Миллий ғурур ва ифтихоримиз тимсоли
  • 17 Январь 2017

Миллий ғурур ва ифтихоримиз тимсоли

Бугун республикамизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон манфаатларини амалда таъминлаш, ҳудудларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган, тамомила янгича ёндашув асосидаги ислоҳотлар стратегияси амалга оширилаяпти.

Бу ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи, мамлакатда кечаётган жараёнларга дахл-дорлик туйғусига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бундай ёруғ келажакни қуришда, шубҳасиз, миллий армиямизнинг роли ҳамда аҳамияти ниҳоятда катта.

Бинобарин, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд қилиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келмоқда.

Шуни фахр билан айтиш мумкинки, ўтган чорак аср мобайнида Ўзбекистон профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни сидқидилдан адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армияга эга бўлди. Бунда, албатта, истиқлолнинг илк йиллариданоқ Қуролли Кучларимизнинг ҳуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамият касб этди. 

Конституциямизда миллий армиямизнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари юртимизнинг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Ушбу конституциявий талаблардан келиб чиқиб, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди ҳамда миллий армиямизнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ҳарбий таълим соҳасини ривожлантириш, муддатли ҳарбий хизматга чақирувни ташкил этиш, Қуролли Кучлар таркибини салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлашни такомиллаштириш баробарида, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилди.

Натижада миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий саноат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўзлаштириб, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди.

Бугун Ўзбекистон армияси ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ҳамда матонат мактаби сифатида ўзини намоён қилмоқда. Ўғлонларимизда ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган масъулият туйғуси кучайди. 

Шу ўринда мамлакатимизда Қуролли Кучлар устидан фуқаролик назоратини амалга ошириш бўйича самарали механизм ишлаб чиқилганини қайд этиш зарур. Бу механизм миллий армия фаолиятида очиқликни таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шунингдек, ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақирув ёшидаги фарзандларимизни тарбиялашга фуқаролик институтлари ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этишда муҳим роль ўйнамоқда. Олий Мажлис палаталарининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари, Мудофаа вазирлиги ҳузурида 2012 йилда ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши бугунги кунда Қуролли Кучлар билан фаол ҳамкорлик олиб бораяпти.

Давлатимиз раҳбари жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ҳамда глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги вақтда миллий армиямизни янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттиришимиз даркорлигини таъкидлади ҳамда устувор вазифаларни белгилаб берди.

Бунда, айниқса, миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарасини ошириш муҳим вазифаларимиз қаторига кириши қайд этилди. Мазкур соҳадаги кўплаб ҳужжатлар ҳозирги давр мезонларига жавоб бермаётгани биз, сенаторлардан ҳам жонбозликни талаб қилади. Хусусан, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назорати самарадорлигини кучайтириш, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишларда фаол иштирок этиш лозим. Негаки, ушбу саъй-ҳаракатлар миллий армиямизнинг нуфузини юксалтириш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтириш, юртимиз тинчлиги, одамларимиз фаровонлигини таъминлаш, бунёдкорлик ишларимизни изчил давом эттиришнинг асосий омилидир.

Фаррух ДАДАХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn