Ватанга хизмат қилиш — шарафли бурч
  • 14 Январь 2017

Ватанга хизмат қилиш — шарафли бурч

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимлар, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Азизов ва бошқалар сўзга чиқиб, ички ишлар идоралари бугунги кунда мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишни янада кучайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошираётганини таъкидлашди. Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги профилактика инспекторларининг аҳоли ўртасида олиб бораётган тарғибот-тушунтириш тадбирлари жамиятда соғлом муҳит барқарорлигига хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди. 

Албатта, бундай натижалар замирида зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилгани, шахсий таркибнинг ҳар томонлама тайёргарлиги мунтазам оширилаётгани, ички ишлар ходимлари давлатимиз томонидан доимий рағбатлантириб борилаётгани муҳим ўрин тутади. Чунончи, Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги Фармонига биноан, ёшларни миллий истиқлол ғояси ва она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малакали кадрларни тайёрлашдаги алоҳида хизматлари, давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни таъминлаш ишига қўшаётган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун ички ишлар органлари ходимларидан бир гуруҳи муносиб тақдирланди. Тадбирда ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак-нишони, Фахрий ёрлиғи  ва  эсдалик совғалари изчил ҳамда самарали фаолият юритган ходимларга берилди.

Тадбирда санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Бу каби байрам тадбирлари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ҳам тантанали равишда ўтказилди. 

* * *

Давлат божхона қўмитасида ҳам Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросимга қўмита марказий аппарати ходимлари, божхона фахрийлари, Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти вакиллари йиғилишди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси М. Тоҳирий сўзга чиқиб, мамлакатимиз бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга ва яхши таъминланган, Ватанимиз ҳамда халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга эканлигини таъкидлади.

Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида божхона хизматини такомиллаштириш, фаолиятнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва барча жабҳаларга илғор ахборот технологияларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий инфратузилмага эга божхона хизмати юртимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида шаклланди ва мамлакат иқтисодий хавфсизлигига хизмат қилувчи нуфузли идоралардан бирига айланди. 

Она Ватанимизни қатъият билан ҳимоя қилиш, осмонимиз мусаффолиги, ҳаётимиз осудалиги Қуролли Кучлар ва бошқа идоралар қаторида, божхона органларининг ҳам муқаддас вазифасидир. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қаторида Давлат божхона қўмитаси ҳам давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифаларни астойдил бажариб келмоқда. 

Тадбирда ўзининг вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, божхона идоралари мавқеини оширишга ғайрат-шижоат кўрсатиб меҳнат қилаётган ходимлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юрт осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида фидокорона, садоқат билан хизмат қилаётган юртдошларимизни тақдирлаш эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 

25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан мукофотланганлар орасида тўрт нафар божхоначи ҳам бор.

Тизимда ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 200 нафардан ортиқ ходимлар “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди. 

Тадбир давомида давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, фаолияти давомида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари муносиб шарафланди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn