Транспорт хизмати янада такомиллаштирилади
  • 13 Январь 2017

Транспорт хизмати янада такомиллаштирилади

Автомобиль транспорти соҳасини ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда кўламини кенгайтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Натижада кейинги йилларда тизим инфратузилмаси тубдан такомиллаштирилиб, техника парки замонавий ва қулай транспорт воситалари ҳисобига тўлдирилмоқда.

Бу эса аҳолининг йўловчи ташиш транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш, хавфсизлик жиҳатидан жаҳоннинг илғор давлатларидан қолишмайдиган даражада хизмат кўрсатиш имконини бераётир. Ҳозирги кунда автомобиль транспортининг йўналишлари сони 4,3 мингтадан ошгани, сўнгги 3 йил давомида уларда, асосан, юртимизда ишлаб чиқарилган 3 мингга яқин автобуслар, 12 мингта енгил автомобиль фойдаланишга топширилгани, шунингдек, янги автовокзал ва автостанциялар барпо этилгани бунинг ёрқин далилидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев имзо чеккан “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки унда республикамизнинг барча ҳудудида, энг аввало, қишлоқ жойларда автотранспорт хизматлари билан таъминлашни тубдан яхшилаш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилган. Ҳаракатдаги таркибни замонавий автобус ва микроавтобуслар билан янгилаш, йўналишларни оқилона ташкил этиш, йўловчилар ташиш хавфсизлиги чора-тадбирларини кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини шакллантириш, корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш каби масалалар ана шулар жумласидан.  

Айтиш жоизки, шу каби аниқ вазифалар, хусусан, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга йўналтирилган комплекс амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши, тизимли асосда унинг ижросини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш мақсадида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Бунда 2017 — 2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури муҳим омил бўлади. 

Келгуси беш йил давомида соҳада бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар қамраб олинган ушбу дастурда автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини, айниқса, қишлоқ жойларда такомиллаштириш ишларини фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан,  2021 йилгача бўлган даврда 303 та янги йўловчи ташиш йўналишини очиш кўзда тутилган бўлса, шундан 240 таси, бошқача айтганда, 79,2 фоизини шаҳар атрофи ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновлар ташкил этади. 

Шу билан бирга, 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланиш қулай бўлган микроавтобус сотиб олинади. Бундан ташқари, ушбу даврда намунавий лойиҳалар бўйича кўплаб замонавий автостанция-лар, тўхташ бекатлари қурилиб, фойдаланишга топширилиши аҳолига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Қарорда яна бир муҳим жиҳат — амалиётга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Яъни эндиликда автобус ва микроавтобусларнинг ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиш тизими янада такомиллаштирилади. Негаки, ушбу янги технология транспорт воситасининг қайси йўналишда ҳаракатланаётгани, қаерда тўхтагани, ҳаракат тезлиги ва интервали, бекатда турган вақти, охирги бекатга етиб келиш муддати, ҳатто ёнилғи сарфини назорат қилиш имконини беради. Бундан кўзланган асосий мақсад йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашдир. 

Энг муҳими, келгуси 5 йил мобайнида бажариладиган бундай кенг кўламли ишларни молиялаштириш учун 840 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг аҳоли билан веб-сайт, “Ишонч телефонлари” орқали мулоқотининг амалий механизми таъминланиши эса соҳадаги навбатдаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Шоолим ШОВАҲОБОВ, 

Ўзбекистон автомобиль ва

дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn