Одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиш — давр талаби
  • 13 Январь 2017

Одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиш — давр талаби

Халқимизнинг меҳнатсеварлиги, шижоати ва интилувчанлиги  боис мамлакатимиз қисқа давр мобайнида улкан ютуқларга эришди, Ўзбекистонни бутун дунё тан олди. Энг муҳими, фуқароларимизнинг замон руҳига монанд тафаккури, дунёқараши ўзгариб, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда ўзаро уйғунлик — инсон манфаатларининг ҳамма нарсадан устунлиги муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Бу эса катта ҳаётга кучли, билимли ва доно янги авлод кириб келишида мустаҳкам замин яратди.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам инсон қадри, унинг манфаати олий қадрият эканлигини кўриш мумкин. Бу, ўз ўрнида, ўзининг кундалик ташвишлари, истак ва хоҳишлари билан яшаётган минглаб юртдошларимиз, сайловчилар билан янада яқин бўлиш, улар қўяётган асосли талабларни бажариш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилади, албатта.

Шу маънода, яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган  “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бу борадаги ишларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди, десак, асло янглишмаймиз.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳуқуқий ҳужжат қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб турмуш кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратиш, энг муҳими, давлат органларининг одамлар билан доимий мулоқотини ўрнатишни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Фармонда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳамда Виртуал қабулхонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил қилиниши аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли муҳофаза этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган конституциявий тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилишининг муҳим асоси бўлди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. 

Фармонда белгиланган вазифалар ижроси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қатори биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Юқоридаги Фармон асосида ташкил этиладиган Президентнинг Халқ қабулхоналари фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қаторида, Олий Мажлис, хусусан, депутатлар билан мулоқот қилишда ҳам муҳим воситага айланади. 

Умуман айтганда, Президентимизнинг мазкур Фармони аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида миллий парламент -фаолиятида ҳам сайловчилар, сиёсий партиялар электорати билан ишлашнинг янги босқичини бошлаб берди.

Марҳабо ҒАФУРОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn