Ахборот соҳаси ривожи ва истиқбол
  • 13 Январь 2017

Ахборот соҳаси ривожи ва истиқбол

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари: ахборот соҳасининг ривожланиш истиқболлари” мавзуида семинар ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, Иқтисодиёт, Молия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлигининг масъул ходимлари, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, унда белгиланган вазифаларни ахборот соҳаси мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликка  етказиш масалалари муҳокама этилди. 

Мазкур ҳужжат яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ахборот соҳаси ривожланишини белгилаб берувчи ҳуқуқий асослардан бири экани қайд этилди. Шу нуқтаи назардан айтганда, бугунги кунда телекоммуникация тармоқлари, симсиз ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиши, унинг рақобатдошлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётгани эътиборга молик. 

Семинар иштирокчилари жорий йилда мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларидан шаклланадиган маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган улуши бевосита абонент рўйхатга олинган жойдаги маҳаллий бюджетга ўтказиб берилишини алоҳида таъкидлашди.

Бу саъй-ҳаракатлар қабул қилинаётган бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда, минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш имконини яратади.

2017 йилда маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларни рағбатлантириш чораларини янада кучайтириш бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиёти давом эттирилади. Чунончи, маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларга солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар тақдим этилиши 2020 йил 1 январгача узайтирилди. Бу, таъкидлаб ўтилганидек, мамлакат дастурий таъминот маҳсулотлари бозорини янада ривожлантириш ҳамда дастурий таъминот ишлаб чиқариш секторининг миллий иқтисодиётнинг сердаромад, инновацион секторига айланишига хизмат қилади.

Семинарда ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари кўрсатадиган хизматлар учун белгиланган солиқ имтиёзлари 2020 йил 1 январгача узайтирилгани қайд этилди. Ушбу имтиёзлар ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, ёшларда китоб ўқишга қизиқишни кучайтириш, жамиятда муҳим ва ишончли ахборотларни тарқатиш борасидаги ролини янада юксалтириш имконини беради.

Оммавий ахборот воситаларига тақдим этилаётган имтиёзларнинг яна икки йилга узайтирилиши миллий оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, журналистлар меҳнатини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришга, миллий масс-медиа воситаларининг рақобатдошлигини оширишга имкон беради.

Тадбирда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан грантлар ажратиш, субсидия ва давлат буюртмалари шаклида кўрсатилиши давом эттирилиши хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. 

Муҳокамалар якунида қабул қилинаётган чора-тадбирлар яқин ва ўрта муддатли истиқболда ахборот соҳасининг -барқарор ривожланишига хизмат қилиши билдирилди. 

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn