Ватан ҳимоячилари шарафланди
  • 17 Январь 2017

Ватан ҳимоячилари шарафланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда бўлиб ўтган байрам тадбирларида юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли ишга ўз ҳаётини бахшида этган инсонлар хизмати ҳар қанча эътирофу рағбатга лойиқ эканлиги яна бир карра таъкидланиб, юксак масъулиятли вазифага муносиб ҳисса қўшаётган аскар ҳамда сержантлар, фидойи офицерлар шарафланди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида байрам иштирокчилари дастлаб Нукус шаҳридаги Хотира майдонига ташриф буюриб, “Мотамсаро она” монументи пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида тадбирнинг асосий қисми бўлиб ўтди. Бу ерда ташкил қилинган тантанали маросимда Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг амалий самаралари ҳақида сўз юритилди.

— Бугун мен учун унутилмас кун, — дейди сержант Абдунаби Абдураҳмонов. — Президентимиз Фармони асосида таъсис этилган мукофот — “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 

25 йил” эсдалик нишони билан тақдирландим. Бундан ғуруримга ғурур қўшилди. Ҳарбийлик либосини кийганимдан, Ватанимизга хизмат қилаётганимдан яна бир бор -фахрландим. Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида биз, ҳарбий хизматчиларни айём билан қутлар экан, мамлакатимиз мудофаа қудратини янада юксалтириш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифаларни белгилаб бердилар. 

Хусусан, “...ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўришимиз шарт” дея алоҳида таъкидланди. Бу каби эзгу мақсадлар йўлида барчамиз бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Қоракўл туманидаги “Дўрмон” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шоҳиста Ҳалимова Бухоро вилояти марказида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзуида ўтказилган маданий-маърифий тадбирдан бир олам таассурот билан қайтди.

— Ўғлим Аббосжон айни пайтда миллий армиямиз сафида, — дейди у. — Тадбирда унинг номи муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаётган аскарлар қаторида тилга олинди. Бундан бениҳоя мамнун бўлдим. Менга қисм командирининг ташаккурномасини беришди. Буни қарангки, маросимда яна бир кутилмаган совға тайёрланган экан. Залга ўғлимнинг ўзи ҳам кириб келса денг! Қувончимга қувонч қўшилди. Оиламиз, қариндошлар, қўни-қўшнилар ҳам Аббосжоннинг армияда эришаётган ютуқларидан хурсанд.

Ватан ҳимоячилари куни арафасида вилоятда ана шундай ҳаяжонли дақиқаларга бой кўплаб маданий-маърифий учрашувлар ўтказилди. Асосий тадбир эса вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилди. Давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, қатнашган маросимда миллий армиямизнинг Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишдаги ўрни, унинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти хусусида фикрлар билдирилиб, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар тақдирланди.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Наманган вилоятида ҳам ёдда қоларли  тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби, бир қатор ҳарбий қисмларда ёшларнинг аскарлар ва бўлажак сержантлар билан учрашувлари ташкиллаштирилди. Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган наманганлик аскарлар билан уюштирилган видеомулоқотлар орқали ота-оналар ўз фарзандлари билан дилдан суҳбатлашдилар.

Шундан сўнг вилоят марказидаги Хотира майдонида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасига -таклиф қилинган аскар ва сержантлар, офицерлар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда вилоят жамоатчилиги вакиллари файзли дастурхон атрофида байрамга бағишланган бадиий дастурни мириқиб томоша қилдилар.

Таъкидлаш керакки, Ватан ҳимоячилари кунини муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган -аскарлар оналари ҳам шоду хуррамлик билан нишонладилар.

— Ўғлим Иброҳимжон ҳарбийлик касбига ҳавас билан улғайди, айни чоғда Қашқадарё вилоятида йигитлик бурчини шараф билан адо этаяпти, — дейди Норин туманидаги 

40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зебунисо ўозиева. — У бизга йўллаётган мактубларида муддатли ҳарбий хизматни яхши ўтаётгани, ҳарбий хизматчиларга яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида тўлқинланиб ёзади. Яқинда ўғлимни кўришга бориб, ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Командирларининг у ҳақда -айтган илиқ фикрларини эшитиб, кўксим тоғдек кўтарилди, хурсанд бўлдим. Ватан ҳимоячилари куни арафасида вилоятимиз марказида ўтказилган “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзуидаги тантанали тадбирда ҳам қатнашдим. Таассуротларим бир олам. Қисқаси, мен ўзимни энг бахтиёр оналардан бири, деб ҳисоблайман.  

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари босқичма-босқич такомиллаштирилиши натижасида миллий армиямиз моддий-техника базаси тубдан янгиланиб, кадрлар салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини -ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий шаҳарчаларда замон талабларига жавоб берадиган -ижтимоий-маиший шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида биргина Самарқанд вилоятида ҳам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо қилиниб, фойдаланишга топширилди.

— Ҳарбийлар оиласимиз, — дейди капитан Т. Шойимов. — Турмуш ўртоғим Азиза -Ҳабибова — сержант. Юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилмоқда. Фарзандимизни ҳам ватанпарварлик руҳида тарбиялаяпмиз. Келажакда у Ватанга муносиб ўғлон бўлиб улғайишига ишонамиз.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган асосий байрам тадбири Самарқанд Концерт залида бўлиб ўтди. Унда юртимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ҳамда миллий армиямизни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Сирдарё вилоятида ҳам кенг тантана қилинди. Ҳарбий қисмлар, таълим муассасалари, маҳаллаларда “Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида суҳбатлар, учрашувлар ўтказилди. 

“Ёшлар маркази”да ташкил этилган тантанали маросимда профессионал асосдаги миллий армиямизнинг шаклланиш жараёни мустақиллик тарихи билан чамбарчас боғлиқ эканлиги, ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошгани таъкидланди.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Президентимиз номидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Менинг акам — ҳарбий” мавзуидаги видеомулоқотда Расулжон миллий армиямиз сафларида йигитлик бурчини ўтаётган акаси — оддий аскар ўанишер Юнусов билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Унинг Ватан ҳимоясини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганидан қалби ғурурга тўлган Расулжон келгусида ўзи ҳам Қуролли Кучларимизда хизмат қилиш истагида эканини билдирди. Ушбу мулоқотда муддатли ҳарбий хизматда бўлган йигитларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари қатори, устозлари, дўстлари қатнашгани эътиборга моликдир.

Тошкент вилоятида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида бўлиб ўтди. Байрамона безатилган кошонага ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, аскарлар оналари ва жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Маросимда мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик ҳамда барқарорликни ишончли ҳимоя қилишга қодир, замонавий талабларга жавоб берадиган, ихчам, яхши -таъминланган, юксак жанговар руҳга эга миллий армиямиз барпо этилгани таъкидланди.

Шундан сўнг давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийларига “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди. Мукофотланганлар орасида кичик сержант Рўзи Маманов ҳам бор эди.

— Бу юксак эътибор мени янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди, — дейди у.

Тадбирга санъат усталари ҳамда бадиий ҳаваскорларнинг концерт дастури алоҳида файз киритди.

Қашқадарё вилоятида ҳам Ватан ҳимоячилари куни кўтаринки руҳда нишонланди. Барча ҳарбий муассаса ҳамда ташкилот ва корхоналарда байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Қарши шаҳридаги “Эл-юрт таянчи” монументи пойига гулчамбарлар қўйишдан -бошланган асосий тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий бўлинмалари, сержантлар тайёрлаш мактаби  ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

— Биз, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларимиз доимо давлатимиз эътиборида, буни ҳар қадамда ҳис этиб турамиз, — дейди сержант Акром Мирзаев. — Ёшлар билан учрашганимизда уларнинг ҳавас билан қарашини кузатамиз. “Сизлар ҳам, албатта, ҳарбий либос киясизлар, Ватанимизга муносиб хизмат қиласизлар, бунинг учун яхши билим олиб, жисмонан чиниқишинглар керак” дея айтамиз. Хизмат бурчим давомида эришган ютуқларим бир неча бор юксак эътироф этилди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида эса “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу зиммамдаги масъулиятни янада оширди.

Байрамнинг асосий тадбирида сўзга чиққанлар Қуролли Кучларимиздаги ислоҳотлар самараларини ғурур билан эътироф этдилар. Шунингдек, тантанали маросимда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Бундай айём тадбирлари мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn