Эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди
  • 14 Январь 2017

Эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палата депутатларини “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирлашга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов олиб борди.

Тадбирда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини қўриқлашга қодир, замонавий ҳарбий техника билан таъминланган, профессионал армия вужудга келганлиги таъкидланиб, юксак салоҳиятга эга мудофаа ишларини янада ривожлантириш ҳамда қонунчилик тизими такомиллашувида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг алоҳида ўрни борлиги эътироф этилди. 

Ҳарбий хизмат нафақат бурч, айни пайтда масъулиятли ва шарафли касбдир. Буни бугун Қуролли Кучларимиз сафидан тобора кенг ўрин эгаллаб, хизмат вазифасини сидқидилдан ўтаётган Ватанимизнинг мард, жасур ўғлонлари теран англаб етганлари эътиборга молик. Тизимдаги ислоҳотлар, хусусан, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб борилаётгани  Ўзбекистон Қуролли Кучларининг профессионал асосда халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатига айлангани депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.    

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида миллий армиямизни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоялаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада кенг шакллантиришга хизмат қилишини эътироф этдилар. 

Миллий армиямиз бугунги кунда нафақат Ватанимиз чегараларини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилмоқда, шу билан бирга, мустаҳкам ирода ва характер, мустақил фикрлаш қобилияти шаклланадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ҳақиқий ҳаёт мактабига айлангани таъкидлаб ўтилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn