Миллий армиямиз — тинч, осуда ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати
  • 14 Январь 2017

Миллий армиямиз — тинч, осуда ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 13 январь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали маросим бўлиб ўтди.

...Кеча эрта тонгда Мустақиллик майдонида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакил-лари саф тортди. 

Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. 

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройига Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ҳамда генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.

Маросимни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларини самимий табриклади.

Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда эзгу ишлар ҳамиша бардавомдир. Бу ҳаётий ҳақиқатни халқимиз истиқлол йилларида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, олижаноблик ва меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар ҳар қачонгидан юксак чўққиларга кўтарилиб, осмонимиз мусаффолигини асраб-авайлаш, иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли -турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатлар мисолида янада теранроқ англаб етмоқда. Ана шу ютуқларимизда бугунги замон талаблари асосида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир.

Биз истиқлолга эришишимиз тарихи ҳақида сўз юритганда, давлат қурилишининг ғоят муҳим ва узвий қисми сифатида айнан Қуролли Кучларимизни барпо этиш борасида кўрилган чора-тадбирлар, эзгу ташаббусларни алоҳида тилга оламиз. Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 6 сентябрдаги Фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Кейинчалик Мудофаа вазирлигига айлантирилди. 1992 йил 14 январда мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан, “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида энг долзарб муаммолардан бири, бу — кадрлар масаласи эди. 1990 йилда маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий -хизматчилар умумий сонининг атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Мазкур масалани ҳал қилиш мақсадида ҳарбий таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга киришилди. Бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ҳарбий хизматга салоҳияти етарли, аҳди қатъий, садоқатли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини тайёрлашга киришилди. Ҳозирги кунда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртлари, Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультетида бир қанча йўналиш ҳамда мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. 1995 йилда эса Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди.

Миллий армиямизни профессионал асосга ўтказиш жараёнида офицерларнинг ишончли ёрдамчилари, ҳар қандай вазиятда ҳам ташаббускор ҳамда самарали қарорлар қабул қилишга қодир бўлган сержантларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялашга катта аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда замонавий жиҳозланган, моделлаштириш ҳамда симуляция воситалари, компьютер техникаси билан таъминланган сержантлар тайёрлаш мактабларида таълим олаётган мутахассислар аскарлар таркиби учун нафақат энг яқин кичик командирлар сифатида, балки ҳарбий жамоаларда соғлом ахлоқий-руҳий ҳамда маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ислоҳотлар жараёнида Қуролли Кучлар сафини тўлдириш, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизими ҳам тубдан янгиланди. Жумладан, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунга кўра, ҳарбий хизмат муддати бир йил этиб белгиланди. 2009 йилдан эътиборан муддатли ҳарбий хизматга чақирув йилига бир марта — февраль-март ойларида амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ҳарбий қисм ҳамда муассасаларда соғлом муҳит яратилди.

Бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар аввалги йиллардагидан мутлақо фарқ қилади. Ҳозирги вақтда мустақиллик йилларида туғилиб -вояга етган, мамлакатимиздаги академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларида энг -замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта билади. Энг асосийси, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри 

ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга. Бундай салоҳиятли ёшлар халқимизнинг ишончи ва таянчидир.

Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Олий ўқув юртларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилангани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани ана шулар жумласидандир. Хусусан, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилган.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтиш жоиз. Қуролли Кучларимизни модернизациялаш жараёнида миллий армиямизнинг ташкилий-штат тузилиши принци-пиал жиҳатдан ўзгартирилди, тезкор-стратегик бошқарув, оператив тайёргарлик ҳамда қўшинларни жанговар қўллашнинг ҳақиқий марказига айланган самарали бошқариш -тизими яратилди. Мобиль, тезкор ва ҳар қандай ностандарт вазиятларни назорат қила оладиган бўлинмалар шакллантирилди. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги бўйича янги дастурлар жорий қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Амалий машғулотларга ҳам жиддий ёндашилаяпти. 

Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдек долзарб масалага ҳам давлатимиз раҳбарияти томонидан доимо улкан эътибор қаратилаётир. Жумладан, шу мақсадда қабул қилинган дастурлар доирасида 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар оиласи уй-жой билан таъминланди. Бу йўналишдаги тизимли ишлар, шубҳасиз, келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Айни пайтда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳам юқори даражага кўтарилмоқда. Шунингдек, ҳарбий санаторийлар фаолияти йўлга қўйилган. 

Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда “Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида нишонланмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ҳарбий қисм ҳамда бўлинмаларда, барча -вилоятлар, олис қишлоқ ва маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, конференциялар, видеомулоқотлар ўтказилмоқда. Уларда Қуролли -Кучларимизнинг бугунги салоҳияти, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашда ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 ноябрдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилди. Мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган кўплаб ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийларига ана шу эсдалик нишонлари жойларда тантанали равишда топширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги Фармонига асосан, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Маросимда ушбу юксак мукофотларни давлатимиз раҳбари тантанали равишда топширди.

— Бугун мен учун жудаям ҳаяжонли ва унутилмас кун, — дейди “Жасорат” медали соҳиби, майор Дилшод Гапиров. — Камтарона хизматларим қадрланиб, мамла-катимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилдим. Мазкур медални Президентимизнинг ўзлари кўксимга тақиб қўйганларидан, айниқса, қалбим чексиз фахр ҳамда ифтихорга тўлди. Биз, ҳарбийлар ҳар гал “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” деган қутлуғ каломни тилга олганимизда вужудимизни қандайдир қудратли куч қамраб олади. Бу, албатта, Ватанимизга бўлган меҳримиз, муҳаббатимиз туфайлидир. Мен илк бор шундай ҳаяжонли лаҳзаларни ҳарбий қасамёд қабул қилиш чоғида кечирган эдим. Ушбу тантанали маросим чоғида давлатимизнинг юксак мукофотини қабул қилиб олар эканман, ана шу ҳаётбахш сўзнинг қудратини, сеҳрини яна бир карра дилдан ҳис этдим. Билдирилган ишончни оқлаш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида бор куч ва салоҳиятимни сарфлайман.

Қуролли Кучлар офицери Лазиз Усмонов, аскар онаси Лайло Жўраева, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев ва бошқалар байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган улкан эътибор учун самимий миннатдорчилик билдирди.

Тадбир доирасида Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотлар самаралари акс эттирилган кўргазма ҳам ташкил этилди.

Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Сарвар ЎРМОНОВ (ЎзА) ва 

Ҳасан ПАЙДОЕВ («Халқ сўзи») 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn