Ўзбекистон мева-сабзавотлари Куала-Лумпурда намойиш этилди
  • 13 Январь 2017

Ўзбекистон мева-сабзавотлари Куала-Лумпурда намойиш этилди

Малайзия пойтахтида аграр жабҳадаги йирик тадбирлардан бири — Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва агросайёҳлик кўргазмаси (Malaysia Agroculture, Horticulture & Agrotourism  Fair — MAHA) бўлиб ўтди.

Ушбу кўргазма “Бизнинг овқатланишимиз — бизнинг келажагимиз” шиори остида ташкил этилди. Улкан кўргазма майдонида аграр жабҳанинг турли-туман неъматлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган ускуналар намойиш қилинди. Дунёнинг йигирмадан зиёд мамлакатидан келган қарийб 1,5 мингта фермер хўжаликлари ва компаниялар тадбир иштирокчилари бўлишди. 10 кун ичида 3,5 миллиондан зиёд киши мазкур кўргазма билан танишди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон миллий бўлмаси кўргазма қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Қуёшли ўлкамизда етиштирилган маҳсулотлар — қуритилган мевалар, ёнғоқ, шарбат ва бошқа турли ноз-неъматлар миллий бўлмамиз пештахталаридан жой олди.

Шу билан бирга, кўргазма чоғида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари ҳам тақдим этилди. Бунда MAHA кўргазмаси иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган кенг шароитларга ҳамда амалий ҳамкорлик учун мўлжалланган аниқ лойиҳаларга қаратилди. 

MAHA кўргазмаси ташкилий қўмитаси раиси Шариф Абдулазиз ўзбек заминида етиштирилган мева-сабзавотларнинг таъми ва сифатига юқори баҳо берар экан, ушбу тадбирда Ўзбекистон вакиллари қатнашаётганидан мамнун эканлигини маълум қилди. 

— Ўзбекистон Республикаси миллий бўлмаси иштирокчилар ва меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотаётганига гувоҳ бўлдик. Чунки бўлма пештахталарини юқори таъм ва сифатга эга бўлган ранг-баранг маҳсулотлар безаб турибди. Ўзбекистонда меваларни табиий йўл билан қуритиш услубига амал қилинаётгани боис уларнинг ташқи кўриниши киши эътиборини ўзига тортиши билан бирга, маҳсулотларнинг табиий таъми ҳам сақланиб қолади.   

Ҳозирги пайтда Малайзия бозорининг асосий қисмини Туркия ва Эрондан импорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади. Бироқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг таъмга бойлиги ҳамда турли кимёвий ўғитлардан фойдаланилмасдан табиий равишда етиштирилгани ва ишлаб чиқарилгани уларнинг мамлакатимиз бозорида алоҳида ўрин эгаллашини кафолатлайди.

Ўз навбатида, Малайзия федерал ҳудудлар вазирлиги Режалаштириш сиёсати департаментининг бошлиғи Омаири Хашим ҳам мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ҳажми ортишига ишонч билдирди. 

— Ўзбекистон нафақат мева-сабзавотлар экспорти учун, балки Марказий Осиёнинг бошқа бозорларига чиқиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим мамлакат ҳисобланади, — деди у. — Шу боис биз айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни барпо этиш имкониятларини ўрганмоқдамиз. Бундан ташқари, Малайзия  компанияларининг вакиллари амалий алоқаларни йўлга қўйиш учун Ўзбекистонда ўтказиладиган тармоқ ярмаркалари ва кўргазмаларида иштирок этиш истагини билдиришмоқда. 

Шоколад ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Tehmag Foods Corp.” компанияси директорининг ўринбосари Бен Ли ўзбек заминида етиштирилган майизларни Малайзияга олиб келиш ва улардан шоколадлар тайёрлашда фойдаланиш юзасидан аниқ режалари борлигини маълум қилди.  

— Ишончим комилки, ўзаро савдо алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатингиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг -экспорти ҳажмини кенгайтиришга имкон бериши баробарида, ўзбек майизлари биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга ҳам алоҳида таъм бағишлайди, — деди малайзиялик бизнесмен.

«Жаҳон» АА.

Куала-Лумпур

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn