Қатъий интизом ва жавобгарлик ҳисси билан ишлаш — давр талаби
  • 17 Январь 2017

Қатъий интизом ва жавобгарлик ҳисси билан ишлаш — давр талаби

Амалга оширилган ишлар сарҳисоби истиқболдаги режаларни белгилаб олишнинг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, бу барча соҳада мамлакат миқёсида олиб борилаётган янгиланишларнинг натижалари билан боғлиқ бўлса, унинг аҳамияти янада ортади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида барча соҳани ислоҳ қилиш борасида билдирилган танқидий, таҳлилий фикр-мулоҳазалар ҳар бир фуқарони, энг аввало, давлат ва жамият бошқарувида турган раҳбарларни бирдек масъулият, уйғоқ виждон, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик билан ишлашга ундайди, десак, асло янглишмаган бўламиз. 

Бинобарин, видеомулоқот тарзида ташкил этилган мажлисда аввалги йиллардан фарқли равишда нафақат 2017 йилдаги устувор вазифалар, балки 2021 йилгача бўлган давр учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор йўналиши алоҳида белгилаб берилди. 

Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш йўлида изчил илгарилаб бораётгани таҳлил қилинар экан, ўтган йиллар давомида принципиал муҳим ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий қадамлар қўйилгани, ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар мавжудлиги алоҳида мисоллар ва фактлар билан асослаб кўрсатилди. Албатта, бу ислоҳотларни таҳлил қилишдан асосий мақсад — аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир. Зеро, фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор вазифаси ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, бугун одамларимиз орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш, бу борадаги мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш истаги кучаймоқда. Давлатимиз томонидан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор бизнес ғояларини рўёбга чиқариш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар бунда долзарб аҳамият касб этаётир. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ушбу масалалар атрофлича таҳлил этилгани ҳолда, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу тамойилни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилди. Бу ишларни олиб боришда парламентнинг ўрни ва таъсирчан кучи сезиларли бўлиши, депутатлар ўз ишига янада масъулият билан ёндашиши мақсадга мувофиқдир. Ўз навбатида, биз, депутатлар халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини кўриб чиқиш, буни шунчаки қоғозда рақамлар ва ҳисоботлар билан эмас, балки амалдаги ишлар билан кўрсатишимиз, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунларни қабул қилишимиз, ижросини назорат-таҳлил тартибида қатъий кўриб чиқишимиз лозим. Бинобарин, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш масаласи Қонунчилик палатаси ва Сенат, қолаверса, ҳар бир депутатнинг аҳоли энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиши бўйича масъулиятини оширади.

Йиғилишда аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш ва мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш, хусусан, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш масаласи устуворлик касб этиб, бунинг учун жойларга чиқиш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш кундалик қоидага айланиши даркорлиги таъкидланди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг фаровон яшашини, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан кўпгина иқтисодий тармоқлар ривожи билан боғлиқ масалалар ҳам танқид остига олинди. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва инфратузилма дастурини амалда бажариш, мамлакатимиз ҳудудларига салмоқли инвестицияларни киритишга доир муаммолар борлиги, автомобилсозлик ва шаҳарсозликни такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги назоратсиз қолгани, хорижий инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар қониқарли эмаслиги, стандартлаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш каби қатор муаммоларга жиддий ёндашилди. Тизимни янада такомиллаштириш бўйича Қонунчилик палатасига ҳам тегишли тартибда айрим ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш -юзасидан топшириқлар берилди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаблар биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклаши билан бир қаторда, янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундайди. Бу -борадаги саъй-ҳаракатлар иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларни муваффақиятли амалга ошириш, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга доир стратегик вазифаларни нафақат ишлаб чиқиш, балки бажаришда ҳам муҳим ўрин тутади. 

 

Элбек ШУКУРОВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn