Юксак эътибор намунаси
  • 14 Январь 2017

Юксак эътибор намунаси

Мардлик, жасорат, матонат. Бугун Ватан осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишдек шарафли ишга бел боғлаган шундай фазилатларга эга ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 28 ноябрдаги Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилиши бу борадаги яна бир юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси бўлди. 

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда ўтказилаётган тадбирларда ушбу нуфузли мукофот ўз эгаларига тантанали равишда топширилмоқда. 

Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини алоҳида таъкидладилар. 

— Давлатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб, эсдалик нишонига сазовор бўлганлар орасида борлигимдан фахрланаман, — дейди кичик сержант Ботиржон Каримов. — Байрам арафасида бундай катта рағбатга муносиб деб топилганлигим хизмат бурчимни янада улкан масъулият билан бажаришга ундайди.

Майор Собитжон Самиджоновнинг кўкрагидаги қатор медаллар орасида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони алоҳида ажралиб турибди. 

— Бугун қувончимнинг чеки йўқ, — дейди у. — Камтарона меҳнатим шундай юксак эътироф этилди. Бу мукофот нафақат ўзим, балки бутун оиламиз учун бебаҳо эсдалик бўлди. 

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари эсдалик нишонига сазовор бўлди. 

Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмда ҳам тинч ва осойишта ҳаётимизни ҳимоя қилишда фидойилик намунасини кўрсатаётган бир қатор ҳарбий хизматчиларга “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур маросимда профессионал асосдаги миллий армиямизни шакллантириш жараёни мустақиллик тарихи билан чамбарчас боғлиқлиги алоҳида эътироф этилди. Қувонарлиси, бугун ёшларимиз ҳарбий хизматни адо этишни ўзлари учун нафақат конституциявий бурч, балки энг шарафли  вазифа, деб билмоқдалар.

 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ, 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn