу томонда белгиланган ҳужжатларни тўғрилашингиз зарур. Ана шундай паллада барча бўғиндаги раҳбарларнинг сизни қўллаб-қувватлаши, ҳар томонлама мадад бериши жуда муҳим!

Агар раҳбар ўзини четга олса, томошабин бўлиб турса ёки лоқайдлик қилса, -табиийки, ишдан қўлингиз совийди. Меҳнатингиз, саъй-ҳаракатингиз зое кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Бу ҳақда бежиз тўхталмаяпман. Улкан дарёлар ҳам кичик-кичик ирмоқлар бирлашишидан ҳосил бўлганидек, юртимизда фаолият кўрсатаётган юзлаб, минглаб тадбиркорлик субъектлари меҳнати билан иқтисодиётимиз юксалади, халқимиз турмуш даражаси ошади. Масалан, 2016 йил якунларига кўра, 32 мингтага яқин ёки 2015 йилдагига нисбатан 18 фоиз кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилиниб, мазкур соҳанинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56,9 фоизга, саноатда эса 45 фоизга етди.

Бундай ижобий натижаларга эришишда бизнинг оилавий бизнес субъектининг ҳам, оз бўлса-да, ҳиссаси бор. Айни пайтда корхонамиз тасарруфида замонавий новвойхона, маросимлар зали, хусусий тиббий даволаш маркази фаолият кўрсатаяпти. Уларда салкам юз нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.

Маърузадаги танқидий фикрлар, эртанги кунга қўйилган аниқ вазифалар шу соҳа вакили сифатида мени руҳлантирди. Президентимиз томонидан билдирилаётган юксак ишонч, кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, амалиётга янги технологик линияларни қўллаш, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларни бошлаш арафасидамиз. Зеро, бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва -сифатини таъминлашдир.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn